Аҳолига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш нега кечикяпти?
Кейинги вақтларда аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш муддати 45 кундан 60–70 кунгача чўзилмоқда. Хўш, тасдиқланган жадвал асосида аҳолига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш муддати нега кечикмоқда, бунга қандай омиллар сабаб бўляпти?
Ушбу саволлар билан «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали масъулларига мурожаат қилдик.
– Аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда кечикишлар кузатилаётгани рост ва бунинг сабаблари бор, – дейди «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиалининг маҳалла истеъмолчиларини суюлтирилган газ билан таъминлаш бўлими бошлиғи Маъруф Пардаев. – Шу йилнинг апрель–июль ойларида “LUKOIL Uzbekistan Operating Company” томонидан аҳоли учун суюлтирилган газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилгани ҳамда ишлаб чиқариш заводларида режали таъмирлаш ишлари олиб борилгани сабабли Самарқанд вилоятига ойига ўртача 4900 тонна суюлтирилган газ ажратилган. Шу боис истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш даврийлиги 65–67 кунни ташкил этмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг телеграм гуруҳлари орқали аҳолига маълумот бериб борилмоқда. Ишлаб чиқариш заводлари тўлиқ қувватда ишлай бошлагандан сўнг Самарқанд вилояти учун ойлик ажратма 7500–7600 тоннага етказилади. Бу эса суюлтирилган газ етказиб бериш даврийлигини 40–45 кунгача қисқартириш имконини беради. Шунингдек, жорий йил август ойидан бошлаб вилоятимиз учун ойлик суюлтирилган газ фонди 6700 тоннага оширилди.
Маълум қилинишича, газ таъминоти барқарорлашиши билан аҳолига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш тасдиқланган жадвал асосида босқичма-босқич йўлга қўйилади. Аввало, навбати келган маҳаллаларга етказиб бериш таъминланиб, даврийликни қисқартириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, аҳолидан газ баллонларини навбатдан ташқари олишга уриниш ёки турли воситачилар орқали мурожаат қилишдан тийилиб, етказиб бериш жадвалига амал қилиш сўралмоқда. Агар жадвал бўйича етказиб бериш муддати бузилса ёки бошқа муаммолар юзага келса, истеъмолчилар ҳудудий газ таъминоти бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.
Фазлиддин Рўзибоев.