Ота-оналар қайси мактабни танлаяпти?

Авваллари мактаб танлаш деган гап йўқ эди. Ота-оналар уйига яқин бўлган мактабга фарзандини берарди. Мактаблар ҳам деярли бир хил бўларди.

Халқ тилида ўқийдиган бола шароити йўқ мактабда ҳам ўқийверади, деган тушунча бўлиб, бундай қараш ўша замонга мос эди. Аммо энди дунёқараш ўзгарди, мактаблар ҳам замонавийлашди.
Бугун республикамизда давлат умумтаълим мактабларидан ташқари, Президент мактаби, ижод, ихтисослаштирилган ва хусусий мактаблар фаолият олиб бормоқда.
Республика Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони билан ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан ихтисослаштирилган мактаблар очилди.

Вилоятда бугунги кунда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 1 та Президент мактаби, 1 та Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб Самарқанд филиали, 1 та Муҳандислик мактаби ҳамда туман ва шаҳарларда 19 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари фаолият юритмоқда.

Ушбу мактабларга икки босқичли тест синовлари орқали ўқувчилар қабул қилинади. Ўқувчилар инглиз тили ва математика фанларидан имтиҳон топширади. Ихтисослаштирилган мактабларга ўқитувчилар ҳам танлов асосида ишга олинади. Дарс жараёнлари давлат таълим стандартлари асосида олиб борилади. Тушликдан кейин ўқувчиларга қўшимча ва тўгарак машғулотлари ўтилади.

Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг афзаллиги шундаки, ҳар бир синфда 24 нафардан бола ўқийди. Айрим фанларни ўтишда синф ўқувчилари иккига бўлинади, яъни 12 нафардан ўқувчига дарс ўтилади. Бундай мактабларга меъёрдан ортиқ бола қабул қилинмайди. Шунинг учун ҳам ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларининг 100 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга киради. Албатта, натижа яхши бўлгандан кейин ота-оналар биринчи навбатда фарзандини ихтисослаштирилган мактабларда ўқитишни истайди. Ҳар йили ёзда Президент ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари бўлади. Бундай имтиҳонларда талабгорларнинг йилдан йилга ошиб бораётгани фикримизнинг исботидир.

Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларининг ютуқлари ҳақиқатда қувонарли. Масалан, жорий йилда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Самарқанд филиали битирувчилари 73 та миллий сертификат, 8 та IELTS, 7 та SAT сертификатларини қўлга киритган. Мактаб битирувчилари дунёнинг 22 дан ортиқ нуфузли хорижий университетларига қабул қилиниб, жами 2 898 400 АҚШ доллари миқдоридаги грантларни қўлга киритган.

Бошқа ихтисослаштирилган мактабларнинг битирувчилари ҳам ҳар йили 100 фоиз маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга киряпти. Мисол учун, Самарқанд шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати битирувчиларининг 4 нафари,  Паст Дарғом туман 2-сон ихтисослаштирилган мактаб битирувчиларининг 9 нафари максимал 189 балл билан муддатидан олдин талаба бўлган. Шунингдек, ихтисослаштирилган мактаб битирувчиларининг барчасида миллий ёки халқаро сертификатлар мавжуд.

Хусусий мактабнинг афзаллиги нимада?
Президент ва ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинадиган ўқувчилар сони юқорида айтганимиздек саноқли. Бироқ ота-оналар фарзандини яхши таълим берадиган, барча қулайликларга эга замонавий мактабларда ўқитишни истайди. Кейинги йилларда хусусий мактабларнинг кўпайиб бораётгани ҳам шундан далолатдир. Бугун вилоятда 56 та хусусий мактаб фаолият юритмоқда. Уларда ҳам давлат таълим стандартлари асосида дарслар ўтилади. Хусусий мактаблар ўз нуфузини сақлаб қолишга интилади. Айримлари ихтисослаштирилган мактаблар каби ўқувчиларни имтиҳон асосида саралаб олади. Масалан, Самарқанд шаҳрида Oxford international school номли хусусий мактаб битирувчиларнинг 100 фоизи нуфузли хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасаларига ўқишга киради.

