"Беш ташаббус олимпиадаси"нинг бу йилги мавсумида нималар ўзгаради?

Вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Нурмонов ва соҳа масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ўтган йил Самарқандда спорт соҳасида амалга оширилган ишлар, тизимдаги ютуқ ва камчиликлар ҳамда жорий йилги режалар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланишича, ўтган йилда вилоятимизда аҳолининг оммавий спортга қамровини ошириш мақсадида 9300 дан зиёд оммавий спорт тадбирлари ўтказилиб, уларга 1,3 миллион аҳоли жалб этилган. Натижада аҳолининг спортга қамров даражаси 28 фоиздан 30 фоизга етказилган ва жорий йил бу кўрсаткични 32 фоизга етказиш режалаштирилган.

– Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда 600 га яқин маҳаллий, республика ва халқаро спорт тадбирлари ўтказилди, – дейди Ж.Нурмонов. – Спортчиларимиз томонидан Ўзбекистон чемпионати ва кубоги, Осиё, жаҳон чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда 2796 та медаль қўлга қиритилди. Шу билан бирга, йил давомида 1288 нафар спортчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ва захира таркибига қабул қилинди. Маҳалла ёшларини спортга кенг жалб этиш ва иқтидорли спортчи-ёшларни саралаб олиш мақсадида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг ўтган йилги мавсумида 14–30 ёш тоифасида маҳалла ёшлари спортнинг 14 тури бўйича беш босқичдаги мусобақаларда беллашди.

Мусобақаларда иштирок этиш учун “5tashabbus.uz” платформаси орқали 612 минг нафардан зиёд ёшлар рўйхатдан ўтди. Уларнинг 581 минг 890 нафари беллашувларда фаол иштирок этди. Олимпиаданинг республика босқичида вилоятимиз спортчилари 19 та олтин, 14 та кумуш ва 9 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

15-17 ёшдаги спортчилар ўртасида “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт ўйинларининг финал босқичи – «Президент олимпиадаси» мусобақаларида вилоятимиздан 10 спорт тури бўйича 222 нафар спортчи иштирок этиб, 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медалини қўлга киритди.

“Спорт турлари географиясини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ҳудуд” номинацияси бўйича Самарқанд вилояти ғолиб бўлди.

Матбуот анжуманида тизимда ютуқлар билан бирга, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, Профессионал спортчиларни тайёрлаш ва уларни терма жамоаларга етказиб бериш мақсадида вилоятда иккита Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолият олиб бормоқда.

Республикамизнинг аксарият ҳудудларида бундай марказлар сони битта ва бу борада вилоятимиз  етакчи. Аммо бугун ушбу марказлар талаб даражасида фаолият юритяпти деб бўлмайди. Мисол учун, ўтган йил якунида ўтказилган “Президент олимпиадаси” мусобақаларида 500 га яқин медаль учун қизғин баҳс олиб борилди ва уларнинг 136 таси олтин медаль эди. Афсуски, Тойлоқ олимпия маркази жамоаси бирорта спорт тури бўйича олтин медални қўлга киритмаган. Шунингдек, Тойлоқ, Каттақўрғон ва Қўшработ туманларидаги спорт мактабларида малакали мураббийлар етишмайди. Айрим спорт муассасаларида эса ўқув машғулот режасига киритилмаган спорт турлари ҳам бор.

Вилоят спорт бошқармаси бўлим бошлиғи Жамшид Тиллаев “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг жорий йилги мавсумида киритиладиган ўзгаришлар ҳақида ҳам маъломот берди.

– Жорий йилги мавсумда беш босқичли мусобақалар 15 спорт тури бўйича ўтказилади ва беллашувлар март ойидан бошланади, – дейди Ж.Тиллаев. – Бу йил олимпиадага миллий халқ ўйинлари ҳам киритилиши режалаштирилган. Жумладан, арқон тортиш, тош кўтариш, арғимчоқда сакраш, армрестлинг, мас-рестлинг (таёқ тортиш) спорт турлари киритилади. Мусобақалар 16-30 ёш тоифасида ўтказилади ва 30 ёшдан ошганлар “Маҳалла лигаси” мусобақаларида иштирок этади.

Тадбир якунида масъуллар журналистлар саволларга жавоб қайтарди ва жорий йил вилоятимизда бир қатор халқаро тадбирлар ўтказилиши, спорт муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш, мураббийлар малакасини ошириш, машғулотларни сифатли ташкил этиш ҳамда терма жамоаларга иқтидорли спортчиларни етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилиши маълум қилинди.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.