Тамаддунлар жанги
Шу йил февраль ойининг ўрталари эди.
Ҳамкасбларим: “Домла, нима дейсиз, Россия билан Украина ўртасида уруш бўлармикан?”, дея сўрашди. Чунки бундан аввал халқаро вазият борасидаги тахминларим тўғри чиққани боис, улар бу бўйича мулоҳазаларимга қизиқишди. Мен, гарчанд, бу икки қардош давлат ўртасидаги низолар 2003 йилдаги Тузла воқеалари билан бошлангани ва 2014 йилда Қрим ва Шарқий Украинада жиддий можарога айланганини билсам ҳам, 2022 йилда янги уруш чиқиши ҳақидаги Жириновскийнинг шумдарагидан хабардор бўлсам ҳам, урушнинг 16 февраль куни бошланиши тўғрисида АҚШ марказий разведка бошқармаси очиқ маълумот тарқатган бўлса-да, бир йил бурун, 2021 йил баҳорида таниқли рус публицисти Александр Невзоров урушнинг муқаррар эканлигини айтган бўлса ҳам, негадир, ишонч билан: “Уруш бўлмайди!” деб жавоб бердим. Чунки XXI асрда, собиқ шўро халқлари Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли хотираларини ҳали батамом унутмаган бир даврда, бундай яна бир катта тарихий фожиага йўл қўйилишини сира-сира ақлимга сиғдиролмасдим.
Ҳақиқатан инсон қадр-қийматига алоҳида эътибор билан қаралаётган замонавий дунёда унинг энг олий ҳуқуқи – яшаш ҳуқуқига бераҳмларча дахл қилиниши ҳеч бир соғлом фикрга тўғри келмас эди. Аммо кўнглимнинг аллақайси чеккасида ушбу муросасиз тўқнашувнинг муқаррар эканлигини ҳис қилиб турардим. Нега десангиз, бу шунчаки, Россия билан Украина ўртасидаги маҳаллий зиддият бўлмай, икки олам, икки дунёқараш орасидаги келишмовчилик эканлигини яхши тушунардим. Уруш бўлмайди, дейишимнинг сабаби шунда эдики, унинг бошланиши юқорида ёзганимдек, ҳеч бир соғлом фикрга тўғри келмас, бу можаро уруш чиқарганларнинг ўзи учун ҳалокатли бўлишига имоним комил эди. Фикримни қуйида далиллар билан исботлаб беришга ҳаракат қиламан.
Бундаги биринчи омил, украинлар билан россияликларнинг тарихга турлича муносабатида кўринади. Масалан, украин халқи 1991 йилда эришилган мустақилликни бошқа барча собиқ шўро республикалари қатори энг улуғ ва энг азиз байрам сифатида нишонлайди. Путин бошчилигидаги россияликлар учун эса ушбу тарихий воқеа XX асрда содир бўлган энг йирик геосиёсий ҳалокат ҳисобланади. Худди ана шу нуқтада мустақилликка эришган янги суверен давлатлар билан собиқ метрополия ўртасида келишиб бўлмайдиган зиддият вужудга келди.
Иккинчи омил шундаки, Украина билан Россиядаги давлат қурилиши тизимида катта фарқ мавжуд. Айтайлик, Украина умуминсоний қадриятлар асосида ривожланишни режалаштирган янги демократик давлат бўлса, Россия бир неча асрлардан буён қўшни халқларни ўз тасарруфига олиб кенгайган автократик империя. Бу кенгайиш кўп ҳолларда зўравонлик ва ҳарбий қудрат ёрдамида амалга оширилгани ҳам айни ҳақиқат.
