Кўча музқаймоқлари аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдиради

Ёзда музқаймоқ энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Бироқ ҳар қандай музқаймоқ ҳам инсон саломатлиги учун хавфсиз эмас.

Маҳсулотнинг қаерда ва қандай шароитда тайёрлангани жуда катта аҳамиятга эга.

Ҳар йили катта йўл ёқаларида санитар талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда кўча музқаймоқлари сотилади. Уларнинг қачон, қаерда ва қай шароитда тайёрлангани ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. Бундан ташқари, қадоқларда маҳсулотни қандай шароитда ва қанча муддатгача сақлаш мумкинлиги ҳам ёзилмаган. Шундай экан, ушбу маҳсулотни истеъмол қилиш ҳаёт учун хавфли ҳисобланади.

"Санэпидқўмита" Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ҳар йили вилоят ҳудудидан ўтувчи магистрал йўл ёқаларида сотилаётган кўча музқаймоқлари устидан назорат рейдлари ўтказиб келинади. Рейдлар давомида ушбу маҳсулотларнинг истеъмолга яроқлилиги, яъни сифати, сотувчи ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги ўрганилади. Бироқ ўтказилган рейд ва назорат тадбирлари давомида кўчада сотилаётган музқаймоқларни тегишли ҳужжатларсиз сотилаётганлиги аниқланган. Сотувчилар билан суҳбат жараёнида уларда ҳеч қандай ҳужжат йўқлиги маълум бўлган.

Шунингдек, ўтган йили “музқаймоқ мавсуми” давомида йигирмадан ортиқ ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида сотувчилар томонидан сотилаётган маҳсулотлардан 3 та музқаймоқ вафлиси ва 3 та жойда сотилаётган музқаймоқлардан лаборатория намуналари олинган. Лаборатория хулосаларига кўра, мазкур олтита таҳлилнинг барчасидан ичак таёқчаси бактериялар гуруҳи ва 3 та олтинсимон стафилаккок инфекциялари аниқланган.

Санитария талабларига риоя қилинмай тайёрланган ва кўчада сотилаётган, музқаймоқ таркибида ичак таёқчаси бактериялари (Escherichia coli infection) ва олтинсимон стафилококк (Staphylococcal food poisoning) аниқланиши жуда хавфли ҳисобланади.

– Агар бундай музқаймоқ истеъмол қилинса, инсон организмида кўнгил айниши ва қайт қилиш, кучли ич кетиши, қоринда оғриқ ва буралиб оғриши, ҳарорат кўтарилиши, умумий заифлик ва сувсизланиш каби заҳарланиш белгилари кузатилиши мумкин, - дейди "Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Юсуф Раҳимов. – Баъзи ҳолларда қон аралаш ич кетиши, буйрак фаолияти бузилиши, қаттиқ сувсизланиш, ҳатто ҳаёт учун хавфли асоратлар келтириб чиқиши мумкин.

Олтинсимон стафилококк бу бактерия озиқ-овқатда кўпайиб ўта хавфли экзотоксин ҳосил қилади. Токсин иссиқликка ҳам чидамли бўлиши мумкин. Одатда 1-6 соат ичида заҳарланиш белгилари бошланади. Тез-тез қайт қилиш, қорин оғриғи, кучсизлик кузатилади. Айниқса болалар, ҳомиладор аёллар, қариялар, иммунитети паст инсонлар учун хавф юқори бўлади.

Истеъмол учун сотилаётган ҳар бир маҳсулот, албатта, қадоқланган бўлиши ва унда ишлаб чиқарилган жойи, санаси, маҳсулот таркиби ва сақлаш муддатлари алоҳида кўрсатилиши керак. Кўчада сотилаётган ушбу маҳсулотларда эса бундай маълумотларни қидириб тополмайсиз. Музқаймоқ сут ва сут маҳсулотларидан тайёрланади ва у тез бузилувчанлик хусусиятига эга. Музқаймоқларни минус ҳароратда сақлаш талаб этилади. Бундай ҳолатда сақланмаган музқаймоқ эриб, сифати ўзгаради. Кўчаларда сотилаётган музқаймоқларнинг идишлари эса музлаткич эмас, улар маҳсулотни хавфсиз сақланишини таъминламайди.

