27 йиллик хизмат ва бир қарор: Самарқанддаги меҳнат таътили бўйича суд иши нимани англатади?
Меҳнат ҳуқуқлари, айниқса давлат тизимида хизмат қилувчи ходимларнинг ижтимоий кафолатлари ҳақида гап кетганда, кўпчилик бу масалалар қонунларда аниқ белгилаб қўйилган, деб ўйлайди. Аммо амалиётда айрим ҳолатлар шундай саволларни ўртага ташлайдики, жамият нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий нуқтаи назардан ҳам ўйлаб кўришга мажбур бўлади. Яқинда кўрилган суд иши ана шундай ҳолатлардан бири бўлди.
27 йил давомида ички ишлар органларида хизмат қилган Шодиев Жасур (исм, фамилия шартли) ишдан бўшатилгандан сўнг фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун компенсация ундириш талаби билан судга мурожаат қилди. Бир қарашда бу оддий меҳнат низосидек туюлиши мумкин. Лекин суд материаллари, келтирилган ҳуқуқий асослар ва апелляция инстанцияси чиқарган қарор бу ишни меҳнат ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим прецедентлардан бирига айлантирди.
Бу воқеа фақат бир инсоннинг шахсий манфаати ҳақида эмас. У давлат идораларидаги меҳнат муносабатлари қандай юритилаётгани, ходим ҳуқуқлари қай даражада таъминланаётгани ва қонунлар амалда қандай талқин қилинаётгани ҳақидаги саволларни кун тартибига олиб чиқди...
Суд ҳужжатларида келтирилишича, Жасур Шодиев 1998 йил 5 декабрдан бошлаб Самарқанд вилояти ички ишлар органларида хизмат қила бошлаган. У турли лавозимларда ишлаган: тергов ҳибсхонаси назоратчиси, конвой бўлинмаси ҳайдовчиси, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ходими ва кейинчалик туманлараро конвой гуруҳи ҳайдовчи - ходими вазифаларида фаолият юритган.
2025 йил декабрь ойида Жасур Шодиев белгиланган ёшга тўлгани сабабли хизматдан бўшатилган. Аммо ишдан кетиш жараёнида муҳим бир масала юзага чиққан: у ўз хизмат фаолияти давомида меҳнат таътилидан амалда фойдаланмаганини ва бунинг учун компенсация ҳам олмаганини маълум қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди дастлаб даъвогар талабини қисман қаноатлантирди. Суд жавобгар Самарқанд вилояти ИИБ зиммасига 11 миллион 984 минг сўм компенсация тўлаш мажбуриятини юклади.
Бу сумма амалда фақат уч йиллик давр учун ҳисобланган эди. Суд қарори асосида ички ишлар органларига оид айрим норматив ҳужжатлар ётарди. Уларда ходимга ўз вақтида тўланмаган пул таъминоти бўйича қайта ҳисоб-китоб уч йилдан ошмаслиги белгиланган.
Бироқ даъвогар бу қарордан норози бўлди. Унинг фикрича, суд меҳнат қонунчилиги ва Конституцияда белгиланган ҳуқуқларни тўлиқ инобатга олмаган. Шунинг учун у апелляция шикояти киритди.
Самарқанд вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни қайта кўриб чиқар экан, биринчи инстанция суди бир қатор муҳим ҳолатларни етарлича таҳлил қилмаган деган хулосага келди.
Энг муҳими, апелляция суди қуйидаги нуқталарга алоҳида эътибор қаратди:
- Конституцияда дам олиш ҳуқуқи кафолатлангани;
- Меҳнат кодексига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация тўланиши шартлиги;
- Ҳеч қандай ички ҳужжат ёки идоравий буйруқ ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини ёмонлаштирмаслиги лозимлиги;
- Қонунчиликдаги ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши кераклиги.
Суд яна бир муҳим жиҳатга диққат қаратди: ички ишлар органлари ходимларининг таътил ҳужжатлари сақланмаган. ИИБнинг ўзи судга тақдим этган хатда таътилга оид ҳужжатлар белгиланган муддат ўтгач йўқ қилингани қайд этилган. Бу эса муҳим саволни келтириб чиқарди: агар иш берувчи ходим таътилга чиққанини тасдиқловчи ҳужжатларни сақламаган бўлса, бу ҳолат ходим зарарига талқин қилиниши мумкинми? Апелляция суди “йўқ” деган хулосага келди.
Апелляция суди Шодиевнинг ойлик иш ҳақи 9 миллион 651 минг сўм эканини ҳисобга олган ҳолда, унинг 27 йил мобайнида фойдаланмаган меҳнат таътиллари учун компенсация миқдорини 260 миллион 574 минг сўм деб белгилади.
Ўзбекистон Конституцияси ҳар бир инсонга дам олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Бу шунчаки декларатив норма эмас. Ҳақ тўланадиган меҳнат таътили ҳар қандай меҳнат муносабатининг муҳим қисми ҳисобланади.
Меҳнат кодекси ҳам иш берувчи зиммасига аниқ мажбурият юклайди: ходим ишдан бўшатилганда фойдаланилмаган барча таътиллар учун компенсация тўланиши шарт.
Аммо амалиётда кўпинча давлат ташкилотлари ёки йирик муассасаларда ходимлар йиллаб таътилга чиқмай ишлаш ҳолатлари учрайди. Баъзан бу кадр етишмаслиги билан изоҳланади. Баъзан эса ички тизимдаги “анъанавий” ёндашувлар билан.
Бу иш кенг жамоатчилик учун бир нечта муҳим хулосаларни беради.
Биринчидан, ходимнинг ҳуқуқи идоравий ҳужжатлар билан чекланмаслиги лозим.
Қолаверса, ҳар қандай ҳуқуқий ноаниқлик инсон фойдасига талқин қилиниши кераклиги ҳақидаги конституциявий принцип амалда ҳам ишлайди.
Шунингдек, меҳнат муносабатларида ҳужжатларни тўғри юритиш ва сақлаш жуда муҳим.
Бу қарорни кимдир давлат бюджетига ортиқча юк деб баҳолаши мумкин. Бошқалар эса инсон меҳнати ва ҳуқуқларининг тан олиниши сифатида қабул қилади. Бу ерда эътибор қаратиш керак бўлган бир жиҳат бор: агар ходим ҳақиқатан ҳам йиллар давомида таътилга чиқмаган бўлса, бу оддий ҳолат эмас. Бу меҳнат муносабатларида тизимли муаммолар борлигини кўрсатади.
Фурқат АНАРОВ,
Самарқанд вилоят суди судьяси.