Либоссиз қолаётган инсоният
Томоша бошланди! Жуда жиддий томоша, фақат унинг актёрларию, томошабинлари ҳам ўзимиз. Биз, яъни бугун урфга кирган ибора – глобаллашаётган жамият зодагонлари.
Ундаги томошалар нақ “Уста ва Маргарита”даги Варьете театрида рўй берган ҳодисаларга ўхшайди. Унда ҳам томошабин шайтоннинг ҳашамли шоуларига учиб, ўз кийимларидан воз кечиб, қиммат либосларига бурканиб чиққанидек, бунда ҳам қиммат либосли инсонлар тўсатдан кийимидан ажраб қолишига бир баҳя қолмоқда. Фарқи – асар қаҳрамонлари театрдан чиқибоқ, либосидан ажраб қолган бўлса, бу ерда узоқ йил аввалги ёзишмалар, ҳужжатлар ошкор бўляпти ва ошкор этяпти.
Шу кунларда хориж оммавий ахборот воситаларию, ижтимоий тармоқлар яна бир бор Эпштейн файллари билан юзма-юз бўляпти. 2019 йилда вафот этган (суд унинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлаган) Эпштейннинг компьютеридаги ҳужжатлар нечук бир неча марта нафақат Америка, балки бутун дунё жамоатчилигини уйғотиб юборяпти. Умуман, Жеффри Эпштейн деганлари ким ўзи?
Эпштейн ким?

Жеффри Эпштейн америкалик молиячи ва миллиардер. 1953 йилда Нью-Йоркда туғилган. 1971-74 йилларда Манхэттендаги хусусий мактаблардан бирида физика-математика фанидан дарс берган. Кейинроқ, юқори лавозимдаги инсонлар билан яқин алоқалар орқали турли фирмаларга асос солади.
Кейин у фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган активларни қайтариб олишга қаратилган ўзининг Intercontinental Assets Group консалтинг фирмасини ташкил этди. 1988 йилда у шериклари Стивен Хоффенберг (Понзи схемасини бошқаришда айбланган) ва Форбес рўйхатига киритилган миллиардер, Victoria's Secret эгаси Lesli Veksner билан J.Epstein & Company (кейинчалик The Financial Trust Company) бошқарув фирмасини очди, унинг активларини 1987 йилдан 2007 йилгача бошқарган.
Эпштейннинг бойлиги номаълум. Унинг Манхэттенда хусусий уйи, Флорида штатининг Палм-Бич шаҳридаги қасри, Парижда квартираси, Ню-Мексикода ранчоси ва Кичик Сент-Жеймс ва Буюк Сент-Жеймс (Кариб денгизидаги Виржиния оролларининг бир қисми) хусусий ороллари бор эди. Молиячи ўзининг баъзи активларини оффшор юрисдикцияларда сақлаган.
2008 йилда Эпштейн вояга етмаган қизни зўрлашда айбдор деб топилди. 2019 йилда молиячи одам савдоси ва фоҳишабозликда айбланиб ҳибсга олинди. Шу йили у суд бўлишини кутмай, жонига қасд қилгани тасдиқланган.
Эпштейнга вояга етмаган қизларни ёллаш ва жинсий эксплуатация қилиш тармоғини ташкил этган, деган айбловлар қўйилган. Уларнинг баъзиларини зўрлаган ёки бадавлат мижозларга сотган. Молиячи ўзининг шахсий оролида таниқли шахслар учун хусусий зиёфатлар уюштирган деб тахмин қилинмоқда.
