Таҳририятда уларнинг излари бор…

1996 йилнинг июлида Самарқанд давлат университетини битириб, «Зарафшон» газетаси таҳририятига келган эдим. Икки кун бош муҳаррирнинг қабулига киролмай қайтиб кетганман. Курсдошларим Уйғун Рўзиев ва Манноб Ибодуллаев ҳам шу ерга ишга кириш учун келган экан. Кейинчалик яна икки курсдошимиз - Ҳаким Жўраев ва Ғофир Яхшиев бизга қўшилди.

Таҳририятда бир одат бор, журналист бўлишни ҳоҳлаган одам, ким бўлишидан қатъий назар, малакасиз ёки тажрибали бўладими ўз фаолиятини мусаҳҳиҳликдан бошлайди. Биз ҳам шундай бошлаганмиз. Мусаҳҳиҳлар бўлимида қўлимизга газетанинг энди чоп этиладиган янги саҳифалардаги материалларни ўқиб имло хатоларини излаб топишни, ҳар бир жумланинг стилистика ва грамматикасига эътибор беришимизни уқтиришди. Ҳар куни эрталабдан кечгача матн ўқиймиз, хатоларни тузатамиз. Масъул котиб, раҳматли Адҳам Ҳайитов хонага кириб мусаҳҳиҳлар А.Қаршиев, Ш.Қаршиев, А.Бозоров ва Н.Худойбердиеваларга «Кўзларингга қаранглар, газетада хато ўтиб кетса, ўрниларингга янги ходимлар тайёр, уларни ишга оламиз...», деб ҳазиллашиб қўярди.

Бир ойлар ўтгач, мусаҳҳиҳлар қаторидан жой олдик. Хурсандлигимиз ичимизга сиғмас эди. У вақтлар «Зарафшон» ҳафтада тўрт марта чоп этиларди. Ҳар бир сонини тайёрлаш ва босмахонага топшириш ярим тунгача давом этарди. Баъзида саҳифалар хатоларини тўғрилагунимизча кечаси соат 2-3 бўлиб кетади, босмахона ишчилари эса «бўлди, қолганини эрталаб қиламиз», деб жанжал қилишарди. Иш тугагач, айниқса, қишнинг қоронғи тунларида уйга кетиш қийин. Кўча совуқ, автобус тугул, такси ҳам йўқ. Шундай пайтларда таҳририятда қолишга мажбур эдик, стулларни қатор қилиб қўйиб 3-4 соат ухлаб олардик.  Кейин яна янги кун, янги газета ташвиши бошланарди.

Таниқли журналистлар Аҳмаджон Мухторов, Марди Нуриддинов, Манноб Нажмиддинов, Асад Дилмуродов, Октябр Жавлоновлар, шунингдек, кўп йиллар мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаган Зубаржад (Зоя опа) Маҳмудоваларнинг ёш журналистлар билан ижодий учрашувлари ташкил этиларди.

Бир куни Адҳам Ҳайитов «10 кундан сўнг газетамизнинг билимдон мусаҳҳиҳи келиб, барчангиздан имтиҳон олади, тайёргарлик кўринглар» деб кетди. Ҳаммамиз ҳайрон, Ким у, қанақа одам экан, қандай имтиҳон қилади, фақат имло хатоларни кўрадими ёки стилистика - грамматикадан ҳам тайёргарлик кўриш керакми?”.

Ўн кун тайёргарлик кўрдик, газетада учрайдиган мураккаб сўзларнинг ёзилиши, адабий тилда ёки шевада айтилишини яхшилаб аниқлаб олдик. Ниҳоят, юрагимизга ваҳима солган кун келди. «Қўрқинчли» Зубаржад опа Маҳмудова ўғлини етаклаб кириб келди. Имтиҳон бошланди. Опа рус, араб, форс тиллари, ўзбек тилида ҳам тез-тез учрайдиган қийин ва мураккаб сўз бирикмаларидан тузилган матнларни тайёрлаб келган экан. 50-60 тача сўзларни ёздиргач, имтиҳонни тугатди. «Бўлди болалар уйга бориб «исправить этиб келам» деб ўғлини етаклаб чиқиб кетди.

