Кўнгил мулки бозормас
Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳамида Каримова таваллуд топган кун.
Шоира 1938 йил 3 февралда Самарқанд шаҳрида туғилган. 1962 йилда СамДУ ўзбек ва тожик филологияси факультетини тугатган ва аспирантурада ўқиган.
«Саодат», «Шарқ юлдузи», «Звезда Востока» журналлари, «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси), «Зарафшон» газеталарида шеърлари чоп этилган.
Ҳамида Каримованинг «Кўнгил дафтари», «Қўш кокил», «Учқунлар» шеърий тўпламлари нашр этилган.
Қуйида шоиранинг шеърларидан баҳраманд бўласиз.
Кексайганда...
- Кексайганда бу дунёда инсон учун не зарур?
- Ором, роҳат, хотиржамлик, фароғат.
Минг шукурки, кўнгил мулки бозормас,
Етказолмас оқилларга жароҳат.
Қариндошдан яхши қўшни минг афзал,
Юз-кўзидан ёғилади малоҳат.
Қўл кўксида, юзи қуёшдай очиқ,
Нур сочади, дил беғубор – аломат.
Баъзи хешу ақраболар – бегона,
Қўни қўнжи тўла бахил, адоват.
Не ҳам дейсиз, улар ўзи билади,
Ўз кунига ўзи бўлсин саломат.
Шуҳратталаб, обрўталаб баъзилар,
Болалагай жуссасида қабоҳат.
Бахтим шуки, манглайим силаб, Аллоҳ,
Умр – нурпош, шудир улуғ саодат.
Тўй
Бу кеч тоғлар боши олмос бўлибдур,
Бахт улашар тақдир толмас бўлибдур.
Ҳилолу юлдузлар келиб базмга,
Зим-зиё осмонга бормас бўлибдур.
Қизнинг либосида зар, мунчоқ порлар,
Сомон йўлларига ул мос бўлибдур.
Фалак ё тақдирнинг ишораси бу,
Юз-кўзларга меҳр пардоз бўлибдур.
Қуда-андажонлар «Қўша қаринг!» деб
Ёшларга бахт тилаб дилроз бўлибдур.
Келинга бир боқинг, эрка, гулноза
Йигит ҳузурида ноз-ноз бўлибдур.
Машшоқлар куйида илоҳий оҳанг,
Сўз, куйи дилкашу дилноз бўлибдур.
Олтин бошингизга ишқ тожин тилаб,
Ҳамида ҳам тўйга ҳамроз бўлибдур.