Ҳаёти – ибрат, илми – ҳикмат

Домла Абдиназар Пардаев ҳақида фақат шундай таърифлар бериш мумкин.

Ҳаётда кишилар бўладики, уларнинг умр йўли атрофдагилар учун ибрат мактабига айланади. Шундай фидойи, илмга садоқатли инсонлардан бири — 40 ёшида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган Абдиназар Пардаев.

Аввал бошдан айтиб ўтиш шарт, у киши учун илм касб эмас, балки ҳаёт мазмуни, виждон масаласи эди. Ёшлигиданоқ изланиш, мутолаа ва меҳнатни ўзининг кундалик ҳаёт тарзига айлантирган домла, йиллар давомида илм йўлида тинимсиз ҳаракат қилди. Ўқитиш, тадқиқот олиб бориш, шогирд тарбиялаш билан бирга, ўз устида ишлашни ҳеч қачон тўхтатмади.

Зотан, 40 ёшида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиши — тасодифий ютуқ эмас, балки сабр-тоқат ва қатъиятнинг натижаси эди. Бу ютуқ ортида кечалари ухламай қилинган меҳнат, чексиз изланишлар ва илмга бўлган самимий муҳаббат мужассам.

Домла нафақат етук олим, балки юксак инсоний фазилатларга эга устоз ҳам эди. Камтарлиги, самимийлиги, талабаларга бўлган меҳри ва адолати билан кўпчиликнинг қалбидан жой олди. У киши ҳар доим “илм — ҳалоллик” деб таъкидлар, шогирдларини ҳам шу руҳда тарбияларди.

Бугун Абдиназар Пардаевни хотирлар эканмиз, унинг илмий мероси, шогирдлар қалбида қолдирган эзгу изи ва ҳаётга бўлган ибратли муносабати абадий эканини ҳис қиламиз.

- Устоз фақат олим эмас, тарбиячи, йўл кўрсатувчи, қалбларга ишонч улашган инсон эди, - дейди И.Мамасолиев. - Талабалар унинг дарсига шунчаки баҳо учун эмас, маънавий озуқа олиш учун келарди. У ҳар бир ёшда имконият кўрар, ҳар бир шогирдга умид билан қарарди.

Бугун уни хотирлар эканмиз, унинг овози, маслаҳати, самимий табассуми кўз олдимизда гавдаланади. Устознинг илмий асарлари жавонларда қолмаган, шогирдлари турли соҳаларда унинг орзуларини давом эттирмоқда.
Дарвоқе, ўша даврларда вилоятнинг чекка ҳудудларидан илм эгаллаш учун келганлар учун аспирантурада ўқиш осон эмасди.

Қўшработ туманининг Жўш қишлоғида туғилиб ўсган Абдиназар Пардаевнинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун МДҲ давлатларида эътироф этилган тилшунос олим бўлгани бу қийинчиликларни енгишда қўл келди.

Абу Наср Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университети қошидаги Илмий кенгаш, МДҲ давлатлари учун рус тилидан янги дарсликлар яратиш бўйича Халқаро эксперт комиссиясининг аъзоси эканлиги, рус тили ва адабиёти ўқитувчилари халқаро ассоциациясига аъзо этиб сайланганлиги домланинг салоҳиятига ёрқин мисол эди.

Муваффақиятли эркак, деганда, одатда, катта ютуқларга эришган, ўз ишида барқарор, оиласи ва атрофидагилар учун таянч бўла олган шахс тушунилади. Шу маънода Абдиназар Пардаевнинг муваффақиятлари замирида оқила аёлнинг меҳнати, сабри ва қўллаб-қувватлаши ётганини алоҳида айтиш ўринли. Зотан, Холбуви Ибрагимова ўзининг ҳою-ҳаваслари ортидан югурмади. Аввало, турмуш ўртоғини рози қилиш, турмушни биринчи ўринга қўйишга интилди. Пировардида физика-математика фанлари номзоди сифатида Самарқанд давлат университетида талабларга сабоқ беришга ҳам улгурди.

Бу жуфтлик беш фарзанд — уч ўғил ва икки қизни оқ ювиб, оқ тараб элга қўшди. Улар илм билан банд бўлса-да, фарзандлари тарбиясини биринчи ўринга қўяр, уларга ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва билимга ҳурмат руҳини сингдиришга интиларди. Натижада ўғил-қизлари эл корига ярайдиган, муваффақиятли кишилар бўлишди.
Абдиназар Пардаев камтарлиги, самимийлиги, илмга бағишланган умри биз учун ибрат ва чексиз эҳтиром манбаидир.

Дилшод МУСИНОВ,
иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори.