“Сиз ҳам соғинасиз, соғиниб юринг”
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоир ва публицист Хайрулла Ҳамроев ҳаёт бўлганида бугун 70 ёшни қарши олган бўлар эди.
Хайрулла Ҳамроев 1956 йилда Булунғур туманининг Оқтепа қўрғонида таваллуд топди. Ёшликдан илмга, адабиётга ва сўз санъатига меҳр қўйган Хайрулла мактабни муваффақиятли тамомлаб, Самарқанд давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олди. Талабалик давриданоқ унинг қалами чархланиб, журналистика ва бадиий ижодга бўлган қизиқиши уни ҳаёт йўлини белгилаб берди.
У меҳнат фаолиятини Булунғур туманидаги “Булунғур ҳаёти” газетасида бошлади. Илк мақолалариданоқ унинг ўткир нигоҳли, ҳаёт воқеликларини теран ҳис этадиган ижодкор экани намоён бўлди. Кейинчалик у туман радиоси таҳририятида, сўнгра “Зарафшон” газетасида, шунингдек, “Меҳнат”, “Зарафшон” нашриёти, “Оила ва жамият” ва “Самарқанд” газеталарида самарали фаолият юритди.
Хайрулла Ҳамроевнинг журналист сифатидаги фаолияти серқирра ва мазмунли бўлди. Турли тармоқ газеталари ва матбаа нашрларида эълон қилинган мақола, очерк ва лавҳалари, таҳлилий чиқишлари орқали у жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни кўтариб чиқди. Унинг ёзганлари самимийлиги, ҳаётийлиги ва ўқувчи қалбига етиб бориши билан ажралиб турар, шу боис газетхонлар томонидан доимо қизиқиш билан кутиб олинар эди.
У нафақат моҳир журналист, балки қалби қайноқ, илҳомга бой ижодкор ҳам эди. Хайрулла Ҳамроевнинг шеърий ва насрий асарлари ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган. Хусусан, «Умрнинг овози», «Сарбон», «Таскин», «Ибратли умр», «Айро йўлда адашганлар», «Барқарор авлод» каби асарлари орқали у инсон тақдири, ҳаёт мазмуни ва маънавий изланишларни чуқур ва таъсирчан ифода этган.
Афсуски, истеъдодли ижодкорнинг умри қисқа бўлди. Хайрулла Ҳамроев 2019 йилда, ижоди камолот палласига кирган бир вақтда, 63 ёшида вафот этди. Бироқ у қолдирган бой ижодий мерос, самимий сўз ва қалб ҳарорати билан йўғрилган асарлари бугун ҳам ўқувчилар қалбида яшамоқда.
Қуйида ҳамкасбимиз Хайрулла Ҳамроевнинг ижод намуналаридан айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
***
ОНАМНИ СОҒИНИБ
Гоҳо бу дунёга сиғмай кетаман,
Онажон, соғиниб дийдорингизни.
Дийдамдан сизилган ёшни ютаман,
Ҳеч нарса босолмас хуморингизни.
Сиз еган товоққа суздираман ош,
Сиз тутган қошиққа босаман лабим.
Шўргина тот берар кўздан оққан ёш,
Соғинчдан толиқди дилим, асабим.
Жанда бўлиб кетди сиз тиккан чопон,
Барибир эгнимдан туширолмайман.
Энатут кутади ҳовлида ҳамон,
Ундан дардларимни яширолмайман.
Тиним билмасдингиз эрта наҳордан,
Кўйлагим дазмоллаб, шимим дазмоллаб.
Гоҳида чеҳрангиз кўрарманми, деб,
Ўксийман, сиз боққан ойнага қараб.
Ошнинг сабзисини кўрмасдингиз хуш,
Мен ҳам шу одатга кўникиб қолдим.
Сархуш уйғонаман сизни кўрсам туш,
Не яхши хислат бор, мен сиздан олдим.
Қизларни узатдим, қутулдим қарздан,
Ҳадемай келинлар келади уйга.
Уларга ўтаман «сиз ўтган дарсдан»,
Руҳан келиб кетинг, бошласам, тўйга.
Хаёлда сиз билан дардлашаман хўб,
Сиз ҳам соғинасиз, соғиниб юринг.
Бу дунёда ҳали битмаган иш кўп,
Фақат ёнингизга чорламай туринг…
КИНДИК ҚОНИМ ТЎКИЛГАН ҚИШЛОҚ
Онам руҳи келган шу макон,
Фикру хаёл кетар у томон,
Чорлар мени ўзига ҳар он,
Киндик қоним тўкилган қишлоқ.
Болалигим хотираси у,
Хотиранинг бокираси у,
Шўхликларнинг хотимаси у,
Киндик қоним тўкилган қишлоқ.
Тол хивичлар миниб чопганим,
Кўзим очиб илк бор топганим,
«Ҳаммом пиш»дан уйлар ёпганим,
Киндик қоним тўкилган қишлоқ.
Унда ўтди ўсмирлик чоғим,
Тезак ёққан тандир, ўчоғим,
Бошга кийган бодрингпўчогим,
Киндик қоним тўкилган қишлоқ.
Кенг далада боққаним қўйлар,
Қизлар билан чалғиган ўйлар,
Кураш тўйлар, кўпкари тўйлар,
Киндик қоним тўкилган қишлоқ.
Тинч қўймасди ҳандалак иси,
Дерди бизни «қовун ўғриси»,
Эслаб, йиғлаб олдим тўғриси,
Киндик қоним тўкилган қишлоқ.
Ўйлаб баъзан оҳ чекаман гоҳ,
Бўлолмадим бир содиқ ҳамроҳ,
Фарзандингман, дер Хайри Оллоҳ,
Киндик қоним тўкилган қишлоқ.