Ўзи ҳам, ходимларга ҳам диктант ёздирган муҳаррир эди

Бир куни, аниқроғи, пайшанба куни ён қўшним Махфират аянинг таклифи билан «Панжоб» қабристонига бориб, аянинг раҳматли ота-онаси, ака-укалари қабрларини зиёрат қилдик. Шунда ҳамроҳим: «Юринг, қўшни, мен сиз билан яна бир қабрни зиёрат қиламиз», деди.
Иккаламиз қабристоннинг иккинчи дарвозасидан кириш томонга ўтдик. Ўшанда устозим Аҳмаджон Мухторовнинг қабрларини кўрдим.
- Устозим шу маконда қўним топганми?.. - дея соғинчимни, ҳаяжонимни яшира олмадим. Қабр тошларига қўнган ғуборларни қўлимдаги дока билан артдим. Кўзларимдан соғинч ёшлари оқиб, юзимни ювди.
Қабристон ҳовлисига қўйилган тахтали сўрига бориб ўтирдим. «Индамаслар макони»да ётганлар ҳақига, устозим Аҳмаджон ака, ота-оналари, ўтганларини эслаб, уларга бағишлаб дуои фотиҳа ўқидим.
Ана ўша сўрида ўтириб, ўтган кунларимизни бирма-бир кўз ўнгимдан ўтказдим.
...1967 йилнинг баҳорида «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетаси таҳририятига котиба бўлиб ишга келгандим. Ўша пайтда газета бош муҳаррири, раҳматли Нуриддин Шукуров эдилар. Кўп ўтмай, у киши университетга ишга ўтди. Отахон Хўжаев ва Аҳмаджон Мухторов бош муҳаррир ўринбосари эдилар. Кейин газета бош муҳаррирлигига Аҳмаджон Мухторов тайинланди.
Аҳмаджон Ғуломовичнинг иш услуби ўзгача эди. Иш соатлари қачон бошланиб, қачонгача давом этишини билиб бўлмасди. Таҳририятга кириб келишлари билан ўзларига хос салобатлари бўларди, иш услублари ўзгача эди. Кўпинча иш ўринларида ўтирмасдан, вақтлари таҳририятнинг бўлимларида, айниқса, машинисткалар хонасида кўпроқ ўтарди. Хатлар бўлимига кириб (мен ўшанда хатлар бўлими ҳисобчиси, Шоира Зоҳидова котиба эди) хатлар ҳисоб-китоби дафтарини сўраб, кўз югуртирарди. Кейин папкадан номерланган хатларни олиб танишардилар. Газета номига келган хатларни конвертдан очиб, хатлар ҳисоб-китоби дафтарига ўтказиб, номерлаб, папкага солиб бош муҳаррир ёки ўринбосарлари столига қўярдим. Улар хатларни мазмунига, мавзусига қараб, тегишли бўлимларга ўтказиш учун ҳар бир хатга тикилган хатлар ҳисобини устига ёзиб, имзо қўярдилар. Бир кунда 40-50 тадан хат олардик. Ҳар бир келган нома назоратда бўларди. Хатларни кунлик, ҳафталик, ойлик ҳисоб-китоби бўларди. Хатларни шахсан ўзлари назоратига олган эдилар.
Машинка хонасига кириб олиб, папкадан хатларни кўздан ўтказиб туриб, «Хатлардан сатрлар», «Қисқа сатрлар», «Далалардан дараклар», «Зарафшон почтасидан», «Агар сизга айтсак…» каби қатор рубрикалар остида хатлар билан ишлардилар.
