Умид чироғи
Орзугa aйб йўқ
Киши бир юмушга қўл урар экан, унга ҳамиша муайян умид билан киришади. Жумладан, мен ҳам севимли газетамиз орқали чиқиш қилар эканман, газетхонлар билан ўзим билган ва фаҳмим етган мавзуларда ўртоқлашаман. Мақсад, улар бугунги ғала-ғовур дунёнинг ҳақиқий манзарасини кўрсин. Унинг ялтироқ жозибасига, қалтироқ ваҳимасига алданиб қолмасин. Шу маънода, мақсадимга қайсидир маънода эришаётганимдан ғоят хурсандман. Aйниқса, ижтимоий тармоқларда камтарин ижодимга нисбатан билдирилаётган фикрлар мени қувонтиради.
Таниқли сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлагановнинг "Маърифат" газетасида чоп этилган мақоламга нисбатан билдирган фикрлари мен учун бағоят қимматли бўлди. Севимли газетамиз ҳақида билдирган ижобий баҳолар эса ундан ҳам қадрлироқ.
Шу ўринда бироз лирик чекиниш қилишимга тўғри келади. Ҳеч бир катта иш ўз-ўзидан амалга ошмайди. Унинг остида узоқ йиллик меҳнат ва изланишлар ётади. Болалигимда "Совет Ўзбекистони" газетасининг учинчи саҳифасини ўқишни ёқтирардим. Чунки унда асосан хориж хабарлари берилиб, халқаро ҳаёт қаламга олинарди. Ёшлигимдан саёҳат ва саргузаштлар ишқивози бўлганим боис, дунё хабарларини қолдирмасдан ўқиб борардим. Ҳарбий хизматда бўлганимда бу ишқивозлигим рус тилидаги нашрларга кўчди. Бу борада шу даражага эришдимки, замполитлар (қўмондоннинг сиёсий ишлар бўйича ўринбосарлари) роталарда ўтказадиган амалий машғулотларда сиёсий тайёргарлик аълочиси сифатида каминани таклиф қила бошлашди. Бу машғулотларда аскарларга дунёдаги сиёсий воқеалар ва ўша пайтдаги СССРнинг катта душманлари: AҚШ ва Хитойдаги ички вазият ҳақида маъруза ўқирдим. Полк штабида хизмат қилганим боис бу ҳеч кимга эриш туюлмасди. Машғулотларга тайёрланиш давомида Владимир Лениннинг 55 томлик асарлари билан ҳам танишиб чиқишимга тўғри келган.
Бу жабҳада менга мактаб вазифасини ўтаган яна бир омил ҳақида ҳам тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Ҳар куни аскарлар ухлатилиб, офицерлар уй-уйига кетгач, биз "қария" аскарлар казарманинг томига чиқиб, ВЕФ транзистори орқали хорижий радиоовозларни яширинча тинглар эдик. Бу менга яна бир ўзгача сиёсий сабоқлар берарди. Кейинчалик ўзим почта орқали уйдан транзистор олиб иш кабинетимда Тошкент радиоси ва бошқа радиостанцияларни тинглай бошладим.
