Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ҳудудгаз Самарқанд”: Йил давомида эҳтиёжманд хонадонларга 19,5 мингта газ баллон етказиб берилади

Вилоят Матбуот уйида журналистлар учун ташкил этилган анжуманда “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали директори Ансор Муҳаммадиев вилоят аҳолисини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Бугунги кунда вилоятдаги 813,7 минг хонадоннинг 315,3 мингтаси табиий, 809 та маҳаллада истиқомат қилувчи қарийб 500 мингга яқин аҳоли хонадонлари маиший газ баллонлари билан таъминланган.

2021 йилда 11 километр газ тармоқлари тортилиб, Самарқанд шаҳридаги 33 та маҳаллада жойлашган 16 830 хонадон ва 12 та ижтимоий соҳа объектининг газ таъминоти яхшиланди. Шунингдек, Каттақўрғон шаҳридаги кўп қаватли уйларни табиий газ билан таъминлаш мақсадида 6,5 километр янги газ тармоғи тортилди.

- Жорий йилда Самарқанд газ тўлдириш станциясида реконструкция ишларини якунлаб, қувватини янада оширишни режалаштирганмиз, - дейди Ансор Муҳаммадиев. – Хусусан, Ургут туманидаги тадбиркорлар хизматидан фойдаланиш мақсадида 5 та замонавий колонкалар ўрнатилиб, 14 та газ баллон ташийдиган автотранспортлар олиб келинади. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги “Номозгоҳ”, “Мулиён” маҳаллаларида 2 километр тармоқ тортилади, Гулобод шаҳарчасига янги газ компрессор ўрнатилиб, 18 километр янги газ тармоғи қурилади.

Жорий йилда Қўшработдаги газ тўлдириш пунктида газ баллонларни синовдан ўтказиш ва таъмирлаш маркази ташкил этилади. Самарқанд газ тўлдириш иншоотида 3 дона 100 метр/куб газ сақлаш сиғими ўрнатилади. Йил давомида эҳтиёжманд хонадонларга 19 502 та газ баллон етказиб бериш кўзда тутилган.

Матбуот анжумани иштирокчилари Самарқанд туманининг Нурафшон маҳалласида аҳоли хонадонларига “ақлли” газ ҳисоблагич ўрнатиш жараёни билан танишдилар.

- Ўтган йили 6200 та, жорий йил эса 1800 та хонадонга электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатиб бердик, - дейди “Сарварбек-Оғабек” МЧЖ раҳбари Элбек Асқаров. - Бригадамиз усталари Самарқанд шаҳридаги Амир Темур маҳалласида, шунингдек, Сўғдиёна, Сартепа массивларидаги кўп қаватли уйлардаги хонадонларга газ ҳисоблагич ўрнатилмоқда.

Шунингдек, журналистлар Пайариқ туманида жойлашган газ тақсимлаш станцияси фаолияти билан танишди. 

Дилмурод Тўхтаев.