Ана шу жиддий тафовутлардан келиб чиқадиган бўлсак, бир қарашда қардош бўлиб кўринган бу икки давлат ўртасида ҳеч қачон муросаи мадора бўлмаслиги кундек равшан эди. Бугун оммавий ахборот воситалари орқали ушбу урушнинг бошланиш сабаблари ҳақида минг хил омиллар айтилмоқда. Менимча, улар орасида битта асосий омил чинакам устувор сабаб ҳисобланади. Бу ҳам бўлса, Украинанинг келажакда замонавий, ривожланган демократик давлатга айланиш эҳтимолидир. Шундай бўлган тақдирда, бу ҳолат қўшни Россия учун жуда ёмон ибрат бўлиши, у ерда ҳам демократик кайфиятларни кучайтириши ва алалоқибат, 1917 ва 1991 йилларда ярим парчаланган империя охиригача батамом емирилиб кетиши мумкинлиги Москвани чуқур ташвишга солмоқда эди. Бу эса ўзини салтанат халоскори ва ҳимоячиси сифатида кўраётган Владимир Путин бошчилигидаги империяпараст кучларнинг мақсадларига мутлақо тўғри келмаслиги кундек аён. Нега десангиз, Путиннинг асосий касби – КГБчи сифатида, аввало, давлат хавфсизлигини таъминлаш бўлганлигини асло ёддан чиқармаслик керак. Унинг белгиловчи хизмат матрицаси ҳам ҳар қандай йўл билан бўлмасин, империя хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Бу борадаги бепарволик ва сусткашлик буюк миллатчилик руҳида тарбияланган оддий халқ орасида ҳам нохуш қабул қилинишини Путин яхши англар эди. Горбачёв ва Ельциннинг аҳоли ўртасида салкам давлат хоини сифатида кўрилиши россиялик кейинги сиёсатчиларнинг бош ҳаракат йўналишларини белгилаб берганлиги мутлақо тушунарли ҳолат.
Худди шу маънода, “совуқ уруш“ йилларидаги сиёсий мағлубият аламини тотиб, зада бўлган рус империалистлари бугунги кунда бутун ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ва интеллектуал қувватларини йўналтириб, Ғарб дунёсини ич-ичидан емириб ташлаш мақсадида Маркс ва Энгельснинг “Коммунистик партия манифести”га ўхшаш режа тузиб, миллатчилик руҳи билан суғорилган ўзларининг сиёсий дастурларини шакллантирдилар. Уларнинг фикрича, келажакда миллий, диний анъаналар руҳида суғорилган мафкура асосида рус халқи бутун дунё халқларига раҳнамолик қилиши лозим эмиш. Бунда қайсидир маънода, Россия раҳбарларининг сиёсий жабҳада ҳам собиқ СССРга меросхўр бўлиш ҳақидаги хомхаёлларини пайқаш қийин эмас.
Хомхаёл дейишимизнинг сабаби шундаки, коммунистик ғоялар номига бўлса ҳам, дўстлик, тинчлик, тенглик, инсонпарварлик, байналмилалчилик тутумларига асосланган бўлиб, ўз вақтида анчайин модерн мафкура ҳисобланар эди. Бугунги путинизм мафкураси эса, аксинча, ўрта аср ёки нари борса, ўтган XIX-XX аср давомида ўзини тамоман оқламаган ғояларга таянади. Айтайлик, жаҳоннинг еттидан бир қисмини эгаллаб турган бепоён империя учун яна қўшни давлатларнинг ерини эгаллаш нега керак бўлиб қолди, дейсиз? Буни Қримда бўлганидек, тинч йўл билан амалга оширилганда ҳам, қайсидир маънода оқлаш мумкин бўларди. Аммо бу минг-минглаб бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш эвазига бўлса, мутлақо кечириб бўлмайдиган ҳолат юзага келади. Шу боис ҳам, бугун дунёнинг аксарият халқлари Украинага нисбатан Россия босқинини қоралаб чиқишмоқда. Дунёнинг деярли барча давлатлари, шу жумладан, мустақил Ўзбекистон раҳбарияти ҳам Украинанинг ҳудудий яхлитлиги дахлсиз эканлигини такрор-такрор таъкидлаб келмоқда. Чунки мавжуд чегараларнинг қайта кўриб чиқилиши янги-янги можароларни келтириб чиқариши ва бу охир-оқибат катта урушларга олиб келганлигига тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Аммо бугунги Россия маъмурлари тарихий ҳақиқатни ва дунё ҳамжамияти кайфиятини кескин рад этиб, бой берилган империя чегараларини яна қайта тиклаш ҳаракатларини яширмаяпти. Улар бунда ҳар турли тарихий сафсаталарини тўқиб чиқаришдан ҳам тийилмаяпти. Агар шу хулосалардан келиб чиқиладиган бўлса, Россия теварагидаги бир неча суверен давлатлар ўз ҳудудий яхлитликларини йўқотиб, бир қисм ерларини собиқ империяга қайтаришларига тўғри келади. Шу мазмунда, ҳозирданоқ Қрим, Абхазия, Жанубий Осетия, Приднестровье, Луганск, Донецк сингари қўшни давлатларга тегишли бўлган ҳудудлар ҳарбий куч ёрдамида забт этилиб, рус ҳукмронлиги ўрнатилди.