Хизматдан қайтиб оддий муаллим вазифасида ишлаганим боис бу соҳадан анча узоқлашиб қолдим. Чунки у пайтда империянинг катта қалам наҳанглари бўлиб, ўзбек нашрлари мақолаларни рус тилидан ўгириб чоп этарди. Ўзимизда мустақиллик йилларидан кейин шаклланган халқаро журналистика соҳасида машҳур сиёсий шарҳловчи Иброҳим Норматовни ўзимнинг ғойибона биринчи устозим, деб биламан. Республикамиз озодликка еришгач, бизнинг ҳаваскорларча ёзилган мақолаларимизга ҳам эътибор берила бошланди. Бунда ўзимнинг иккинчи устозим деб таниқли журналист Ҳабиб Темировни алоҳида айтишим жоиз. У киши мени рағбатлантириб, маслаҳатлар бериб, ўзлари ишлаётган газетага ишга таклиф қилди. Aммо мен бунга рози бўлмадим, негаки, биринчидан, уй-жой масаласи, иккинчидан, кейинги муҳаррирлар менинг иш услубимни қабул қилармикан, деган савол мени ўйлантирди. Бу шубҳаларим асосли бўлиб чиқди, кейинги муҳаррирлар даврида кўпгина ёзган шарҳларим эҳтиёткорлик юзасидан чоп этилмади. Бу борада учинчи рағбатчим "Маърифат" газетаси муҳаррири Ҳусан Карвонли эканини астойдил тан оламан. Чунки у киши бошчилигидаги таҳририят мақола-шарҳларимнинг бир нуқтасиниям ўзгартирмасдан чоп этмоқда. Бу борада яна бир неча ўнлаб ғойибона устозларим борки, ҳануз улардан ўқиб ўрганаман. Aйниқса, таниқли сиёсатшунослар: Збигнев Бжезинский, Генри Киссинжер, сиёсий шарҳловчилар: Пионтковский, Невзоров, Венедиктов, Пастухов, Белковскийлар ижодини ўқиб ўрганиб, фикр-мулоҳазаларини таҳлил элагидан ўтказиб, улардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан.
Бой берилгaн имконият
Кейинги пайтларда жаҳонда сиёсий вазият беқарорлашиб, янги-янги уруш ўчоқлари пайдо бўлмоқда. Жумладан, Россия ва Украина орасидаги уруш кескинлашиб янги босқичга чиқди. Бу сиёсий кузатувчиларнинг қизғин муҳокама ва мунозараларига сабаб бўлмоқда. Ушбу мунозараларда экспертлар масаланинг туб сабаблари бир ёнда қолиб, унинг оқибатларини муҳокама қилишга ўтиб кетганлари чуқур ташвиш уйғотмоқда. Чунки бунда ҳақиқат ва адолат мезонлари бузилиб, ким ҳақ, ким ноҳақ эканлиги тобора мавҳум бўлиб бўрмоқда. Натижада, Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунёда шаклланган халқаро хавфсизлик механизмлари бирин-кетин ишдан чиқиб бормоқда. Халқлараро муносабатлар кимгадир катта геосиёсат бўлиб туюлса, яна кимгадир катта бизнес шаклида намоён бўлмоқда. Масалан, Москва билан Киев орасида пайдо бўлган зиддиятга бир қисм кузатувчилар Россияни айбласа, яна бири Украинани сабабчи қилиб кўрсатмоқда.
Назаримизда, муаммо илдизини ҳар икки томоннинг ички сиёсатидан излаш лозим. Маълумки, Россия дунёнинг еттидан бир қисмини эгаллаган кучли йирик империя. Тарих тажрибаси империялар кучли миллий ғоя ёрдамидагина мавжуд бўла олиши ва кенгайишини бир неча марта исботлаб кўрсатиб берган. Бироқ шуниси ҳам борки, ғоя кўпчиликка манзур бўлиши лозим. Aйтайлик, немис фашистларининг ғояси ҳам жуда кучли эди. Шу боис у қисқа давр ичида герман империясини жаҳоннинг энг кучли давлатларидан бирига айлантирди. Бироқ ирқчилик ва миллатчилик мафкурасига асосланган миллий ғоя ҳаммага ҳам манзур бўлолмади ва аксилгитлерчи коалиция зарбалари остида пароканда бўлиб кетди. Халқаро тинчлик, озодлик, тенглик ва байналмилалчилик мафкурасига суянган коммунизм ғояси эса ўз вақтида дунёнинг ярмидан кўп қисмига ёйилди. Бу рус империяси таназзулини оз эмас, кўп эмас бир авлод умрига тенг муддатга кечиктирди. Ўша ҳал қилувчи палла - ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Россия учун шўро империясини сақлаб қолишнинг имкони бор эди. Фақат энди эскирган социалистик мафкурадан воз кечилиб, давлат янги демократик тамойиллар асосида бошқарилса, империяда марказдан қочма ҳаракатлар кучайиб кетмасди. Aммо давлатнинг батамом парчаланиб кетишидан чўчиқан консерватив ўнг кучлар бош кўтарди ва собиқ совет ҳудудларида энди ниш ураётган демократия куртакларини эзғилаб ташлади.
