Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030: Самарқандда имкониятлар ва ислоҳотлар шиддати

 

Бугунги кунда давлат сиёсатининг энг муҳим бўғини бу ёшлар билан ишлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 апрелдаги ПФ-66-сонли фармони ҳамда ПҚ-148-сонли қарори мамлакатимизда ёшлар сиёсатини янги, сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқди. Мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифаларнинг вилоятимиздаги ижроси ҳамда ёшлар ҳаётидаги аҳамияти ҳақида вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Суюнбоев билан суҳбат қилдик.

- Алишер ака, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 20 апрель куни имзоланган фармон ва қарор нафақат соҳа мутахассислари, балки кенг жамоатчилик ўртасида катта акс-садо берди. Самарқанд вилоятида ушбу стратегияни ҳаётга татбиқ этиш ишлари қай даражада бошланди?

- Биласиз, Самарқанд азалдан илм-фан, маданият ва ёшлик шижоати маркази бўлиб келган. Бугун вилоятимизда 1 миллиондан зиёд ёшлар истиқомат қилади. Бу улкан куч ва катта масъулият демакдир. Президентимизнинг янги фармон ва қарори биз учун ҳаракатлар дастури бўлди.

«Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030» стратегияси шунчаки режалар мажмуаси эмас, у ёшларнинг бандлигидан тортиб, уй-жой таъминотигача, таълимидан тадбиркорлигигача бўлган барча жараёнларни қамраб олган мажмуавий ечимдир. Биз вилоятда аллақачон «маҳаллабай» тизими асосида ишларни бошладик. Ҳар бир маҳалладаги ёшлар етакчиси эндиликда нафақат муаммоларни ўрганади, балки ушбу янги қарорларда берилган имтиёзларни манзилли етказиш билан шуғулланади.

- Қарорда 20 минг нафар ёшнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва «Янги авлод тадбиркорлари» дастурини ишга тушириш белгиланган. Самарқандлик ёш тадбиркорлар учун бу қандай амалий енгилликлар беради?

- Бу жуда долзарб савол. Илгари ёшлар тадбиркорлик бошлашда иккита катта тўсиққа дуч келарди: билим етишмаслиги ва бошланғич сармоя муаммоси. Янги тизим бу икки муаммони ҳам ҳал қилади.

«Янги авлод тадбиркорлари» дастури доирасида Ёшлар ишлари агентлиги хусусий сектор ва хорижий экспертлар билан ҳамкорликда ёшларни саралаб олади. Уларга бизнес лойиҳасини ишлаб чиқишдан тортиб, бозорга чиқишгача бўлган йўл ўргатилади. Энг муҳими, билимларни муваффақиятли ўзлаштирган 1 минг нафар энг яхши ёшга Ёшлар ишлари агентлигининг махсус сертификати берилади.

Табиий савол туғилади: сертификат нима беради? Унга эга бўлган ёш йигит ёки қиз базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача миқдорда имтиёзли ссуда олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда белгиланган 6 ойлик имтиёзли давр ва 3 йил муддат янги бизнес учун нафас олишга, оёққа туриб олишга етарли имконият.

Яна бир муҳим жиҳат, жорий йил 1 июлдан бошлаб ёш тадбиркорлар ўз корхоналарини электр, сув ва канализация тармоқларига улашда сарфлаган маблағларининг БҲМнинг 10 бараваригача бўлган қисмини давлат томонидан қоплаб олишлари мумкин.

- Фармонда таълим соҳасига, хусусан, нодавлат таълим секторини қўллаб-қувватлашга катта урғу берилган. Самарқанддаги ўқув марказлари ва техникумлар фаолиятида қандай янгиликлар бўлади?

- Тўғри таъкидладингиз. Биз энди фақат диплом бериш эмас, балки бозорда талаб юқори бўлган касбларни ўргатишга ўтяпмиз. Жорий йил 1 июлгача нодавлат ўқув марказларининг энг кучли ўқитувчилари хорижий илғор таълим марказларига стажировкага юборилади. Бу — таълим сифатини ошириш демакдир.

Олис ва чекка ҳудудларда, айтайлик, Қўшработ ёки Нуробод туманининг узоқ қишлоқларида хорижий тилларни ўргатаётган ўқув марказларини кенгайтириш учун БҲМнинг 730 бараваригача фоизсиз ссудалар ажратилади. Бу чекка ҳудуд ёшларининг ҳам шаҳар ёшлари билан тенг имкониятга эга бўлишини таъминлайди.

Айниқса, техникумлар қошидаги «спин-офф» корхоналари ҳақида тўхталиб ўтишим керак. Бу таълим муассасаси ичида реал ишлаб чиқариш ва стартапларни яратиш дегани. Самарқанд вилоятидаги техникумларда шундай корхоналар очилишига рухсат берилди ва уларга 1 миллиард сўмгача грантлар ажратилади. Бу ўқувчини нафақат назариячи, балки амалиётчи тадбиркор сифатида тарбиялайди.

Бу нима дегани ва у қандай натижа беради?

Бу халқаро тажриба. Техникум ўқувчиси ўз стартап лойиҳасини ишлаб чиқса, у мазкур таълим муассасаси қошида ўз кичик корхонасини очиши мумкин. Такрор бўлса-да айтаман, бу ўқувчининг нафақат назарияни ўрганиши, балки талабалик давридаёқ реал даромад топишини таъминлайди.

Самарқандда биз ҳар бир туманда камида битта шундай намунали корхонани ишга туширишни мақсад қилганмиз.