Бўлим мудири, адабий ходим, корректор, “подчитчик” машинисткалар ҳар бир ходим «мен фалончи, менинг ўз вазифам бор», деб ўтирмасдан тиғиз пайтларда ҳамма гранка, полосаларни ўқишга киришардик. Аҳмаджон аканинг ўзлари полосаларни бўлиб-бўлиб ҳаммага тақсимлаб берардилар. Ҳаммамиз бирданига полоса ўқишга киришардик. Эрталаб соат 8:30-9:00 да ҳамма иш жойида бўларди. Ўз вазифасини бажариб бўлиб, гранка, полоса ўқишга киришардик. Баъзан кечки соат 10-12 ларга газетанинг навбатдаги сонини тайёрлаб бўлардик. Ўшанда ҳеч биримиз «мен чарчадим, кеч бўлди, кетишим керак» деган гапларни ишлатмасдик. Кечаси соат 10-12 ларда шофёрларимиз – Амин ака, Зиё акалар машинасида ўтириб, аввал Аҳмаджон акани уйларига олиб бориб, раҳматли Амбар янга (у киши ҳам ўша маҳал уйқусидан уйғониб) тайёрлаб берган дастурхондан таомларни едириб, кейин бизни уйма-уй элтиб қўярди. Яна эрталаб соат 8-9 бўлмай иш ўрнимизда бўлардик.
Аҳмаджон ака саводхонликка катта эътибор берардилар. Бизнинг газетамиз республикамиз бўйича энг саводли газета ҳисобланарди. Эрталабки «летучка»ларда ҳам энг аввало янги чиққан газетанинг муҳокамаси бўларди. Газета саҳифасида чиққан материалнинг мавзуси, мазмуни, гоҳ-гоҳида кетган орфографик хатолар муҳокама қилинарди. «Летучка»да адабий ходимлар билан бир қаторда бош корректор, бош машинистка ҳам қатнашарди. Газетада кетган хато учун навбатчи муҳаррир билан бирга, бош корректор, машинистка ҳам жавобгар бўларди. Баъзан машинка хонаси деворига, яъни машинистка ўтирадиган стол қаршисида, у печатлаган хато, машинкадан чиққан хато, асли печатланган варақни «кнопка» билан ёпиштириб қўярдилар. Бу биз учун катта сабоқ бўларди. Ўша куни газетага кетган битта орфографик хато учун машинисткалар орасида баҳс-мунозаралар бўларди.
Бош корректор (мусаҳҳиҳ), раҳматли Зубаржад (Зоя) опа: “Қани ўртоқлар, бугун бир диктант ёзайлик. Ҳаш-паш дегунча ўн беш кун, бир ой вақт ўтибди. Ҳамма муҳаррир хонасига қоғоз билан ручка олиб кирсин. Бугун диктант ёзамиз”, деди.
Шу куни бош муҳаррирдан тортиб, оддий ходимгача диктант ёзардик. Кейин Зубаржад опа ҳаммани ёзма ишини текшириб, хатоларни ошкора эълон қилардилар.
Аҳмаджон Мухторов зукко, топқир, саводли, меҳр-оқибатли бошлиқ эди. Нафақат иш жойимиздаги, балки ҳар бир ходимнинг оилавий шароитини ҳам яхши билардилар, ҳамманинг аҳволидан яхши хабардор эдилар. Яхши кунимизда ҳам, таъзиямизда ҳам биз билан бир қатор турардилар. Одамийлик, меҳр-оқибат у кишида ошиб-тошиб турарди.
Нафақага чиққан фахрий журналист ва техник ходимлардан, беморлардан тез-тез хабар олиб турардилар. Маҳаллий комитет аъзоларини уларга бириктириб қўйгандилар.
…Ўша куни «Ленин йўли» газетасининг барча-барча ходимлари кўз ўнгимдан ўтди. Илоҳий дунёга рихлат қилганлар ҳақида дуолар қилдим.
Шунда Хосият Бобомуродова қаламига мансуб «Қалам муборак» шеърини охирги мисралари ёдимга тушди:
Бу узун йўлларда бўронлар тинди,
Не боши осмонлар йўқолди изсиз.
Ботирман деганлар, чинорлар синди,
Сиз эса мангуга қоласиз сўзсиз…
Маҳбуба ШАРОПОВА,
«Шуҳрат» медали соҳиби.