2-3 кундан сўнг опа келиб баҳоларимизни эрталабки «пятиминутка» йиғилишида эълон қилди. Ёмон эмас экан, лекин янада зўр бўлиши учун ҳар ҳафта келиб имтиҳон қилиши шарт экан. Бир ҳафтадан сўнг Зубаржад опа яна ўғли билан кириб келди. Яна имтиҳон бошланди. Яна жавоблар эълон қилинди.

Бир куни Зубаржад опанинг ўғли билан танишиб қолдим. Ёши анча катта, лекин шу пайтгача уйланмаган экан. Опа «Ўғлимга уйланиш ҳақида гапириб юрманглар, кейин уйлантирасан деб мени безор қилади», деганди. Мен эса опанинг йўқлигидан фойдаланиб, бизни назорат қилаётган ўғлига ҳазиллашиб бирорта қиз билан таништириб қўяйми, деб қўйибман-да. Эртаси куни Зубаржад опа бош муҳаррирга телефон қилиб, кимдир ўғлимга қиз топиб уйлантириб қўямиз, дебди, энди уйдан ҳам чиқолмаяпман, деб хуноб бўлиб гапирибди.

Энди редактор уришса керак, деб ўзимизни четга олиб тургандик, Адҳам ака бош муҳаррир ёнидан қовоғи осилиб чиқди ва бизга қараб туриб «Болалар имтиҳонлар тугади, энди буёғи каникул» деб кулиб юборди.

Ўша даврда таҳририятда тушлик қилиш асосий масала сифатида кўндаланг турарди. Чунки ошхоналарда таомлар қиммат. Таҳририятнинг орқасида жойлашган Маматқул аканинг ошхонасидан эса бўғзимизгача қарз эдик. Шу сабаб кўпчилик, айниқса, аёллар уйидан овқат олиб келарди. Машинкачиларимиз Саноат Нажмиддинова, Маҳбуба Шаропова, Насиба опа, Нодира опалар ҳам ўз хонасида қозончада овқат тайёрлашарди.

Марҳум журналистлар Азиз Йўлдошев, Жамол Турсунов, Адҳам Ҳайитов, Ўктам Қурбонов, Абдували Очилов, шунингдек, Тоғаймурод Шомуродов, Абдурасул Сатторов, Хўжақул Муҳаммадиев, Анвар Намозовлар эса таҳририят коридорининг энг чеккасидаги хонадан ошхона сифатида фойдаланиб келишаркан. Кейинчалик уларга мен, Акбар Қаршиев ва Манноб Ибодуллаевҳам қўшилдик.

Ўзаро келишиб, кунига навбати билан бир кишидан қайнатма шўрва осишади. Босмахона ёнидаги раҳматли Жўрақул қассобдан кунига ярим килограмм гўшт олишади, унга қўшимча 0,5 килограмм картошка, шунча пиёз ва сабзи, иккита «буханка» нон олиб келишади. Соат 9:00да шўрва қозонга тушади. Роппа-роса 12:00да тушлик тайёр бўлади. Навбатчи «ошпаз» ҳаммага бир хил қилиб косаларга солиб қўяди. Тушликда шу ерда овқатланар эдик. Айримлар кечга қолса уларнинг овқатини олиб қўярдик. Кечроқ бўлса ҳам келиб, тановул қилишарди.

Тушликдан сўнг шу ернинг ўзида ижодий мулоқотлар бошланиб кетарди. Кимнинг мақоласи яхши чиққан, ким қанча хат ишлаган ёки кимлар навбатдаги ижодий сафарга қайси туманга боради – муҳокама қилардик. Гуруҳимизда биров масъул котиб, яна бири бош муҳаррир ўринбосари, бўлим бошлиғи ёки оддий мухбир бўлишидан қатъи назар, кичик ошхонамизда ҳамма бирдек хизмат қиларди. Катта-кичик йўқ деган гап эди. Энг қизиғи, навбатчи коса-товоқни ювиб, ошхонани тозалаб қўярди.    

Бироқ баъзида навбатчи келмай қолса ёки тўсатдан йиғилишга кетиб қоладиган бўлса, шу куни ҳаммамиз Маматқул аканинг ошхонасига тушардик.