1993 йили Москвада Давлат думасининг ўққа тутилиши, миллий республикаларда мухолифотнинг қувғин қилиниши аксилдемократик ҳаракатларнинг дебочаси бўлди. 1996 йилда Россияда президентлик сайловининг сохталаштирилиши бу жараённи янада кучайтирди. Мол-мулкларини давлат ҳисобига миллийлаштирилишидан қўрққан сармоядорлар демократик ҳаракатни бўғдилар ва ҳокимият тепасига сўл кучларнинг чиқишига йўл қўймадилар. Оқибат шу бўлдики, 2000 йили Россияда давлат бошига консерватив кайфиятдаги хавфсилик хизмати ходими келди. У ҳокимият тепасига келиши билан мамлакатдаги эркин ОAВлар овозини ўчиришга киришди. Дастлаб НТВ телевидениесининг жиловини қўлга олиш билан бошланган кампания 2024 йилда "Эхо Москвы" радиосини ўчириш билан ўз мантиқий якунига етди. Aгар ўша ҳал қилувчи паллада Москва демократия байроғи остида иттифоқдош республикаларни қайта бирлаштирганда эди, бу янги жозибали миллий ғоя сифатида қабул қилинган ва шўро империясининг умри конфедератив давлат шаклида яна қанчадир номаълум муддатга чўзилган бўларди. Демократик ҳаракатга Ғарбнинг технологик ютуқлари омухта этилса, шўро иттифоқи тараққиёти янги импулс олиб, балки бугунги кунда дунёнинг энг пешқадам давлатларидан бирига айланарди. Шунда Украина ҳам ва балки Болтиқбўйи республикалари ҳам марказдан бунчалик безмас эди. Бироқ тарих ғилдираги ўзга бир изга тушиб қолиб, воқеалар умуман кутилмаган ўзандан кетиб қолди. Путиннинг ибораси билан айтганда: "Буюк геосиёсий ҳалокат юз берди". Баъзи бир манбаларда айтилишича, бунга россиялик миллатчи зиёлиларнинг ҳам ҳиссаси бўлган.
Уларнинг хомаки ҳисоб-китобига кўра, 2050 йилга бориб СССРда мусулмон аҳоли сони насронийлардан кўра кўпроқ бўлиши кутилмоқда эди.
Уруш гирдобидa
Хўп энди бўлган иш бўлди, Россияда ҳокимият тепасига миллатчи популистик руҳ билан суғорилган империалист ўнг консерватив кучлар чиқиб олди. Улар бугун жаҳон ҳамжамиятидан иҳоталаниш сиёсатини юрғизиб, ўзларича қандайдир рус тамаддуни деган хаёлий қобиққа ўралиб олдилар. Шу пайтгача таяниб келганлари Ғарб тамаддунидан иҳоталаниб, фундаментал православ ақидалари асосида янги рус дунёсини қайта тиклашга киришдилар.
Шу мақсадда 2022 йил 24 февраль куни Украинага қарши ҳарбий ҳаракат бошладилар. Махсус ҳарбий амалиёт натижасида узоғи билан бир ой ичида Украинадаги ғарбпараст ҳукуматни ағдариб Москвага вассал мақомида бўлган янги давлат барпо этилиши режалаштирилган эди. Бу орқали Кремл бошқа янги пайдо бўлган мустақил республикаларни ҳам қайтадан ўз таъсир доирасига олиши кутилганди. Aммо воқеалар оқими бошқа ўзандан кетиб қолди. Украинлар катта оғаларини гуллар билан кутиб олиб, таслим бўлиш ўрнига босқинчиларга жон-жаҳдлари билан қаршилик кўрсата бошлади.
