Самарқандда “VoiceUp – 2026” инклюзив ёшлар оромгоҳининг вилоят босқичи бўлиб ўтмоқда
Мазкур лойиҳа имконияти чекланган ёшларни жамиятга интеграция қилиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва тенг имкониятлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
- “VoiceUp – 2026” инклюзив ёшлар оромгоҳининг вилоят босқичида жами 50 нафар иштирокчи қатнашмоқда, - дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси шуъба мудири Низомиддин Одилов. – Улар турли шаҳар ва туманлардан саралаб олинган бўлиб, фаол, ташаббускор ва иқтидорли ёшлардан иборат. Иштирокчилар орасида имконияти чекланган ёшлар ҳам бўлиб, бу эса тадбирнинг инклюзив характерини янада мустаҳкамлайди.
Тадбир доирасида иштирокчилар учун маънавий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатлари, психологик ва мотивацион тренинглар, лидерлик ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантириш машғулотлари, интерактив семинарлар ва мастер-класслар, ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тақдим этиш каби дастурлар уюштирилди.
Шунингдек, тадбир доирасида вилоятдаги мактаб-интернатлар ўқувчилари томонидан қўл меҳнатида бажарилган ишларга бағишланган кўргазма ташкил этилди. Кўргазмада сопол буюмлар, кашта, расм, мунчоқдан ясалган маҳсулотлар намойиш этилди.
- Мактаб-интернатимизда ўқувчиларни қўл меҳнати асосида турли буюмлар ясашга ўргатамиз, - дейди Самарқанд шаҳридаги 62-махсус мактаб-интернати технология фани ўқитувчиси Лобар Юсупова. – Ўқувчиларни келажакда бирор касб эгаси бўлишига ёрдам берамиз. Бугун буюртма асосида турли ташкилотларга ўқувчилар чойшаб ва дастурхонлар тикиб беряпти.
- Мактаб-интернатимизда махсус оёқ кийим тикадиган цех бор, - дейди Самарқанд шаҳридаги 60-сонли “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати 9-синф ўқувчиси Сардорбек Лапасов. – Цехда бизга оёқ кийим тикишни ўргатишди. Биз буюртма асосида турли корхона ва ташкилотларга ўз маҳсулотларимизни етказиб беряпмиз.
Мазкур тадбир иштирокчиларнинг шахсий ривожланиши, ижтимоий фаоллиги, мустақил фикрлаши ва мулоқот кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилди.
“VoiceUp – 2026” инклюзив оромгоҳи нафақат дам олиш, балки таълимий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган комплекс дастур сифатида ёшларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини оширди. Лойиҳа доирасида яратилган имкониятлар иштирокчиларнинг келгусида жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги асосида энг сара ёшлар танлаб олиниб, лойиҳанинг кейинги босқичларида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.