Спорт бой бўлиш воситаси эмас


- Дада, мен футболга қизиқмайман, машғулотга боргим келмаяпти. Келажакда ўқитувчи бўлишни хоҳлайман.
- Ўқитувчи? Йўқ, сен спортчи бўлишинг керак. Мана, Абдуқодир Ҳусановни қара. Дунёдаги энг машҳур футбол клубларидан бирида ўйнайди. Унинг бир йиллик маошини мен ўн йил ишласам ҳам тополмайман, ўғлим…

Танишимнинг ўғли билан бўлган суҳбатини эшитиб қолдим, ота фарзандининг келажагини, аввало, қанча даромад топиши билан боғлаётганига гувоҳ бўлдим. Афсуски, бугун баъзи ота-оналар фарзандининг келажакдаги касбини унинг қизиқиши ва қобилиятига қараб эмас, кўпроқ қанча даромад топишига қараб белгилашга ҳаракат қилмоқда. Гўё ҳаётдаги энг катта мақсад – спортчи бўлиб, тезда машҳурликка эришиш, катта даромад топиш ва бой-бадавлат ҳаёт кечиришдек.

Тўғри, спортчилармизнинг муваффақиятидан фахрланамиз, ҳавас қиламиз. Уларнинг меҳнати, иқтидори ва матонати ёш авлодга намуна бўла олади. Аммо ҳар бир ёшнинг ҳам ўз қизиқиши, қобилияти ва орзуси бор. Кимдир футболчи бўлишни, кимдир шифокор, тадбиркор ёки ўқитувчи бўлишни орзу қилади. Бир спортчининг ютуғи сизнинг ҳам фарзандингиз спортчи бўлиши керак, дегани эмас.

Аслида спортга бой бўлиш ёки машҳурликка эришишнинг кафолатланган воситаси сифатида қараш нотўғри. Спорт, аввало, меҳнат, интизом, ирода, соғлом турмуш тарзи ва ўз устида доимий ишлашни ўргатадиган соҳа. Профессионал спортда юксак натижага эришиш учун нафақат истеъдод, балки қизиқиш, йиллар давомидаги машаққатли меҳнат ва фидойилик талаб этилади.

Спортми ёки шов-шув?

Сўнгги вақтларда пул учун турли жойларда жанг қиладиган, ижтимоий тармоқларда хурмача қилиқлари ва жанжаллари билан шов-шув кўтарадиганлар кўпаймоқда. Ачинарлиси, уларнинг айримлари ўзини спортчи деб атайди. Хўш, нега бундай ҳолатларга ўз вақтида чора кўрилмаяпти? Нима учун спорт ва спортчи номи остидаги бундай хунук кўринишлар оммалашмоқда? Фахрий спортчи, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, профессор Ҳамроқул Рофиев бу ҳолатни, аввало, жисмоний маданият етишмаслиги билан ифодалади.

– Спорт билан шуғулланиш жисмоний маданият шаклланганини англатмайди,  –дейди Ҳ.Рофийев. – Жисмоний маданият инсоннинг нафақат бақувват ва соғлом бўлиши, балки интизомли, ўзини бошқара оладиган, рақибини ҳурмат қиладиган ва спортнинг ахлоқий қадриятларига амал қиладиган шахс сифатида тарбияланишидир. Шу маънода пул, шуҳрат ёки шов-шувни спортнинг асосий мақсадига айлантириш жисмоний маданиятнинг моҳиятига зиддир.

Ижтимоий тармоқларда жанжал, ҳақорат ва муштлашувлар кўпроқ кўрилгани сари, бундай «шоу»лардан даромад орттиришга интилиш ҳам кучаймоқда. Натижада йиллаб меҳнат, интизом ва маҳорат талаб қиладиган ҳақиқий спорт ўрнини тез танилишга интилиш эгалламоқда. Шу боис спорт ташкилотлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бундай ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги, ўзини спортчи сифатида кўрсатаётган шахсларнинг жамоатчилик олдидаги масъулиятини ошириши зарур. Чунки ҳақиқий спортчи нафақат кучли, балки одобли, интизомли ва рақибига ҳурмат билан муносабатда бўладиган инсон бўлиши керак.

Спортга муҳаббатми ёки манфаат?

Спортчиларимиз жаҳон ареналари ва халқаро мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтариб, Ўзбекистон номини дунёга танитмоқда. Эришилаётган бу натижалар туфайли спорт билан шуғулланаётган ёшлар кўпаймоқда. Бироқ, айрим ота-оналар фарзандини спорт тўгарагига олиб боришда аввало: «Қайси спорт турида кўпроқ пул бор?», «Қачон чемпион бўлади?», «Қачон катта даромад топади?» деган саволларга жавоб излайди. Албатта, фарзандининг келажаги ва моддий фаровонлиги ҳақида ўйлаш табиий. Бироқ спортни фақат пул ва шуҳрат воситаси сифатида кўриш боланинг муносабатини салбий томонга ўзгартириши мумкин.

Бундай ҳолатда бола машғулотдан завқ олиш, соғлом бўлиш ёки ўз устида ишлаш учун эмас, балки тезроқ натижа ва моддий манфаатга эришиш учун ҳаракат қила бошлайди. Ваҳоланки, ҳар бир спортчи профессионал чемпион бўлавермайди. Масалан, футбол билан шуғулланаётган минглаб болалар орасидан саноқлиларгина юқори даражадаги профессионал футболчига айланади. Бокс тўгарагига қатнаётганларнинг ҳам барчаси чемпион бўлиб кетмайди. Бу профессионал спорт қанчалик катта меҳнат, истеъдод, сабр ва рақобат талаб қилишини кўрсатади.

– Фарзандим спорт билан шуғулланса, соғлом ва кучли бўлади, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилади, деган ниятда боласини спортга берадиган ота-оналар кўп, – дейди футбол мураббийи Жамшид Жўрақулов. –Кўпчилик фарзандининг олимпия спорт турлари билан шуғулланишини хоҳлайди. Аммо ҳар бир ота-она ҳам бу йўлда фарзандини доим қўллаб-қувватлайвермайди. Спортдаги меҳнат, жароҳатлар, мағлубиятлар, кунлик машғулотлар ва кучли рақобат спортчини чиниқтиради. Қўшимча парвариш, витаминлар, халқаро мусобақаларга бориб-келиш ва спортчи билан индивидуал ишлаш эса қўшимча харажатларни талаб қилади. Шунинг учун спортда натижага эришиш учун нафақат боланинг интилиши, балки ота-онанинг ҳам доимий қўллаб-қувватлаши муҳим.

Спорт орқали катта даромад топаётганлар бор, албатта. Аммо бундай натижанинг ортида катта меҳнат, сабр, машаққат туради. Боласини қўллаб-қувватлаган, унинг спортдаги интилишини тўғри тушунган ота-оналар фарзандининг мақсадига эришишига катта ҳисса қўшади.

Бироқ фарзандининг бўш вақти бекор ўтмасин, деган мақсадда уни спортга берадиган ота-она ундан чемпионликни кутиши нотўғри. Аммо соғлом, иродали, интизомли ва мақсадли инсон бўлиш имконияти ҳар биримизда бор. Спортнинг энг катта фойдаси шунда аслида.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.