Ҳаётни қалам билан ўлчаган инсон хотирасига эҳтиром
Самарқанд шаҳрида ўзбек журналистикаси тараққиётига муносиб ҳисса қўшган таниқли журналист, моҳир публицист Аҳмаджон Мухторов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда устоз журналистнинг ҳаёти ва сермазмун ижодий фаолиятига бағишланган «Аҳмаджон Мухторов замондошлар хотирасида» ҳамда «Умрнинг олтин тарозиси» китобларининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, республика ва вилоятда фаолият юритаётган журналистлар, сиёсат арбоблари, адиблар, зиёлилар, Аҳмаджон Мухторовнинг яқинлари, шогирдлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Аҳмаджон Мухторовнинг ҳаёт йўли, журналистик фаолияти ва мамлакатимиз матбуоти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритилди. Таъкидланганидек, А.Мухторов меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоятининг ўша даврдаги «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетасида бошлаб, ўзининг ўткир қалами, холислиги ва юксак касбий маҳорати билан кенг жамоатчилик эътиборини қозонди. Кейинчалик республика матбуотининг нуфузли нашрларидан бири — «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида самарали фаолият юритиб, қишлоқ ҳаёти, меҳнаткаш инсонлар турмуши ва мамлакат тараққиётига оид долзарб мавзуларни кенг ёритди.
Мустақиллик йиллари миллий журналистика тарихида янги саҳифа очилди. Ана шу жараёнда Аҳмаджон Мухторов 1991 йилда мамлакатимиздаги энг йирик ижтимоий-сиёсий нашрлардан бири бўлган «Халқ сўзи» газетасини ташкил этишда бош-қош бўлди. Унинг ташаббуси ва раҳбарлигида газета мустақил Ўзбекистоннинг демократик тараққиёти, давлат сиёсати ва жамият ҳаётини холис ёритувчи нуфузли нашр сифатида шаклланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Аҳмаджон Мухторовнинг журналистика соҳасидаги хизматлари, касбига фидойилиги, ҳақиқатга содиқлиги ва ёш ижодкорларни тарбиялашдаги беқиёс ҳиссасини алоҳида таъкидладилар. Қайд этилганидек, у нафақат етук журналист, балки юзлаб қалам аҳли учун ҳақиқий устоз, ҳаёт мактаби бўлган инсон эди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Жаббор Раззоқов ва Шуҳрат Жабборов устоз билан бирга босиб ўтган ижодий йўл ҳақида самимий хотиралари билан ўртоқлашди. Аҳмаджон Мухторовнинг инсоний фазилатлари, меҳнатсеварлиги, принципиаллиги ва ҳар бир мақолага катта масъулият билан ёндашишини эслаб, бугунги авлод журналистлари учун ҳам унинг ҳаёт йўли ибрат намунаси эканини таъкидладилар.

Тележурналист, Аҳмаджон Мухторов ҳақида бир қатор ҳужжатли фильмлар муаллифи Рўзибой Қўлдошев ҳам устоз ҳақида илиқ хотираларини сўзлаб берди.
- Аҳмаджон Мухторов ҳақида ҳужжатли видеолавҳалар тайёрлаш жараёнида у кишининг фақат етук журналист эмас, балки юксак маънавиятли, одамларга меҳрибон, ҳақиқатга садоқатли инсон эканига яна бир бор амин бўлдим, - деди Р.Қўлдошев. - У кишининг босиб ўтган ҳаёт йўли, журналистикага қўшган ҳиссаси, ҳамкасб ва шогирдларга бўлган муносабати ҳар қандай ижодкор учун ибрат мактабидир. Бундай инсонларнинг ҳаёти ва меросини келажак авлодга етказиш барчамизнинг маънавий бурчимиз, деб биламан.
Тадбир давомида Аҳмаджон Мухторов ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи видеолавҳа намойиш этилди.
Таъкидланганидек, Аҳмаджон Мухторов қолдирган бой ижодий мерос, журналистикадаги принципиал позицияси, ҳақиқатга садоқати ва Ватан равнақи йўлидаги фидокорона меҳнати бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти миллий журналистика тарихининг ёрқин саҳифаларидан бири сифатида ибрат мактаби бўлиб қолади.