- Ёшлар учун энг муҳим масалалардан бири — уй-жой. Қайд қилинган ҳужжатларда ўсиб келаётган авлод учун айни масалада қандайдир енгилликлар назарда тутиляптими?

- 2027 йил 1 январьдан бошлаб, уй-жойга муҳтож, 30 ёшдан ошмаган ва сўнгги 3 йилда ўз номида кўчмас мулки бўлмаган ёш оилалар учун ипотеканинг янги тартиби кучга киради.

Асосий янгилик шундаки, ипотека кредитлари бўйича ҳисобланган фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Бу дегани, ёш оила зиммасидаги фоиз юки кескин камаяди.

Самарқандда янги қурилаётган массивларда ёшлар учун алоҳида квоталар ва ушбу имтиёзларни қўллаш бўйича ишчи гуруҳлар тузилмоқда. Бу чора оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади.

- Адашмасам, ёшларни давлат хизматига жалб қилишда ҳам янги тизим жорий этилмоқда. Илгари кўпчилик ёшлар стаж ёки таниш-билишчилик тўсиғига дуч келаётганидан шикоят қиларди. Энди нима ўзгаради?

- Юқорида қайд қилинган қарор сиз айтган масалага нуқта қўйди. Жорий йил 1 июлдан давлат хизматига қабул қилишда суҳбат саволлари бир ой олдин расмий сайтда эълон қилинади. Бу — ёшлар олдиндан тайёргарлик кўриши ва билим эвазига ишга кириши учун имконият.

Энг муҳими, кўплаб лавозимлар учун иш стажи талаби бекор қилинди ёки кўпи билан 2 йил этиб белгиланди. Самарқанд давлат университети ёки бошқа олийгоҳларимизни битираётган билимли, аммо стажи йўқ ёшлар энди бемалол масъул лавозимларга даъвогарлик қилишлари мумкин. Бизга янгича энергия ва замонавий дунёқараш керак.

- Президент фармонида «Илғор ижодкор» мукофоти ва китобхонлик маданияти ҳақида ҳам бандлар бор. Самарқанддек маданий марказда бу қандай амалга оширилади?

- Бизда ижодкор ёшлар жуда кўп. «Илғор ижодкор» Президент мукофотининг жорий этилиши улар учун катта рағбатдир. Шеърият, драматургия ва болалар адабиёти йўналишида ғолиб бўлган ёшларга БҲМнинг 200 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.

Шунингдек, Самарқанднинг ҳар бир туманида махсус хизмат кўрсатувчи кўчаларда кутубхоналар, «Book Cafe»лар ва китоб дўконлари очилади. Қаранг, қандай чиройли имтиёз бор: китоб сотувини ойига 10 мингдан оширган тадбиркорга 1 миллиард сўмгача имтиёзли ссуда берилади. Бу китоб савдосини фойдали бизнесга айлантириш демакдир. Биз вилоятимизда китобхонликни «тренд»га чиқарамиз.

- Шунча ишлар қилинаётган бир вақтда ўғил-қизларимизнинг бўш вақти ва ватанпарварлик тарбияси ҳам унутилмаган бўлиши шубҳасиз.

- Албатта, “Ёшлик — ҳаётнинг бахтли ва олтин даври” шиори остида “Ҳаёт фест” фестивалини анъанавий тарзда ўтказамиз. Бу шунчаки концерт эмас, балки эко-технологиялар, гастро-фестиваль ва АРТ-майдонларни ўз ичига олган улкан ижтимоий лойиҳа.

Жорий йилдан ҳар йили сентябрь ойида «Ёшлик — ҳаётнинг бахтли ва олтин даври» шиори остида ташкил қилинадиган умуммиллий фестиваль йигит-қизларнинг ютуқлари кўргазмаси, спорт мусобақалари ва маданий форум бўлади.

Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Самарқандда «Авлодлар мулоқоти» халқаро ёшлар конгрессини ўтказиш бўйича таклифларимиз бор. Халқаро ёшлар куни арафасида дунё ёшларини Самарқандда жамлаймиз. Бу бизнинг ёшларимизга дунёқарашини кенгайтириш ва халқаро тажриба ўрганиш имконини беради.

Шунингдек, тарбияси оғир ва профилактик ҳисобда турган ёшлар учун «Жасорат мактаби» ҳарбий-спорт йиғинларини ташкил этяпмиз. Уларни жамиятга қайтариш, қалбида Ватанга муҳаббат уйғотиш бизнинг асосий бурчимиз.

- «Ташаббускор қизлар мактаби» лойиҳаси-чи, у Самарқанд қизлари учун нима беради?

- Лойиҳа 16 ёшдан 19 ёшгача бўлган қизларимизни қамраб олади. У ерда ҳуқуқий билимлар, соғлом турмуш тарзи, оилавий қадриятлар ва касб танлаш бўйича бепул сабоқлар берилади. Мақсадимиз — илмли, ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлган аёллар авлодини тарбиялаш.

- Суҳбатимиз якунида Самарқанд ёшларига тилакларингиз.

- Президентимиз бизга ишонч билдирди ва барча имкониятларни яратиб берди. Эндиги вазифа — фақат ҳаракат қилиш. Самарқанд ёшлари ўз билим ва ғайрати билан «Янги Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга оширишда драйвер бўлишига ишончим комил. Биз ҳар бир ёшнинг ташаббусини эшитишга ва қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Эшигимиз ҳар бир йигит-қиз учун ҳамиша очиқ.

- Мазмунли ва таҳлилий суҳбатингиз учун катта раҳмат. Умид қиламизки, Самарқанд ёшлари бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, вилоятимиз ва юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшади.

- Саломат бўлинг!  

Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.