Бир аср аввал Туркистонда 8 мингга яқин мактаб ва мадраса фаолият юритган
Бу ўлкамиз аҳолисининг саводхонлик даражаси юқори бўлганини кўрсатади
Илм – инсоннинг дунёқарашини кенгайтирувчи, унга мустақил фикрлаш, янгича қарор қабул қилиш ва замон талабларига мос яшаш имконини берувчи асосий мезон. Илмли миллат фақат таълим тизимидаги алоҳида йўналишгина эмас, балки давлатнинг иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳаларида ҳам ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Айниқса, бугунги глобаллашув ва ахборот асрида билимнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Замонавий технологияларни ўзлаштириш, рақамли иқтисодиётда иштирок этиш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш учун аввало, илмли авлод керак шаклланиши керак.
Илму ирфон – қонимизга синган қадрият
Халқимиз наздида азалдан илмлилик, инсоннинг энг гўзал ва эъзозли фазилатларидан бири сифатида қадрланган. Чунки билим фақат ўқиш ва ёзиш малакаси эмас, балки маънавият, зеҳн ва жамият тараққиётининг асосий мезони ҳисобланади. Шу боис юртимиз тарихидаги улуғ мутафаккирлар, сўз санъаткорлари ва маърифат пешволари савод масаласига алоҳида урғу беришган.
Жумладан, ҳазрат Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Лисон ут-тайр” асарларида тил, маъно ва маърифатнинг чуқур ифодаси орқали илм-маърифатнинг инсон камолотидаги аҳамияти ёритилган. Мунис Хоразмийнинг асарларида ҳам ёш авлодга савод ўргатишнинг аҳамияти, унинг замон ва тараққиёт учун зарурлиги ифода этилган. У ўз даврининг педагог олимларидан бири сифатида, болаларнинг хат-савод чиқариши ва илм ўрганишини осонлаштириш мақсадида «Саводи таълим» асарини ёзган. Мазкур рисолада ўқиш ва ёзишни тез ҳамда самарали ўрганиш, чиройли хат ёзиш кўникмаларини эгаллаш, ҳуснихатга оид масалаларга эътибор қаратилган. Асарда тил, ёзув ва ҳуснихатнинг жамият ҳаётидаги ўрни, айниқса, маънавий бойликни келажак авлодга етказишдаги аҳамияти чуқур ёритиб берилган. Бу асарлар, умуман олганда, аждодларимизнинг асрлар давомидаги қарашлари ва интилишларини намоён этади. Шундай бўлса-да, собиқ иттифоқ даврида сиёсий қарашларнинг нохолислиги ҳамда миллий камситиш руҳидаги ёндашувлар асосида Туркистон ўлкаси аҳолисининг саводхонлиги масаласида сохта ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган хулосалар берилган. Аслида, сўнгги даврда ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, 1913 йилда Туркистон ўлкасида 7 минг 665 та мактаб ва мадраса фаолият юритган. Бу рақамлар, айрим манбаларда қайд этилганидан фарқли ўлароқ, ўлкамиз аҳолисининг саводхонлик даражаси анча юқори бўлганини кўрсатади.
Халқаро тадқиқот платформалари маълумотига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда саводхонлик даражаси 100 фоизни ташкил этмоқда. Ҳисоботда таъкидланишича, умумжаҳон саводхонлик даражасига эришишда Ўзбекистон ҳукумати ҳамда таълим соҳаси ходимларининг муҳим ҳиссаси алоҳида эътироф этилган.
Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасига ажратиладиган маблағлар 7 баробарга оширилди. Бу ўзгаришлар самараси ўлароқ, хусусий сектор билан ҳамкорликда боғчалардаги ўринлар сони икки ярим миллионга етди ва қамров даражаси 78 фоизгача оширилди. Айни вақтда мамлакатимизда 7 мингта давлат боғчаси ва 32 минга яқин хусусий боғча фаолият кўрсатмоқда. Ҳақиқатан, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори мамлакатимизда таълим ва тарбияга устувор вазифа сифатида ёндашилмоқда. Таълим тизимининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашга қаратилган мустаҳкам занжир яратилди. Ўтган давр мобайнида мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилди ва тизим тўлиқ трансформация қилинди. Боланинг боғчадан мактабни битиришига қадар бўлган жараёнида миллий қадриятларимизга таянган тарбия, замонавий билим ва кўникмаларга асосланган таълим, ёшларнинг қизиқишлари ва иқтидорига қараб селекция қилиш бўйича самарали тизим яратилди.