Бугунги кунларда Украинанинг Харьков, Одесса, Николаев, Запорожье, Херсон областларини ҳам босиб олиш мақсадида қақшатқич жанглар давом эттирилмоқда.
Шу маънода, Россияда тайинли миллий ғоя йўқ дейдиганлар қаттиқ адашади. Ҳозир рус маъмурларининг бош мақсади – собиқ империяни сақлаб қолиш ва иложи борича кенгайтириш. Президент Путин эса ўзини империя халоскори ва рус давлатини кенгайтирувчи ҳукмдор сифатида тарихда қолиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Унинг учун юқорида айтганимиздек, СССРнинг парчаланиб кетиши ХХ асрнинг энг йирик геосиёсий ҳалокатидир. Шу ақидадан келиб чиқадиган бўлсак, тарих учун келажакда бу борада иккита муқобил ечим бор. Биринчиси, эски дунё ақидалари билан яшаётган Путин ҳокимиятининг сиёсий ҳалокати. Иккинчиси эса, Худо кўрсатмасин, атом уруши оқибатидаги оламшумул геоҳалокатнинг муқаррарлигидир.
Рус халқининг дунё халқларига етакчилик қилиш роли ҳақидаги гапларга келсак, дарҳақиқат, ХХ асрда ҳали СССР жаҳондаги иккинчи қудратли давлат бўлиб, ярим дунёни ўз тасарруфига олган ва коммунистик мафкура ҳукмрон бўлган кезларда ушбу кайфиятни қайсидир маънода тушуниш мумкин эди. Аммо Россия яккаланиб, иқтисодиёти ночор бир ҳолатга тушиб қолган бугунги кунларда етакчиликка даъво қилиши истеҳзоли енгил табассум пайдо қилиши мумкин, холос.
Тўғри, табиий ресурслар савдоси ҳисобига олтин-валюта захиралари қанчалик кўпайган бўлмасин, Россия экономикаси ҳозирги кунларда дунё иқтисодиётининг салкам икки фоизини ташкил қилади. Ишлаб чиқариш эса бир ярим фоиз атрофида. Рубль обороти жаҳон валюта алмашинувининг арзимас қисми миқдорида эканлигини эътиборга олгудек бўлсак, қанақа етакчилик ҳақида гап бўлиши мумкин?
Нима бўлганда ҳам шу йил 24 февраль куни дунё халқлари истамаган ва кутмаган машъум воқеа содир бўлди. Путин Украинага қарши эълон қилинмаган уруш бошлади. У гарчанд, уруш эмас махсус ҳарбий амалиёт дея номланаётган бўлса-да, қисқа вақт ичида қарийб юз мингга яқин одамнинг ёстиғини қуритди. Яна минг-минглаб кишилар майиб-мажруҳ бўлиб қолди. Кечагина яшнаб турган Украина шаҳар ва қишлоқлари култўдага айланди. Бундаги асосий мақсад битта, у ҳам бўлса, Украинани рус қўлостидаги қарам бир мамлакатга айлантириш ёки давлат сифатида дунё харитасидан ўчириб ташлаш бўлганлиги бугунги кунда катта сир бўлмай қолди.
