Фермерлар Хитой тажрибасини ўрганди

Илғор фермер хўжаликлари раҳбарларини хорижий давлатлар тажрибаси билан таништириш орқали соҳада инновацион ёндашувларни жорий этиш мақсадида республикамиздаги 70 дан ортиқ фермерлардан иборат делегация Хитой Халқ Республикасига хизмат сафарига юборилди.

Сафар давомида пахтачилик ва ғаллачилик соҳаларида ушбу мамлакатда қўлланилаётган замонавий агротехнологиялар, юқори ҳосилдор ва иқлимга мос навлар селекцияси, сув ва ресурсларни тежашга қаратилган инновацион ечимлар, шунингдек, қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш, дрон ва сенсор технологияларидан фойдаланиш амалиёти чуқур ўрганилди. Бу жараёнлар фермерлар учун фақат назарий билим эмас, балки амалий кўникмаларни шакллантиришга ҳам хизмат қилди.

Делегация аъзолари Пекин шаҳрида жойлашган Хитой қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ҳамда Пекин қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги фанлари академиясида ташкил этилган махсус ўқув курсларида иштирок этдилар. Ушбу ўқув дастурлари доирасида юқори ҳосилдор, касалликларга чидамли навлар, сув танқислиги шароитида самарали суғориш усуллари, ўғитларни аниқ меъёрларда қўллаш, ер унумдорлигини сақлаш ва ошириш ҳамда рақамли мониторинг тизимлари кенг ёритилди. Айниқса, Хитой тажрибасида илмий тадқиқот натижаларини тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришга жорий этиш механизмининг мукаммал йўлга қўйилгани фермерлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, делегация аъзолари Шандун провинциясида ҳам бўлиб, ушбу ҳудудда қишлоқ хўжалиги индустриал асосда, юқори технологиялар ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тизими орқали ривожланаётгани билан яқиндан танишди. Замонавий трактор ва комбайнлар, юқори унумли йиғим-терим техникаси, сенсор ва дронлар орқали экинларни мониторинг қилиш, томчилатиб ва микро-суғориш тизимларини жорий этиш амалиёти чуқур таҳлил қилинди. Бу тажриба қишлоқ хўжалигида техника ва технологияларни комплекс жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш билан бирга ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли даражада қисқартириш мумкин.

Ўрганилган тажрибаларни Ўзбекистон шароитига мослаштириб жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ресурс тежовчи технологияларни кенг қўллаш, қишлоқ хўжалигида рақамлаштиришни босқичма-босқич йўлга қўйиш, илмий муассасалар ва фермер хўжаликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Шандун провинциясида қўлланилаётган техника ва ускуналарни маҳаллий ишлаб чиқариш ёки импорт қилиш имкониятларини ўрганиш мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Ўзбекистон фермерлари кенгаши томонидан Хитой Халқ Республикасининг қатор давлат ва хусусий ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Ушбу келишувлар қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини етказиб бериш, инновацион агротехнологияларни жорий этиш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган бўлиб, келгусида амалий натижалар бериши кутилмоқда.

Шунингдек, хизмат сафари давомида Ўзбекистон фермерлари кенгашининг Халқаро Ипак йўли иқтисодий альянсига аъзо бўлиши ҳамда мазкур ташкилот президиуми аъзоси ва ҳамраиси этиб сайланиши мамлакат фермерларининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, ташқи бозорларга чиқиш, инвестиция ва технологияларни жалб этиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган мазкур хизмат сафари қишлоқ хўжалигида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва фермер хўжаликларининг билим ҳамда амалий кўникмаларини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Энди ушбу тажрибаларни республика ҳудудларида амалий семинарлар орқали оммалаштириш, пилот лойиҳаларни жорий этиш ва қўшма ташаббусларни изчил амалга ошириш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратилди.

Зокир Мамадалиев,

Фарходжон Кенжаев,

Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакиллари.