“Қаерга борсанг бор, газбаллон йўқ”: Тойлоқда истеъмолчи уч ойдан бери суюлтирилган газ учун маиший газбаллон ололмаётганини айтмоқда
Мен Тойлоқ тумани Найман маҳалласи яшайман. 11 январь куни “Тойлоқтумангаз”га суюлтирилган газ баллон ажратиб бериш тўғрисида ариза топширдим. “Ҳужжатда камчилик бор”, деб қайтаришди. 16 январь куни ҳужжатларни тўғирлаб Мирзоҳид ҳамда Комил исмли ходимларга топширдим. Бу сафар ҳужжатларим тўғри эканини айтишди, аммо рўйхатга олишмади. “Газ баллон 20 январгача келади телефон килиб сўраб тур”, деб қайтариб юборишди.
Шундан буëн телефон қиламан, газ баллон йўқ деб жавоб қилишади. 24 март куни яна бордим, “сен ҳужжат бермагансан, сени ҳозир кўриб турибман”, дея қўпол муомалада бўлди. Тегишли жойга бораман десам “қаерга борсанг бор”, деб айтишди.
Таҳририятдан: Бу Тойлоқ туманидан мурожаат қилган Тўлқин Абдуллаевнинг таҳририятга хати мазмуни. Битта маиший газбаллон учун фуқаронинг уч ой сарсон бўлиши очиғи, бизни ҳам ҳайрон қолдирди. Ўйлаймизки, тегишли ташкилотлар ҳолатни тез орада ўрганиб чиқишади.