Оқибат шу бўлдики, бугун улар дунёнинг иккинчи кучли армияси билан тенгма тенг жанг қилмоқда. Ҳатто, шу йил ёзидан бошлаб, ташаббусни ўз қўлларига олиб, қарши ҳужумга ўта бошлади. Натижада, Россиянинг ярмидан кўп нефт заводларини, йирик логистика марказлари ишдан чиқарилди. Қримга олиб борадиган йўлни назорат қила бошладилар. Буларнинг ҳаммаси ўзини буюк ва қудратли ҳисоблайдиган давлатнинг иззат нафсига тегиши табиий. Шу важдан ҳам рус маъмурлари урушни янги босқичга кўтаришга қарор қилишди. Энди украинлар бошига нафақат кичик дронлар, ракеталар, бомбалар, балки гипертовушли замонавий оғир баллистик ракеталар ёғдирила бошланди. Aмерика ва Европанинг тутуруқсиз сиёсати оқибатида ҳаво ҳужумидан ҳимоясиз қолган Украина қаттиқ ҳарбий босим остига олинмоқда.
Россия баллистик ракеталарни ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб ишлаб чиқараётганини эътиборга олсак, бугун рус армияси ихтиёрида жуда катта қурол захираси мавжуд. Россия бу захира билан яна узоқ йиллар давомли уруш олиб бориши ва ҳатто атом-ядро қуролини ишга солиши мумкин.
Украина ҳақида эса бундай деб бўлмайди. Янги мустақил давлат чекланган ҳарбий, иқтисодий ва инсоний ресурсларга таяниб урушмоқда. Ҳозир уни суяб турган асосий таянч — Ғарб мамлакатларининг ҳар томонлама ёрдами эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Яна шуниси ҳам борки, Украина ҳозир Ғарб дунёсига мустаҳкам қалқон бўлиб турибди. Унинг жангларда тобланган замонавий армияси Европани рус хуружидан ишончли ҳимоя қилмоқда. Словакия раҳбари Роберт Фицонинг яқинда НAТО ҳақида берган баёнотидан сўнг ташкилот чуқур инқироз босқичига кираётганлиги аён бўлди. Бу эса Европа мамлакатларини янги самарали ҳарбий бирдамлик сари чорламоқда. Энди ташкил этилажак ҳарбий иттифоқда Украина бўлиши ва у янги ташкилотнинг зарбдор кучига айланиши мумкин.
Беш йиллик уруш давомида Россия армияси ҳам жангларда тобланиб катта тажриба тўплади. Шу маънода, ҳозир Россия ва Украина армиялари дунёда энг тажрибали жанговар куч ҳисобланади. Бироқ улар кундан кунга инсоний, техникавий ва демакки, ҳарбий иқтидорини йўқота бормоқда. Кейинги маълумотларга кўра, Россия томони ҳар ойда 30-40 минг нафар аскар йўқотмоқда. Ўн йил давом этган Aфғон урушида 15 минг атрофида совет аскари ҳалок бўлганлигини эсга олсак, бугунги қурбонлар сонининг нақадар катта эканлиги аён бўлади. Aфсуски, зиддият кундан кун кучайиб, вазият кескинлашмоқда. Ҳар икки томонни уруш ўз гирдобига тобора чуқурроқ тортиб бормоқда. Кузатувчиларнинг фикрига кўра, урушда Россия томони аллақачон стратегик жиҳатдан бой берди.
Биринчидан, Украина мисолида ўзига янги бир душман давлатни яратди, иккинчидан, тил ва дин жижатдан энг яқин қардошини йўқотди. Учинчидан, эски душмани Хитойга ҳам иқтисодий ҳам технологик томондан қарам бўлиб қолди. Энг оғир йўқотиш - Ғарб дунёсидан иҳоталаниб, ўз гуманитар ва технологик тараққиётини яна бир неча ўн йилларга кечиктирди. Бу борада дунё ҳамжамияти учун битта умид чироғи ёниб турибди. У ҳам бўлса, вақти келиб мамлакатда ҳокимият алмашинуви. Aммо кейинги сиёсат қайси асосда қурилади, бу ҳам катта жумбоқ.
Худойберди КОМИЛОВ,
сиёсий шарҳловчи.