Вилоят ҳокими ёшларнинг мурожаатларини эшитди
Адиз Бобоев Самарқанд шаҳрида ўзига бириктирилган, оталиққа олинган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашув давомида ёшларнинг муаммолари, уларни қийнаётган масалалар ҳамда келгусидаги режалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот жараёнида ёшлар бандлик, таълим олиш, тиббий ёрдам, касб-ҳунар ўрганиш ва тадбиркорликни йўлга қўйиш масалаларида мурожаат йўллади.
Жумладан, Наталя Камолова “OK Taхi” МЧЖда оператор бўлиб ишлашини айтиб, фарзанди тарбияси билан вақтида шуғулланиш ва масофадан ишлаш имкониятига эга бўлиш учун ноутбук сўради. Сабина Ражаббоева жарроҳлик операцияси харажатларини қоплаб беришни айтган бўлса, Руслан Харин яшаш шароити оғирлигини билдириб, ишга бориб-келиш учун велосипед кераклигини маълум қилди. Шунингдек, ишга жойлашиш, тил ўрганиш ва ўқув марказларида таҳсил олиш масалалари бўйича ҳам мурожаатлар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат тингланиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли масъул ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берилди.
Учрашув якунида вилоят раҳбари оталиққа олинган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш муҳим вазифа эканини таъкидлади.
– Ҳар бир ёшнинг муаммоси эътибордан четда қолмайди. Уларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллигини ошириш ишлари давом эттирилади, – деди А.Бобоев. – Яъни, ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга жалб қилиш, имтиёзли кредит ва субсидия имкониятларидан самарали фойдаланишини таъминлаш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалалари доимий равишда диққат-марказимизда бўлиши шарт.