Шу мақсадда дунёнинг иккинчи ўриндаги энг қудратли армияси ўзидан 10-20 баравар кучсиз бўлган украин қўшинлари устига юриш бошлади. Мана, ярим йилдан ошяптики, бу жанглар тинмай давом этмоқда. Ушбу урушда ҳар икки томоннинг ҳам ширин умидлари чил-чил парчаланиб кетди. Россияликлар Украинада рус аскарларини гуллар билан кутиб олишлари ва худди 2014 йилда Қримда бўлганидек, қисқа муддат ичида осонгина ғалаба қилишлари ҳақидаги хомхаёллари чипакка чиққан бўлса, украиналикларнинг уруш бошланса, Россияда урушга қарши кучли халқ ҳаракати бошланиши ҳақидаги умидлари мутлақо пуч бўлиб чиқди. Аксинча, рус қўшинлари украин ватанпарварларининг қақшатқич қаршилигига рўбару келди. Россияда эса кўпчилик аҳоли урушни қўллаб-қувватлади.
Қизиғи шундаки, уруш тарафдорларининг асосий қисми кексалар экан. Бу эса миллатнинг нақадар айниб кетганлигидан ёрқин далилдир. Ахир, ёшлар қизиққон бўлган бир вақтда, катта ёшдаги кишилар уларни можаролардан тийишлари лозим эмасми? Шу ўринда эслаш жоиз, уруш ташаббускори Владимир Путин ҳам етмишга етиб, саксонга сакрайман деб турибди. Афсуски, урушда кексалардан кўра ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ёш йигит-қизлар, болалар кўпроқ нобуд бўлмоқда.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда тўпланиб қолган сон-саноқсиз қурол-аслаҳаларни ишга солган рус ҳарбийлари қисқа муддатда Украинанинг қарийб йигирма фоиз ҳудудини босиб олишди. Бироқ шу орада улар минг-минглаб танк, БТР, юзлаб самолёт ва вертолётларидан айрилдилар. Баъзи бир маълумотларга кўра, эллик мингдан зиёд аскарлар ҳалок бўлиб, яна бир неча ўн минги майиб-мажруҳ бўлиб қолди. Бу жангларда Украинанинг йўқотишлари ҳам бундан кўпроқ бўлса бордирки, асло кам эмас. Бироқ украин ҳарбийларининг асосий ютуқлари шу бўлдики, улар москванинг тез кунлар ичида Киевни эгаллаб, у ерда қўғирчоқ ҳукуматни тиклаш режасини чипакка чиқардилар. Аксинча, бугунги кунда Украина армияси Ғарб мамлакатлари кўмагида замонавий қуролланиб, россиялик босқинчиларига қақшатқич зарбалар бермоқда. Айрим ҳарбий экспертларнинг маълумотига кўра, Россия армияси жангларда ўттиз фоиз ресурсларини сарфлаб бўлди. Бу эса жуда катта талафот ҳисобланади. Улар учун бундаги энг ёмони шундаки, санкциялар исканжасига тушиб қолган рус ҳарбий саноати замонавий янги қуроллар ишлаб чиқариш салоҳиятини йўқотиб қўйди. Шу боис улар бугунги кунда технологик ёрдам сўраб, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Туркия сингари давлатларга мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда.
Чўзилиб кетганлиги боис, ушбу мақолани шу ерда тўхтатишим ҳам мумкин эди. Аммо бунда битта савол очиқ қолмоқда. 1945 йилда дунёда янги урушлар чиқиш хавфининг олдини олиш мақсадида таъсис этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг урушни тўхтатиш борасидаги ҳаракатлари нега кўзга кўринмаяпти? Бир пайтлар фаолият юритган Бутунжаҳон тинчлик кенгаши қани? Бу борада шуни айтиш мумкинки, айнан тинчлик масалалари билан шуғулланувчи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси Россия вето ҳуқуқидан фойдаланиб, урушга қарши резолюцияларга (қанчалик ғалати туюлмасин) қарши овоз бериб келмоқда. Бунда, “онангни қози зўрласа, арзингни кимга айтасан”, деган халқ мақоли ғоят ўринли келади.
