"Келдинг-у, ўтдинг кетиб бир шам ёниб ўчгунчалик"

Нусратулла Хидиров билан бир синфда ўқиганман. У мулла Абдулло бобо ҳамда Солиҳа момодек мукаррам аёлнинг тарбиясини олгани учун муомалада ҳам кўпчиликдан ажралиб турарди: ҳаммани сизларди, оғзидан ёмон сўз чиқмасди.

Мусиқа тўгарагига бирга қатнаганимиз учун бир-биримизни яхши тушунардик. Ҳатто 8-синф якунида ўша пайтдаги маданий-оқартув техникумининг миллий созандалик бўлимига ўқишга боришни орзу қилганмиз.

Камгап эди, кўп ўқирди, лекин баҳо учун тортишганини кўрмаганман.

Нусратулла Бухоро давлат педагогика институтининг физика факультетини битириб, қадрдон мактабимизда дарс берди. У ўн йил ичида нафақат ўз касбининг фидойиси, балки маҳоратли эгаси сифатида танилди. Шогирдлари турли танлов ва олимпиадаларда зафар қозонавергач, ҳамкасблар эътиборига тушди. Сўнг Ўзбекистон халқ ўқитувчиси бўлди.

Дўстим бадиий ижод билан ҳам пинҳона шуғулланиб келган экан. Буни менга машқларини юборгандан кейин билиб қолдим. Афсуски, таниқли муаллим оғир хасталикдан сўнг 2011 йилнинг декабрь ойида, 60 ёши арафасида оламдан ўтди.

У ўзидан беш нафар солиҳ фарзанд қолдирди. Уч қизи ота касбини эгаллади. Ҳозир ўғли Насимжон билан Нусратулланинг ғазал ва ҳикояларидан китоб тайёрлаяпмиз. Қуйида унинг бир жуфт ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Фармон ТОШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

***

Камолим сен

Санам, субҳи саболардан сўрар сўзим, саволим сен,
Узун тунлар ўтиб бедор, сурар ўйим, хаёлим сен.

Асалдек сўзларинг тинглаш муқаддас дил муродимдир,
Тиниқ чеҳранг тиниқликда қиёси йўқ, зилолим сен.

Фироқинг ўтида маҳзун кўнгил сендан нажот истар,
Юракда ўрнашиб қолган умид-орзу, висолим сен.

Ижозат бер, тўяй бир пас парирухсор, узорингга,
Чиройда не малаклардан ўтар соҳиб жамолим сен.

Йироқда сен шарор янглиғ зиё сочдинг, вале, афсус
Мунаввар ой жамолингга етиш амри маҳолим сен.

Азизам, ҳар маҳал Нусрат хаёл, ёдинг билан бедор,
Ки, бу олам ичинда излаган бахту камолим сен.

Тўхта бир дам...

Ёшлигим, гул фурсатинг қисқа бўлурми шунчалик,
Келдинг-у, ўтдинг кетиб бир шам ёниб ўчгунчалик.

Бўлса имкон, тўхта бир дам, бир нафас тарк этмагин,
Бор ҳаловат, лаззатингдан тотиниб кўргунчалик.

Мен қадаҳ олдим қўлингдан, шодлигимнинг чеки йўқ,
Сипқорай, кутгил, сафоси-кайфини сургунчалик.

Завқингга тўймай кўнгил афсусдадир, е воҳ, нетай,
Қанча орзу бирла армон қолди қон ютгунчалик.

Не умид бирлан келиб Нусрат ғазал бўстонига,
Қўл узатса, шошмагин, бир даста гул узгунчалик.

Нусратулла ХИДИРОВ.