Раҳматли Жамол аканинг танишлари кўп эди, шу сабаб у киши навбатчи бўлганида кўпинча овқатсиз қолардик. «Эй болалар, бугунча иложини қилиб туринглар, кейинги сафар чиройли манти ёки палов қилиб бераман», деб кўндирар эди. Бир қатор бўлиб яна Маматқул ошпазнинг олдига тушар эдик. У ҳам «Ҳа, бугун Жамол аканинг навбатимиди, шунинг учун келибсизларда, майли келаверинглар, тайёр пьюрим бор», деб кулиб қўярди.

Ҳозирда Қрим шаҳрида яшовчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Исо Абдураҳмонов «ошқозоним бошқа овқат истамаюр» деб ҳар куни тушликда уйига бориб, татарча чебурек тайёрлатиб еб келарди.

Бир куни вилоят ҳокимлигида бўлган йиғилиш анча чўзилиб кетди. Таҳририятдан 4 киши борганмиз. Тушлик вақти ўтиб кетган, ошқозон ичини таталаб ётибди. Бош муҳаррир ўринбосари Исо ака ҳайдовчисига тайинлаган шекилли, унинг уйига бориб «заказ» таомини олиб келди. Ҳаммамиз ошхонага кириб овқатланмоқчи бўлдик. Исо ака ҳам пакетни очиб чебурекларни ўртага қўйди. Қарасак ўзи 3 тагина экан. «Сизлар ҳам олинглар, янгангни қўли ширин-да» деб иштаҳа билан ея бошлади. Ўтирганлардан ҳеч ким унинг тарелкасига қўл узатмади, мен эса шўхлигим келиб, секин тарелкага қўл узатиб чебурекни бир четидан бўлиб, оғзимга солдим. «Исо ака, ростдан ҳам қўли ширин экан», деб кейин ўзимнинг товоғимдан бошладим. Қарасам, шерикларим Акбар ва Ғофир иккаласи «Емагин, ўзига етмайди, бор-йўғи 3 дона экан-ку» дегандай қараб турибди. Мен уларга кўзимни қисиб, «Ростдан ҳам ширин экан, бир татиб кўрмадиларингда», дедим. Устозларга бирозгина эркалик ҳам қилиб турардим. Улар ҳам гап-сўзларимни кўнглига олмас, ҳазиллашиб кетаверарди.

Бугун ёдга олган воқеалар «Зарафшон»чи журналистларнинг ҳаётидан бир шингили, холос. Ана-мана дегунча, орадан 30 йил - бир навқирон йигитнинг умрича вақт ўтибди. Қанчадан-қанча сувлар оқиб кетди.

Ортимга ўгрилиб қарайдиган бўлсам, кўз олдимдан таҳририятда жавлон уриб ишлаган журналистлар, марҳум Нормуҳаммад Сайфиддинов, Ўктам Ниёзов, Холмуҳаммад Нуруллаев, Азим Қодиров, Мамадиёр Зиёдинов, Ўктам Қурбонов, Убай Қодир, Тугалбой Музаффаров, Хайрулло Ҳамроев, Миршариф Хўжаев, Асқар Жалилов ва бошқалар ўта бошлайди. Уларнинг кўпчилиги умрининг охиригача бу ерда ишламаган бўлса-да, қадрдон даргоҳ билан алоқани узишмади. Тез-тез келиб ҳамкасблари билан суҳбатлашиб, газетада чиққан мақолаларни муҳокама қилар, янги мавзулар устида фикр алмашар эди.

Қанча инсонлар билан бирга ишлаш насиб қилди. Агар улар вақт машинасида айланиб шу бугунги таҳририятга тушиб қолса, бугунги шарт-шароитларни кўриб кўзларига ишонмаган бўларди. Чунки, у вақтларда таҳририятимизда 50 нафардан зиёд ходим ишлаган бўлса, бугун улар ярмича ҳам қолмади, лекин ана шу 25 нафар ходим 50 кишининг ишини қилмоқда. Негаки, замон ва технологиялар ўзгарди, интернет кириб келди. Бир вақтлар қўрғошиндан ҳарф ясаб чоп қилинган газеталар, бугун компьютерларда тайёрланиб, офсет усулларда тезкорлик билан чоп этилмоқда.

Бугун улар орамизда бўлмаса-да, излари таҳририятимизнинг ҳар бир қарич ерида бор. Бугун коридорларда юрган ўнлаб ёш журналистлар уларнинг изларидан юрибди.

Дилмурод Тўхтаев.