Ҳаётни сақлаб қолган билим: Мансурнинг ҳикояси
Тун ярмида Мансур кучли қорин оғриғидан уйғониб кетди. Инграниб, қотиб ухлаётган шериги Камолни уйғотди. Турткидан чўчиб уйғонган дўсти норози бўлиб тўнғиллади:
- Нима дейсан, тинчликми?
- Дўстим, аҳволим оғир, дўхтирга бормасак бўлмайди, ўлиб қоламан…
- Эсинг жойидами, даштда, тупканнинг тубида бўлсак, ярим кечада қаерга борамиз?
Янги завод қурувчилари яшаётган чўлдаги бу вагон уйлардан бошқа яқин атрофда аҳоли манзили йўқ. Энг яқин бўлган туман маркази 80 километр нарида.
- Нима қилсак экан-а? «Тез ёрдам» чақирсак ҳам бир соатда келади! - Камол дўстига ачиниб қаради.
- Жўра, бироз чида, мен ҳозир бир иложини қиламан.
У геологларнинг «УАЗ» машинаси ҳайдовчисини уйғотиб келганда Мансурнинг оғриқдан инграши ҳали ҳам қолмаганди. Ярим кечада бир амаллаб туман шошилинч тез ёрдам марказига етиб келишди.
- Кўричак хуружи, - деди врач текшириб кўргач. - Дарҳол операция қилиш керак. Афсуски, бугун бизда бунинг иложи йўқ. Жарроҳлик столи устидаги лампа ишламаяпти. Уста чақирганмиз, эртага келади. Вилоят маркази эса олисда. Тонг отишини кутишга тўғри келади. Энди нима бўлса ҳам чидайсиз, ука. Ҳамшира, дарҳол оғриқни қолдирувчи ва тинчлантирувчи укол қилинг!
Уколдан сўнг Мансур бироз енгил тортди.
- Дўхтир, уша лампангизни кўрсам бўладими?
- Нима, электрикмисиз?
- Ҳа, қурилишга йўлланма билан келганмиз, - Мансур операция хонасида шифтда ўрнатилган жарроҳлик столи устидаги ўн олти кўзли лампани кўздан кечирди.
- Яқинда Кореядан келтиришди. Бирор ишкал борми ёки электрикларимиз тушунмадими, ёнмади, - дўхтир изоҳ берди.
Мансур коридорга чиқиб, электршит рубилнигини ўчирди. Сўнгра операция хонасига кетган симларга синчиклаб кўз югуртирди: “Ҳм, тушунарли”!
- Камол, ҳайдовчидан сўранг, отвёрткасини бериб турсин!
- Ҳозир, мана! - Камол Мансурга отвёрткани тутқазди. Мансур операция хонаси лампаси уланган симлардан бири яхши маҳкамланмагани учун ток ўтказмаётганини фаҳмлади. У симни маҳкам қотирди. Коридорга чиқиб, рубилникни қўшди.
- Духтир, лампани ёқиб кўринг-чи?
Дўхтир лампани ёққан эди, операция хонаси чароғон бўлди.
- Қойил! Ҳамшира, беморни операцияга тайёрланг! - дўхтир хурсанд бўлиб буюрди. Беморнинг ҳолатидан хавотирланган дўхтир хурсанд бўлди. - Худога шукур-э!
...Мансур операциядан кейин ўзига келганида тонг ёриша бошлаган эди. Ҳаммаси ортда қолди. У муҳандис, электрик бўлиш орзусида университетда ўқиб юрганида олган билими чироқ бўлиб, ҳаётини сақлаб қолишини хаёлига ҳам келтирмаганди.
Тоғаймурод Шомуродов.