Бу йилги мактаб битирувчиларининг барчаси инглиз тилидан IELTS сертификатини қўлга киритган. Шунингдек, битирувчиларнинг 70 фоизида математикадан SAT халқаро сертификати мавжуд.
- 1,5 минг ўринли янги ўқув биномиз ўтган йили ишга тушди, мактабимизда 430 нафар бола таълим олмоқда, - дейди мактаб менежери Шохрух Султонов. – Янги ўқув йилидан бошлаб 1-синфдан 11-синфгача бўлган болаларни ўқишга қабул қиламиз. Бизда 1-синф болалари суҳбат асосида, 5-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар танлов асосида мактабга қабул қилинади. Талабгорлар математика ва инглиз тилидан имтиҳон топширади. Имтиҳондан ўтолмаганлар мактабга қабул қилинмайди.

Хусусий мактабларда ҳар бир синфда 24 нафардан ортиқ бола қабул қилинмайди. Ўқувчилар уйга вазифани мактабнинг ўзида тайёрлайди. Ихтисослаштирилган ва хусусий мактабларда болалар эрталаб соат 08:00 дан 17:00 гача мактабда бўлади. Шунинг учун уларга нонушта, тушлик берилади. Бироқ ҳамма ота-она ҳам фарзандини хусусий мактабда ўқита олмайди. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, хусусий мактаблар асосан шаҳарларда, яъни аҳоли зич жойлашган ҳудудларда очилган. Вилоятимизда хусусий мактаблар асосан Самарқанд шаҳрида ва туман марказларида мавжуд.

Оддий мактабларда ҳам болалар ортиғи билан ўқияпти
Юқоридаги маълумотларга асосланиб, умумтаълим мактаблари бўшаб қоляпти экан, деб ўйламанг. Болалар сонининг йилдан йилга ортиб бораётгани умумий ўрта таълим мактабларининг коэффицентини ошириб юборди. Бугун вилоятда 1278 та умумтаълим мактаблари бўлиб, уларнинг коэффиценти 1,2 фоизни ташкил қилади. Вилоятда 2025 йилда 117 та мактаб 2 ва ундан юқори коэффицентда фаолият олиб борган. Бу дегани, мактаб сиғимидан икки баробар кўп ўқувчи ўқиётганини билдиради.

Табиийки, 2 коэффицентли мактабларда дарслар икки навбатда бўлади. Қўшимча ва тўгарак машғулотларга синфлар етишмайди. Шунинг учун кўпчилик ота-оналар фарзандини дарсдан кейин ўқув марказларга юборади.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида айрим мактаблар ўқувчиларининг яхши натижа кўрсатгани боис машҳур бўлиб кетган. Кўпчилик ота-оналар айнан ўша “машҳур” мактабда фарзандини ўқитишни истайди. Бу истак ортидан баъзи мактабларда бола сони ҳаддан ташқари ошиб кетди. Бу муаммонинг олдини олиш мақсадида кейинги йилларда 1-синфга онлайн қабул жорий этилди. Онлайн қабул дастлаб Самарқанд шаҳрида 2021 йилдан амалга оширилган бўлса, кейинроқ Каттақўрғон шаҳри мактаблари, ўтган йилдан Тойлоқ ва Самарқанд тумани мактаблари онлайн қабулга ўтди. Бугун республикамиздаги 60 фоиз мактабларда онлайн қабул жорий қилинмоқда. Хўш, бу нима дегани?

Ҳар бир мактабнинг ўзига тегишли микроҳудуди бор. Мазкур микроҳудудда яшайдиган болаларнинг ота-оналари онлайн ариза орқали фарзандини мактабга беради. Иккинчи босқичда эса микроҳудуддан ташқаридаги қабул мактабларнинг бўш ўринлари ва имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Бундай тартиб ота-оналарнинг хоҳиш-истакларини бироз чеклайди, яъни улар фарзандини хоҳлаган давлат мактабига бера олмайди. Аммо бундай тартиб ҳам мактабдаги болалар сонини меъёрлаштира олмаяпти. Сабаби, кейинги ўн йилда вилоятда атиги 21 та янги мактаб қурилган. 1-синфга қабул қилинадиган болалар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2025-2026 ўқув йилида вилоятда 52 536 нафар ўқувчи 11-синфни битирган бўлса, янги ўқув йилидан 93 минг нафардан ортиқ бола 1-синфга қабул қилинади. Бу дегани битирувчилар сонининг қарийб икки бараварга яқини 1-синфга келади. 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.