– Амалдаги санитария қоида ва меъёр талаблари бўйича озиқ-овқат маҳсулотларини сотувчи ҳар бир ходим ҳар 6 ойда тиббий кўрикдан ўтиши керак. Шунингдек, у махсус кийим билан таъминланган бўлиши лозим. Агар сотувчи юқумли касалликка чалинган бўлса, савдо жараёнида мижозларга ҳам юқтириши мумкин. Бироқ, кўча сотувчиларининг бирортасида тиббий кўрикдан ўтганлиги бўйича ҳужжат йўқ. Қолаверса, сотувчилар сотув жараёнида санитария қоида ва меъёрларига амал қилмайди. Улар махсус қўлқоплардан фойдаланмайди, - дейди мутахассис.


Кўчада тайёрланадиган музқаймоқлар кўп ҳолларда санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган шароитларда ишлаб чиқарилади. Бундай жойларда қўл ювиш имкониятлари чекланган бўлиши мумкин. Шунингдек, ишлатиладиган сув сифати назорат қилинмайди. Маҳсулот очиқ ҳавода сақланиши ёки идишни оғзи очиқ қолдирилиши чанг, ҳашарот ва ташқи муҳит таъсири юқори бўлади.

Махсус цех ва ишлаб чиқариш корхоналарида эса маҳсулот белгиланган санитария талаблари асосида тайёрланади. У ерда замонавий ва махсус жиҳозлардан фойдаланилади. Ходимлар доимий тиббий кўрикдан ўтказилади. Маҳсулотлар эса лаборатория назорати остида, белгиланган ҳарорат режимида мунтазам равишда назорат қилинади.

– Кўча шароитида тайёрланадиган музқаймоқларда баъзан сифати кафолатланмаган сут, қаймоқ ёки турли қўшимчалардан фойдаланилиши мумкин, - дейди Юсуф Раҳимов. - Бу эса ичак инфекциялари, овқатдан заҳарланиш, аллергик реакциялар, турли микроб ва бактериялар тарқалиши каби хавфларни келтириб чиқаради. Цех ва корхоналарда ишлаб чиқарилган музқаймоқларда эса сертификатланган ва текширилган хом ашё ишлатилади. Шунингдек, маҳсулот қадоғида унинг таркиби, ишлаб чиқарилган санаси, сақлаш муддати каби маълумотлар кўрсатилган бўлади.

Музқаймоқ доимий совуқ ҳароратда сақланиши шарт. Кўча савдосида электр таъминотидаги узилишлар ёки совутиш ускуналарининг талаб даражасида ишламаслиги туфайли маҳсулот эриб, сифати бузулиши мумкин. Эриган музқаймоқни қайта музлатиб истеъмолга ишлатиш санитария меъёр талаблари бўйича тақиқланган. Эриган музқаймоқ бактерияларни ривожланиши учун энг қўлай муҳит ҳисобланади. Бундай эриган ва қайта музлатилган музқаймоқларни истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун хавфлидир. Цехда ишлаб чиқарилган ва турғун савдо шахобчаларида сотилаётган музқаймоқ маҳсулотлари эса махсус музлаткичларда белгиланган ҳароратда сақланади ва ташилади.

Расмий фаолият юритаётган корхоналар тегишли давлат органлари томонидан доимий назорат қилинади. Маҳсулот сифати учун масъул шахслар белгиланган бўлади. Кўча савдосида эса маҳсулотнинг қаерда тайёрлангани, ким томонидан ишлаб чиқарилгани ёки қандай шароитда сақланганини аниқлаш қийин.

Музқаймоқ истеъмол қилишда турли кўнгилсизликлар юзага келмаслиги учун юқорида айтилган талабларга қатъий риоя қилиб, эътиборли бўлиш лозим.

"Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси ахборот хизмати.