Самарқандда Ўзбекистон–Италия ҳамкорлигида халқаро илмий-амалий семинарлар ўтказилди
Хабар берганимиздек, 2–3 февраль кунлари Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети (СамДАҚУ)да Ўзбекистон ва Италия мутахассислари иштирокида халқаро илмий-амалий семинарлар бўлиб ўтди.
Тадбирлар замонавий шаҳарсозлик, экологик барқарор архитектура ҳамда иншоотларни сейсмик ҳимоялаш масалаларига бағишланди.
Семинарнинг биринчи куни “Янги урбанизация концепцияси: урбанизация, санъат ва маданият, муҳандислик ва архитектура, экобарқарорлик. Италия ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида ўтказилди. Унда шаҳар ривожида маданият ва санъатнинг ўрни, экологик барқарор ечимлар, замонавий архитектура ва муҳандислик ёндашувлари муҳокама қилинди.
Иккинчи кун “Иншоотларни сейсмик ҳимоялаш: Италия ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусига бағишланди. Семинар доирасида сейсмик изоляция технологиялари, замонавий муҳандислик ечимлари, 3D босма иншоотларда сейсмик синовлар бўйича амалий тақдимотлар ҳамда экспертлар билан савол-жавоблар ташкил этилди.
Тадбирларда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Тоир Алиматов, Жаҳон банкининг шаҳарсозлик бўйича катта мутахассиси Моҳамед Нада, шунингдек, Ўзбекистон ва Италия олий таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, йирик қурилиш ва муҳандислик компаниялари вакиллари, халқаро экспертлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
Семинарлар доирасида СамДАҚУ ва Италиянинг Габриэле д’Аннунзио университети (Чиети–Пескара), Жанубий Кореянинг Ҳансео университети, Қорақалпоқ давлат университети каби нуфузли олий таълим муассасалари ўртасида англашув меморандумлари имзоланди. Шунингдек, СамДАҚУ ҳамда Италиянинг “Crisci Management” консалтинг компанияси ўртасида инновация ва стартапларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик баённомаси ва меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳамкорликлар профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотлар, халқаро семинар ва конференцияларни ташкил этиш, шунингдек, инновацион стартаплар ва илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга қаратилган.
Семинар ташаббускори, СамДАҚУ ректори маслаҳатчиси, халқаро алоқалар ва стартаплар бўйича бош менежер Гаэтано Крискининг таъкидлашича, тадбирларнинг асосий ғояси Италия ва Ўзбекистон ўртасида, хусусан, Абруццо ҳудуди ҳамда Сан-Салво ва Васто шаҳарлари билан Самарқанд ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
- Мақсадимиз таълим соҳасида қўшма дастурларни йўлга қўйиш, энг муҳими, ёш авлодга халқаро таълим олиш имкониятларини яратиш ва уларнинг профессионал келажагини қўллаб-қувватлашдир. Шу боис муҳандислик, менежмент, санъат ва маданий мерос йўналишларида инглиз тилида олиб бориладиган янги ўқув курсларини очишни режалаштиряпмиз, - деди у. - Ўзбекистон бугунги кунда ўзига хос уйғониш — Ренессанс даврини бошдан кечирмоқда. Менинг орзуим Италия Уйғониш даврини Ўзбекистондаги бугунги тараққиёт билан қиёслаш, яъни санъат, маданият, муҳандислик ва архитектуранинг уйғун ривожини кўришдир.
СамДАҚУ ахборот хизмати.