Бир қути, бир одат, катта ўзгариш
ёхуд тозалик одатдан бошланади
Чиқиндини қаерга ташлашдан кўра, уни қанча камайтириш ва қайта ишлаш мумкинлиги ҳақида ўйлаш — экологик маданиятнинг муҳим белгиси.
Самарқандда ўтказилган “Тоза шаҳар” семинарида айнан шу масалалар муҳокама қилинди.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида маҳаллий ҳокимликлар, экологик ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, маҳалла фаоллари ва талаба-ёшлар иштирокида “Тоза шаҳар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Осиё тараққиёт банки ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Семинарда чиқиндиларни манбада саралаб йиғиш, масъулиятли истеъмол, уларнинг миқдорини камайтириш ва қайта ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, “Zero Waste” — ноль чиқинди тамойиллари, циркуляр иқтисодиётнинг афзалликлари ва экологик барқарорликни таъминлашда фуқаролик жамиятининг ўрни ҳақида фикр алмашилди.
— Лойиҳа доирасида республика бўйлаб “Тоза шаҳар” ўқув кампаниялари давом этмоқда, — деди ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Шойим Кенжаев. — Самарқанд вилоятида ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва саралаш, масъулиятли истеъмол ҳамда айланма иқтисодиёт масалалари кенг муҳокама қилинмоқда.
Кампания доирасида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун “Ноль чиқинди” мавзусида гендерга йўналтирилган ахборот-таълим материаллари тайёрланди. Экологик билимларни оширишга қаратилган ушбу материаллар республикадаги 10 225 та мактабга тарқатилади.
Шунингдек, 10 минг нафар ёшни қамраб оладиган “Ёшлар медиакампанияси” йўлга қўйилмоқда. Унда интерфаол квизлар, видеороликлар, тақдимот ва инфографикалар орқали ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида 3 мингга яқин аҳоли, 10 минг нафар ёшлар ва 200 дан ортиқ ННТ вакилларининг экологик билимларини ошириш ҳамда айланма иқтисодиёт тамойилларини кенг тарғиб этиш мақсад қилинган.
Муҳокамаларда таъкидланганидек, тозаликни сақлаш ва чиқинди муаммосини ҳал этиш фақат ташкилотлар ёки мутасаддиларнинг эмас, ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятидан бошланади.
“Тоза шаҳар” семинар-тренингларини Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳамда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ҳам ўтказиш режалаштирилган.