Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳаллаларда нима гап?
Вилоятимиздаги 28 та маҳаллага «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла» мақоми берилган. Уларнинг ҳар бирига 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилган.
Биз Жомбой туманидаги Ғазира ва Эски Жомбой маҳаллаларида бўлиб, ушбу дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдик.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Жомбой тумани бўлими етакчи мутахассиси Жасур Ўриновнинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг «Алоҳида туман ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида тумандаги Ғазира ва Эски Жомбой маҳаллаларига «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла» мақоми берилган. Бунда туташ маҳаллаларни боғловчи марказ вазифасини бажарадиган, йирик автомобиль йўллари ёки чегара ҳудудларига яқин жойлашган, аҳолиси зич ва кўп, инфратузилмаси тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай бўлган ҳудудлар имконияти ҳисобга олинган. Айни пайтда мазкур маҳаллаларда ички йўлларни асфальтлаш, пиёда ва саломатлик йўлакларини барпо этиш, электр энергияси, ичимлик суви ва суғориш тармоқларини яхшилаш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш ишлари бошланган.
«Ғазира» сўзи араб тилидан олинган бўлиб, «сувли, обод жой» деган маънони билдиради. Қадимда Буюк ипак йўли Ғазира қишлоғидан ўтган бўлиб, карвонлар шу ерда дам олиб, савдо-сотиқ ишларини амалга оширган. Шу боис бу жой «Ғазира бозори» деб аталган. Ҳозир ҳам ҳудудда шу ном билан аталадиган деҳқон бозори мавжуд бўлиб, маҳалла номи шу тарихий номдан келиб чиққан. Маҳалла туман марказидан 15 километр узоқликда жойлашган. Унинг таркибида тўртта қишлоқ бўлиб, 5 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди.

– Маҳалламиз марказлашган ҳудуд бўлиб, тўртта маҳаллани боғлайди ва Ғазира деҳқон бозорига тумандаги 12 та маҳалла аҳолиси келади, – дейди Ғазира маҳалласи раиси Зариф Нормаматов. – Аҳолининг асосий даромади деҳқончилик ва чорвачилик. Бу йил Президентимиз қарорига мувофиқ, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантириш қўшимча драйвер сифатида белгиланмоқда. Дастур доирасида 2,5 километр ички йўлларни таъмирлаш, 1,6 километр пиёдалар йўлаги қуриш, 2,5 километр электр тармоғи тортиш, 3 та янги трансформатор, 110 та тунги ёритиш чироғи ўрнатиш, 1 та сув иншооти қуриш, 9,2 километр ичимлик суви тармоғи тортиш ҳамда 1 та суғориш қудуғи ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозирда ишлар бошланган бўлиб, узоқ йиллардан буён аҳолини қийнаб келган ичимлик суви муаммосини бартараф этиш мақсадида сув тармоқлари тортиляпти. Натижада 200 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланиб, аҳоли учун қулай инфратузилма яратилмоқда.

– Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини маҳалламиз мисолида ҳам кўряпмиз, – дейди Ғазира маҳалласида яшовчи нуроний Илёсхон Аҳроров. – Албатта, бу ўзгаришларга фуқароларимиз бефарқ эмас.Тадбиркорларимиз ҳомийлигида ва маҳалла аҳли кўмагида кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалламизда 13 километр ички йўллар шағаллаштирилди, 11 та бекат ташкил этилди ва спорт майдончаси барпо қилинди. Ғазира марказий ўйингоҳига ўриндиқлар, ёритиш чироқлари ҳамда 6 та темир-бетон устун ўрнатилди. Айни пайтда кутубхона ва Шайх Худойдоди Валий мажмуаси ҳудудида ҳам қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Эски Жомбой маҳалласи раиси Мирзоаҳмад Раҳматовнинг таъкидлашича, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасида маҳалла марказини ташкил этиш, яшил хиёбон ва пиёдалар йўлакларини қуриш, 120 та хонадоннинг 14,4 гектар томарқасида суғориш тизимини яхшилаш ва бошқа қурилиш-таъмирлаш ишлари бош пудратчи ташкилот “Шуҳрат қурувчи нур” томонидан амалга оширилади ва ишлар энди бошланади.
– Ўн йилдан буён маҳалламиз ўз биносига эга эмас ва ижара асосида турли биноларда ишлаб келяпмиз, – дейди Мирзоаҳмад Раҳматов. – Суғориш тизими, йўллар, пиёдалар йўлаклари ва электр энергияси билан боғлиқ муаммолар узоқ йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган эди. Йил бошида маҳалламиздаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, 200 метр йўлга асфальт ётқизилди, 150 метр лоток, 28 дона қуёш панелли тунги ёритиш чироғи, 19 дона таянч темир-бетон устун ва 1 та трансформатор ўрнатилди. 200 метр пиёдалар йўлаги барпо этилиб, 3720 дона мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Бу эзгу ишларнинг давоми сифатида маҳалламизда 3 километр ички йўлларни таъмирлаш, 2,1 километр пиёдалар йўлаги қуриш, 2,7 километр электр тармоғини тортиш ва 4 та янги трансформатор, 109 дона тунги ёритиш чироғи ўрнатиш ҳамда маҳалла биносини қуриш режалаштирилган. Шу билан бирга, маҳаллада 56 та хонадоннинг ташқи қисми таъмирланади, 16 кўчада 1500 дан ортиқ дарахт кўчатлари экилади.

Ғазира ва Эски Жомбой маҳаллаларида амалга оширилаётган ишлар нафақат ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, балки аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, лойиҳаларни тўлиқ ва сифатли амалга ошириш, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ҳамда ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик ва мутасаддилар назорати ўрнатилган.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.