Автотранспорт воситалари учун рухсатнома расмийлаштириш тўлиқ электрон шаклга ўтди

Эндиликда автотранспорт воситаларига божхона пломбалари ва муҳрлари остида товар ташишга рухсат берувчи гувоҳномаларни расмийлаштириш жараёни тўлиқ электрон шаклда амалга оширилмоқда.

1975 йилги Халқаро юк ташиш (ХЮТ) дафтарчасини қўллаш тўғрисидаги Женева конвенцияси, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 декабрдаги 727-сон қарорига мувофиқ, 2025 йилдан бошлаб мазкур давлат хизмати partner.licenses.uz ахборот тизими орқали кўрсатилмоқда.
Вилоят божхона бошқармасининг «Самарқанд» ва «Улуғбек» ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан келиб тушган аризалар кўриб чиқилиб, белгиланган тартибда тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

Шу муносабат билан логистика компаниялари, халқаро ва маҳаллий юк ташувчилар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларидан қуйидаги талабларга амал қилиш сўралади:
- гувоҳнома олиш учун аризаларни partner.licenses.uz ахборот тизими орқали ўз вақтида юбориш;
- масъул ходимнинг чақирувидан сўнг автотранспорт воситасини 7 кун ичида кўздан кечириш учун тақдим этиш;

тақдим этиладиган ҳужжатлар ҳамда автотранспорт воситасининг амалдаги талабларга тўлиқ мувофиқлигини таъминлаш.
Эслатиб ўтамиз, Божхона кодексининг 230-моддасига мувофиқ, аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати 10 иш кунидан ошмайди.

Белгиланган муддатда автотранспорт воситаси кўздан кечириш учун тақдим этилмаган тақдирда, аризани кўриб чиқиш жараёни кечикиши, ахборот тизимида мурожаатнинг «муддати ўтган» мақомига ўтиши ҳамда дастурий муаммолар юзага келиши мумкин.
Шу боис барча логистика компаниялари, юк ташувчи ташкилотлар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари белгиланган талабларга қатъий риоя қилишлари сўралади.
Қўшимча маълумот олиш учун «Самарқанд» ёки «Улуғбек» ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига мурожаат қилиш мумкин.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.