Москвага ҳужумлар кучаймоқда: қурбонлар бор, энг йирик Wildberries омбори йўқ қилинди
16 август куни Украина Москва ва Москва вилоятига оммавий дрон ҳужумини амалга оширди. Ҳужум оқибатида Подольск яқинидаги Коледино ҳудудида жойлашган Wildberries’нинг йирик логистика мажмуасида кучли ёнғин чиқди.
Бу компания мажумаларига биринчи зарба эмас. Москва вилоятидаги Домодедово ҳудудида жойлашган компаниянинг яна бир логистика объекти ҳам зарарланган. Украина Мудофаа вазирлиги эса Россиядаги Wildberries’нинг 10 та йирик логистика марказидан 7 таси ишдан чиқарилганини билдирди.
Дронлар ҳужуми сабаб Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортларида парвозлар вақтинча чекланди. Россия Мудофаа вазирлиги бир кечада 200 дан ортиқ дрон уриб туширилганини маълум қилди.
Россиянинг Белгород областида қурбонлар ҳақида хабар берилди. Колосково шаҳрига ракета зарбаси оқибатида 6 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани, яна 4 киши, жумладан 14 ёшли ўсмир жароҳатлангани айтилмоқда.
Шу билан бирга, Россиянинг Киевга қилган навбатдаги ҳаво ҳужуми оқибатида шаҳарнинг йирик китоб бозорларидан бири ёнди. Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларида ҳам тинч аҳоли орасида қурбонлар ва жабрланганлар борлиги хабар қилинган.
Ҳужумлар фонида Европа Иттифоқи Россияга қарши 22-санкциялар пакетини тайёрламоқда. ЕИ ташқи сиёсати раҳбари Кая Калласнинг айтишича, янги пакет 2022 йилдан бери энг йирик санкциялар тўплами бўлади.
Гулнора Холдорова тайёрлади.