Туризм экспортини ривожлантириш бўйича муҳим таклиф
Давлатимиз раҳбари олти йилдан буён тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни эшитиб, ечимини топишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Ушбу мулоқотлар давомида тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёз ва енгилликлар жорий қилиниб, янги имкониятлар яратиляпти. Бу йилги очиқ мулоқотга ҳам тадбиркорлар томонидан билдирилаётган таклиф ва ташаббусларни ўрганиб, туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор таклифлар тайёрлаяпмиз.
Хусусан, бугунги кунда экспорт қилинаётган деярли барча маҳсулотлар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган. Бироқ экспорт қилинаётган туризм хизматлари учун қўшилган қиймат солиғи тўланмоқда. Шу боис туризм соҳасини рағбатлантириш, хизматлар экспортини кўпайтириш ва Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини халқаро бозорда янада кенг тарғиб қилиш мақсадида хорижий сайёҳларга кўрсатиладиган экспорт туризм хизматларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш таклифини билдирмоқчимиз.
Бундан ташқари, туризм соҳасида транспорт-логистика хизматларини ривожлантириш муҳим масалалардан бири. Бу борада сайёҳларга хизмат кўрсатадиган замонавий транспорт воситаларини янгилаш ва олиб киришда утилизация йиғимидан озод қилиш бўйича ҳам таклиф киритиш ниятимиз бор.
Айни пайтда йилига 10 мингдан ортиқ хорижлик сайёҳга хизмат кўрсатамиз. Асосий туристик бозорларимиз АҚШ, Канада, Хитой, Япония, Жанубий Корея, шунингдек, Европа ва Осиёнинг қатор мамлакатларини қамраб олган. Улар Самарқандга нафақат тарихий обидаларни зиёрат қилиш, балки сўлим табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, маданий дастурларда иштирок этиш ва янги туристик йўналишларни кашф этиш мақсадида ҳам ташриф буюрмоқда.
Бироқ хорижий сайёҳларга сифатли транспорт хизматларини кўрсатиш, айниқса, гуруҳли ва махсус туристик йўналишларда хизмат кўрсатиш учун мавжуд имкониятлар етарли эмас. Шу билан бирга, Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар оқими йилдан-йилга ортиб бораётгани соҳада инфратузилмани ҳам шунга мос равишда ривожлантиришни тақозо этмоқда.
Шунинг учун ушбу таклифлар қўллаб-қувватланса, туризм хизматларининг рақобатбардошлиги ошади, хорижий сайёҳлар учун янада қулай шароит яратилади, хизматлар экспорти ҳажми кўпаяди ва янги иш ўринлари яратилишига кенг имконият очилади.
Толиб Жаҳонгиров,
Самарқанд шаҳридаги “Shahrezada Sam Star Tour Discover” туристик компанияси раҳбари.