Давлат бюджетига 1 миллиард 400 миллион сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди

Вилоятда фаолият юритувчи корхона номига Беларус давлатидан олиб келинган тракторларни “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштириш учун “Улуғбек” ТИФ божхона постига тегишли ҳужжатлар ҳамда божхона юк декларацияси тақдим этилган.

Вилоят божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳужжатлар атрофлича ўрганилиб, тракторлар божхона кўригидан ўтказилди.
Текширув натижаларига кўра, тракторлар ҳужжатларда кўрсатилганидек 2024 йилда эмас, балки 2021 йилда ишлаб чиқарилгани маълум бўлди.
Божхона тўловларини камайтириш ва давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган маблағлардан қочиш мақсадида амалга оширилган ушбу уриниш "мева"сини бермади. Натижада давлат бюджетига қўшимча равишда 1 миллиард 400 миллион сўмлик божхона тўловлари ҳисобланди.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.