Бу эса болаларнинг изчил ва босқичма-босқич равнақ топиши, уларда илк ёшданоқ мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, таълим соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатига муносиб баҳо бериш ҳамда ижтимоий мақомини ошириш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда. Жумладан, малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устама жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош оляпти. Боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга оширилиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглаштирилди. Бу орқали мактабгача таълим тизимида меҳнат қилаётган педагогларнинг нуфузи янада ошиши кутилмоқда. Янги ўқув йилидан бошлаб мактаб директорлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда боғча мудираларининг иш ҳақи сезиларли тарзда кўтарилиб, уларнинг маоши 7–10 миллион сўмдан ошди.
Бундай чора-тадбирлар таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг нуфузини юксалтириш, ёш авлоднинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашига замин яратмоқда. Шу билан бирга, таълим муассасаларининг инновацион ривожланиши, замонавий ўқув дастурлари ва педагогик ёндашувларни жорий этиш учун зарур шарт-шароитлар шакллантирилмоқда. Бу ёндашув, биринчи навбатда, педагог кадрларнинг тажрибасини ошириш, таълим соҳасидаги энг илғор методика ва инновацияларни ўзлаштиришга хизмат қилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, соҳадаги кенг қамровли ислоҳотлар келажакда Ўзбекистон таълим тизимининг халқаро стандартларга мос равишда ривожланишини, сифат ва рақобатбардошлигини оширишни таъминлайди. Бу жараён мамлакатимизда ёш авлодни тарбиялаш ва инсон капитали салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Илмнинг илдизи – саводхонлик тушунчаси ҳам муайян вақт мувозанатида жамият тараққиётининг ижтимоий, сиёсий, илмий, маданий ва руҳий жараёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда ўз маъно-моҳиятини кенгайтириб бораверади. Шу нуқтаи назардан, бугун Ўзбекистонда ёшлар ва катталар ўртасида турли йўналишларда саводхонликни оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, молиявий саводхонликни ривожлантириш, замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш, тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш каби масалалар жамият ҳаётида устувор аҳамият касб этмоқда. Саводхонликнинг бу янги қирралари аввало, замон талаби ва ҳар бир фуқаронинг ривожланиш йўлидаги билим, балки тўғри қарор қабул қилиш, имкониятларни англаш ва ҳаётда муваффақиятга эришиш гаровига айланмоқда.
Муҳими, ҳозирги глобал рақобат ва тезкор ўзгаришлар даврида саводхонликнинг замонавий йўналишларини эгаллаш инсоннинг келажак йўлидаги энг асосий капитали бўлиб, жамият тараққиётининг стратегик омили сифатида намоён бўлаётир. Шу жиҳатдан, унинг моҳияти шахснинг танқидий ва креатив фикрлай олиши, тўғри қарор қабул қилиши, ахборотни саралаб, ундан самарали фойдаланиш қобилияти билан белгиланади. Бундай компетенциялар ҳар бир фуқарога шахсий ривожланиш, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этиш имконини яратиш билан бирга, давлат ва жамият учун барқарор тараққиёт, инновацион салоҳият ва глобал рақобатбардошликни таъминлайди. Шу маънода, саводхонлик масаласи янги даврда илмли ва маърифатли авлодни вояга етказиш, миллатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва миллий тараққиёт стратегиясини амалга оширишда беқиёс аҳамиятга эга. Зотан, асрлар давомида юртимизда сайқал топган илмлилик, маърифатлилик келгусида ҳам Янги Ўзбекистоннинг изчил тараққиётида ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашида муҳим стратегик омил сифатида намоён бўлаверади.
Шуҳрат НОРМУРОДОВ.