Машинага алмаштирилмаган китоблар

Қишлоғимизда фахрий педагог, қалби маърифат нури билан йўғрилган табаррук инсон — Зайниддин домла яшар эдилар. Болалик ва ўсмирлик йилларимда бу файзли хонадонга тез-тез йўлим тушар, китоб олардим.

Гўё ҳар сафар у ердан қўлимда китоб билан эмас, бутунлай янги бир оламни кашф этган ҳолда қайтардим. Домланинг камтаргина, аммо файзу баракаси аримайдиган хонадони, жавонларга сиғмай терилган китоблари, муборак юзларидаги сокин табассум ҳали-ҳамон хотирамда. Домла китобни ҳеч қачон шунчаки қўлингизга тутқазиб қўймасдилар. Асарнинг мазмуни, муаллифнинг ҳаёт йўли, ижодий олами ҳақида шундай мароқ ва меҳр билан сўзлар эдиларки, уларни тинглаб тўймасдингиз. Китобни ўқиб қайтарганингиздан кейин эса ўқиганларингиз ҳақида сиз билан тенгдошдек фикрлашар, кутилмаган ва теран саволлари билан мушоҳадага чорлардилар. У кишининг ҳузурида ўтган ҳар бир дақиқа — сабоқ, ҳар бир суҳбат эса ҳаёт дарси эди.

Бир куни бу хонадонга маҳалланинг ўзига бино қўйган, мол-дунёси билан мақтанишни хуш кўрадиган бир бойвачча йигит кириб келди. Хонадаги жавонларда тахланиб ётган, йиллар давомида йиғилган минглаб нодир китобларни кўриб, чўнтагидан ўша даврнинг энг ҳавасли улови — янги «Жигули»нинг калитини чиқарди.

Калитни чир айлантириб, домланинг олдига қўйди.

— Домла, келинг, шу уйдаги ҳамма китобларингизни менга беринг. Мана, бу машина сизники бўлади. Калитни олинг-да, маза қилиб миниб юринг! — деди у ўз таклифидан мамнун ҳолда.

Хонада бир зум сукут чўкди.

Атрофдагиларнинг нафаси ичига тушиб, домланинг жавобини кута бошлади. Кимдир бу таклифдан ҳайратга тушди, кимдир устознинг камтарона ҳаётини ўйлаб, ич-ичидан: «Рози бўла қолсалар эди», деб қўйди.

Аммо Зайниддин домла заррача ҳаяжонга тушмади. Хотиржамлик билан йигитга қараб, майин табассум қилди.

— Болам, сен бугун мақтаниб кўрсатаётган бу темир матоҳнинг ҳам умри бор. Вақт ўтиб эскиради, занглайди, бузилади ва охир-оқибат темир-терсакка айланади. Аммо бу китоблардаги илм ҳеч қачон эскирмайди. Унинг қиймати йиллар ўтгани сари ортиб бораверади.

Домла бир лаҳза жавонларга қараб олдилар.

— Мен бутун умримни, ёшлигимни, кучимни ва соғлиғимни шу маънавий хазинани йиғишга бағишладим. Айт-чи, болам, қалбимнинг бир бўлагини қандай қилиб ўткинчи, эрта-индин йўқ бўлиб кетадиган буюмга алмаштираман, — дедилар.

Бу шунчаки рад жавоби эмас эди. Бу — бутун умрини илмга бағишлаган инсоннинг ҳаёт фалсафаси эди. Шу куни хонада ҳозир бўлганлар бир ҳақиқатни яна бир бор англаб етдилар: асл бойлик — қўлдаги мол-дунёда эмас, инсоннинг онгида, маърифатида ва юксак қалбидадир.

Зайниддин домланинг камтаргина уйи аслида қишлоғимизнинг энг бебаҳо хазинахонаси эди. Унинг остонасидан китоб сўраб кирган ҳар бир инсон қўлида илм, қалбида эса зиё билан чиқарди. Йиллар оқар сувдек ўтиб кетди. Ўша пайтда кўз-кўз қилинган «Жигули»лар аллақачон занглаб, темир-терсакка айланди. Уларнинг ўрнини янги-янги, замонавий машиналар эгаллади. Зайниддин домланинг китоблари-чи? Улар ҳали ҳам яшамоқда. У китоблар орқали қалбларга сингган маърифат, ўқилган асарлардан олинган сабоқлар, инсонлар онгига экилган эзгулик уруғлари ҳануз мева бермоқда.

Шуҳрат Нормуродов.