Бугун оммавий ахборот воситалари Эпштейннинг файллари, шунингдек, "педофиллар рўйхати" номи билан ҳам танилган ҳужжатлар нималардан иборат? Ушбу ибора билан айтиладиган файллар минглаб ҳужжатларни, жумладан, гувоҳларнинг кўрсатмалари, манзил китоблари, сертификатлар, счёт-фактуралар, гувоҳларнинг интервью транскриптлари, полиция ҳисоботлари ва электрон почта хабарларини ўз ичига олади. Эпштейннинг рўйхати, бошқа нарсалар қатори, молиячининг танишлари, жумладан, кўплаб машҳур шахслар, сиёсатчилар ва ишбилармонлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади: Билл Клинтон, Доналд Трамп, шаҳзода Эндрю (ҳозирги Британия қироли Чарльз III нинг укаси), Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон, иллюзионист Девид Копперфилд, актёр Дастин Хоффман, Microsoft асосчиси Билл Гейтс ва бошқалар.
Ушбу ҳужжатларда айрим сиёсатчилар ёки ишбилармонларнинг пайдо бўлиши уларнинг жинсий жиноятларга алоқадорлигини англатмайди, аммо бу уларнинг рақибларига уларнинг эҳтимолий шериклиги мавзусида тахмин қилиш имконини беради.
Эпштейн ишидан Виржиния Жуффренинг (зўрланган жабрдийда) шериги Гислайне Максвеллга қарши даъвоси билан боғлиқ баъзи ҳужжатлар 2019 ва 2024 йиллар оралиғида қисман эълон қилинди. 2023 йил декабрь ойида суд қарори билан Эпштейн билан боғлиқ шахслар номи кўрсатилган ҳужжатларни эълон қилиш бошланди. 2024 йилда Жуффренинг даъвоси бўйича судга тақдим этилган ҳужжатларнинг якуний қисми махфийлаштирилди. Улар жами 4500 саҳифага эга 215 дан ортиқ ҳужжатдан иборат бўлиб, унда АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтонни ўз ичига олган 150 дан ортиқ таниқли шахсларнинг исми тилга олинган. Трампнинг 2025 йил 20 декабрдаги фармонидан сўнг, Эпштейннинг қўшимча ҳужжатлари эълон қилина бошлади. Ушбу ҳужжатлар нималарни ошкор қилмади, дейсиз! Ёш болалар зўрланишидан тортиб одамхўрликларгача бўлган ваҳшийликлар Эпштейннинг шахсий оролида ўтказилган ва унда дунёнинг манаман деган инсонлари иштирок этган, деган тахминлар бор.
Айни кунларда шу ҳужжатларнинг кўпчилиги ошкор этилмоқда. Улар орасида дунё миқёсидаги жиддий шахсларнинг борлиги ушбу файлларга қизиқишни янада орттирган. Расмий муносабатлар кутилишидан олдин бу гаплар бутун дунёга тарқаб бўлди, лекин барибир аниқлик киритилишини кутаётганлар кўп.

Огоҳлик қўнғироғи
Ҳа, бугунги жамият яна бир жиддий синов қаршисида қолган. Варьете театри томошабинлари сингари ўз кийимидан, яъни ўзлигию, қадри, номус орию, ҳаёсидан воз кечиб, нафснинг энг жирканч ўйинларига маҳлиё бўляпти.
Энг қизиғи, Эпштейн файллари орасида самарқандлик қиз ҳам Эпштейнга мактуб ёзгани ва мактубда у Америкага бориш учун ҳамма нарсага тайёр эканлиги айтилмоқда. Янаям қизиғи, кўплаб давлатларда истиқомат қилаётган шундай қизларнинг электрон мактублари мавжудлиги яна бир жумбоқ. Одам савдоси, тўғрироғи, қизлар савдоси билан шуғулланган бу миллиардернинг қамров кўлами шунчалик кенг бўлганми, ёки бу ахборот хуружининг бир кўринишими?
Бу ишга ҳамма аралаш, ҳамма давлатлару халқлар бу ҳақда билиши лозим, деган васваса мавжудми унда? Аслида бу васваса бўлмаса-да, нафснинг бу каби жирканч ўйинлари ҳар бир жамиятда у ёки бу қадар бор. Эҳтимол, буям бир огоҳлик қўнғироғидир. Ўзлигимиз, қадриятларимиз, инсонийлигимизни асраб қолишга ундаётган жиддий қўнғироқдир бу?!
Гулруҳ МЎМИНОВА.