Сунъий интеллект альцгеймерни 10 йил олдин башорат қила олади

Альцгеймер касаллиги шунчаки унутиш эмас. Бу гўёки аста-секин сўниб бораётган шам - инсон аввал кечки овқатда нима еганини унутади, сўнгра ўз уйининг манзилини адаштиради, ниҳоят, энг яқин фарзандининг юзини танимай қолади...

Бу касаллик нафақат беморнинг ўзига, балки унинг атрофидаги барча оила аъзоларига оғир синовдир. Бу дарднинг дастлабки белгиларини билиб олсак, унинг олдини олиш мумкинми? Миямизни эскиришдан ҳимоя қила оламизми?
Бугунги кунда альцгеймер касаллиги нафақат тиббий, балки ижтимоий муаммога айланиб бормоқда Аста-секин кириб келадиган бу дард инсонни аввало хотирасидан, сўнгра ўз-ўзига бўлган ишончидан, ниҳоят, шахсиятидан маҳрум қилади.
Альцгеймер касаллиги - бу марказий нерв тизимининг прогрессив нейродегенератив касаллиги бўлиб, у ақлий қобилиятларнинг аста-секин пасайишига олиб келади. Ушбу касаллик кексалик деменцияси (ақлдан озиш)нинг энг кенг тарқалган сабаби бўлиб, барча деменция ҳолатларининг 60-80 фоизини ташкил қилади.

Бу касалликка кимлар кўпроқ чалинади?
Касалликнинг тарқалиши ёшга боғлиқ равишда ортади:
·   65-74 ёш оралиғида: тахминан 5 фоиз;
·   75-84 ёш оралиғида: тахминан 13 фоиз;
·   85 ёш ва ундан катталарда: тахминан 33 фоиз.
Касаллик аёлларда кўпроқ учрайди, бу қисман уларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги узунроқ бўлиши билан боғлиқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, сайёрамизда ҳар 3 сонияда бир киши альцгеймер касаллигига чалинади.
Касалликка қайси омиллар сабаб бўлади?
·   Генетик омиллар: айрим генлардаги мутациялар касалликнинг 65 ёшгача бошланишига сабаб бўлиши мумкин.
·   Кексалик: касаллик ривожланиши учун энг муҳим хавф омилидир.
·   Турмуш тарзи ва атроф-муҳит: юқори қон босими, қандли диабет, қонда холестерин миқдори юқорилиги ва чекиш касаллик ривожланиш хавфини оширади.
·   Бошқа омиллар: бош мия жароҳатлари, уйқунинг етишмовчилиги, жисмоний фаолликнинг пастлиги.

Альцгеймер касаллигининг қандай белгилари бор?
Альцгеймер касаллиги аста-секин, сезилмасдан бошланади ва белгилар вақт ўтиши билан оғирлашиб боради.
Касалликнинг эрта белгилари кўпинча эътибордан четда қолади:
·   Яқинда бўлган воқеаларни унутиш: ҳозиргина еган овқатини эслолмаслик, бир хил саволларни қайта-қайта бериш.
·   Сўз топишда қийинчилик: нутқда тўхтаб қолиш, нарсаларнинг номини ёддан чиқариш.
·    Кундалик вазифаларни бажаришда муаммолар: одатдаги ишларни бажариш қийинлашиши.
·   Буюмларни адаштириб қўйиш ва уларни топа олмаслик.
·   Вақт ва жойни аниқлашда қийинчилик.
Касалликнинг кейинги босқичларида қуйидаги белгилар кузатилади:
·   Шахсият ва хулқ-атворнинг ўзгариши: бефарқлик, асабийлик, агрессивлик.
·   Нутқ ва мулоқот қобилиятининг йўқолиши.
·   Вақт ва жойни тўлиқ адаштириш: ўз уйида бўлса-да, қайсидир жойга боргиси келиш.
·   Оила аъзоларини танимаслик.
·   Ўз-ўзига хизмат қилиш қобилиятининг тўлиқ йўқолиши - бемор доимий парваришга муҳтож бўлиб қолади.

Касалликка қандай ташхис қўйилади?
·   Неврологик текширув ўтказади.
·   Психологик тестлар (ақлий ҳолатни баҳолаш) ёрдамида хотира ва бошқа ақлий қобилиятларни текширади.
·   Бош миянинг компьютер томографияси (КТ) ёки магнит резонанс томографияси (МРТ) текширувлари орқали миядаги ўзгаришлар аниқланади.

Альцгеймер касаллигининг давоси борми?
Ҳозирги кунда Альцгеймер касаллигини тўлиқ даволай оладиган дори воситаси мавжуд эмас. Мавжуд даво усуллари касалликнинг ривожланишини секинлаштириш ва симптомларни енгиллаштиришга қаратилган. Турли хил  хотира ва фикрлаш қобилиятини яхшилашга қаратилган, руҳият ва хулқ-атвор бузилишлари учун антидепрессант дорилар буюрилиши мумкин.

Касалликка чалинганларга қандай ёрдам бериш мумкин?
·   Когнитив тренинглар (фикрлаш ва хотирани ўстириш учун машқлар) ўтказиш орқали;
·   Психологик қўллаб-қувватлаш орқали;
·   Жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланишга йўлга қўйиш орқали;
·   Ижтимоий фаолликни сақлаш ва яқинларнинг ғамхўрлиги беморлар учун жуда муҳимдир.
Касалликнинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?
·   Мунтазам жисмоний машқлар қилиш.
·   Соғлом ва мувозанатли овқатланиш (сабзавотлар, мевалар, донли маҳсулотлар, ёғли балиқларни кўп истеъмол қилиш).
·   Мияни фаол ушлаш: китоб ўқиш, шахмат ўйнаш, янги нарсалар ўрганиш каби фаолиятлар.
·   Ижтимоий фаол бўлиш: одамлар билан мулоқотда бўлиш, турли тадбирларда иштирок этиш.
·    Юқори қон босими, қандли диабет ва холестеринни назорат қилиш.
·    Спиртли ичимликлар ва чекишдан воз кечиш.
·    Етарли ва сифатли уйқу керак.

Сунъий интеллект альцгеймер  касаллигини олдиндан айта оладими?
Сунъий интеллект алцгеймерни 10 йил олдин башорат қила олади, деган фикр илмий асосга эга бўлиб, бу соҳада фаол тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ҳозирда сунъий интеллект турли хил маълумотларни таҳлил қилиб, касалликнинг эрта белгиларини аниқлашга ёрдам беради. Сунъий интеллект дастурлари электрон соғлиқни сақлаш ёзувлари маълумотларини таҳлил қилиш орқали хавфни баҳолайди. Гарчи бу технологиялар ҳали кенг қўлланилмаётган бўлса-да, улар касалликни эрта босқичда аниқлаш ва профилактика чораларини кўриш учун жуда истиқболли технология ҳисобланади.

Аҳмад Нуриддинов,
Самарқанд давлат тиббиёт университети эпидемиология кафедраси катта ўқитувчиси.