Қолаверса, БМТда Россия собиқ СССРга ўзини ворис деб эълон қилган. Бу борада унинг қанчалик ҳақи борлиги номаълум. СССР номига бўлса-да, тинчликсевар давлат эди. Ҳозирги Россия эса урушқоқ милитаристик давлатга айланиб бормоқда. Шу маънода, унинг ўзини СССРга маънавий-сиёсий жиҳатдан ворис, деб эълон қилишга ҳақи борми? Жаҳон ҳамжамиятини Россиянинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги вето ҳуқуқини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги талаблари ҳам жуда ўринли. Бу борадаги энг қизиқ факт шундаки, собиқ СССР тарқалиб кетгач, Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги ҳуқуқлари қайта расмийлаштирилганлиги ҳақидаги бирорта ҳужжат ҳанузгача очиқ эълон қилинмаган.
Халқаро тинчлик кенгаши фаолиятига келсак, собиқ СССР ташаббуси билан тузилган ушбу халқаро антиимпериалистик ташкилот кейинги пайтларда умуман фаолият кўрсатмай қўйди.
Энди жаҳон ҳамжамияти олдига ушбу можаро нима билан тугаркин, деган ўта хавотирли савол кўндаланг бўлиб турибди. Воқелик шундан иборатки, ярим йил ичида Россия томони бу борада асосий мақсадларига эриша олмади. Москванинг енгил ғалаба ҳақидаги орзулари чиппакка чиқди. Украина халқи Ғарб мадади билан дунёнинг иккинчи кучли армиясига қарши мардона туриб бермоқда. Аммо собиқ СССРдан мерос бўлиб қолган беҳисоб қурол-яроғлар ёрдамида Россия Украина қуролли кучларини ҳолдан тойдириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Бу борада Москванинг қўлида учта ҳал қилувчи восита мавжуд. Улардан биринчиси – атом қуроли. Иккинчиси – битмас-туганмас табиий ресурслари. Ва, учинчиси – россияликларнинг урушга муносабати.
Биринчи воситани ишга солиш дунё билан биргаликда Россияни ҳам ҳалокат сари етаклаш бўлгани учун ҳозирча бу эҳтимолни ҳисобдан чиқариб турамиз.
Иккинчи восита ёрдамида Европа мамлакатларида норозилик келтириб чиқариш эҳтимоли жуда катта. Чунки ўтган давр мобайнида Ғарб дунёси рус нефти, гази ва бошқа хом ашёларига пашша ўргимчак тўрига ўралиб қолганидек, чамбарчас боғланиб қолган. Бу тўрдан қутулиш учун уларнинг ҳали кўп уринишига тўғри келади. Бу борадаги ҳаракатлар муваффақиятсиз чиқса, Кремль европаликларга ўз босимини ўтказишда давом этаверади.
Назаримизда, ўртада тинчлик қарор топиши учун россияликларнинг урушга бўлган муносабати асосий роль ўйнайди. Ҳарбий сафарбарлик эълон қилингач, уруш тарафдорларининг сони кескин камайди. Албатта, диванга ётиб олиб, уруш манзараларини томоша қилиш бошқа, жанг майдонига ўзинг киришинг ёки фарзандингни, набирангни урушга жўнатишинг эса мутлақо бошқа гап.
Ҳозирча ушбу лаънати урушни бошлаган кимсалар ҳокимият тепасида турар экан, жангларга чек қўйишнинг иложи йўқ. Яна шуниси ҳам аниқки, уруш тарафдорларининг кўпчилиги ўз фикрларини ўзгартирмоқда. Шу йил май ойида уларнинг салмоғи 63 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирга келиб бу даража 27 фоизга тушиб қолди. Юқорида ёзганимиздек, тарафдорларнинг асосий қисми ёши катта кишилар. Аммо жангларнинг асосий еми бўладиган ёшларнинг аксарият кўпчилиги урушга қарши. Шу боис, ёш эркаклар оммавий равишда мамлакатни тарк этишмоқда.
Ҳар қандай уруш ҳам бир кунмас бир кун тугайди. Урушаётган томонлар охири ҳолдан тойиб, муроса қилишга мажбур бўлади. Шу маънода, натижа қандай тугашидан қатъи назар, тарих ўз қатъий ҳаракатида давом этаверади. Бироқ ушбу икки қўшни мамлакат орасидаги зиддиятли ҳолат ҳали узоқ вақт сақланиб қолади.
Худойберди КОМИЛОВ,
сиёсий шарҳловчи.