Самарқандда Италия давлати билан олий таълим соҳасида ҳамкорлик қилинади

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Италиянинг Тушиа университети раҳбарияти билан учрашди. Унда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ҳамда Италиянинг Тушиа университети ўртасида ташкил этилган қўшма кампуснинг фаолияти ва истиқболлари муҳокама этилди.

Мазкур қўшма кампус ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Италия Бош вазирининг 2025 йил 28–29 май кунлари Самарқандда бўлиб ўтган учрашувида  илгари сурилиб, икки давлат ўртасидаги илм-фан, таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналиши сифатида белгиланган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Италиянинг Тушиа университети ўртасида расмий келишув имзоланди ва бугун ушбу ташаббус амалиётга жорий этилмоқда.

Учрашувда қайд этилганидек, томонлар ўртасида икки бакалавриат ва икки магистратура йўналишида қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади ва бу бўйича шартнома ҳам имзоланган. Жумладан, бакалавриат босқичида агрономия, озиқ-овқат фанлари ва технологияси йўналишлари, магистратура босқичида органик деҳқончилик йўналишларини ташкил этиш режалаштирилди.

Вилоят раҳбари қўшма дастурлар халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилгани муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Аграр соҳада Европа тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорликда ишлаш жуда муҳим, табиий маҳсулотлар етиштириш, ундан маҳсулотлар тайёрлаш, экспортга чиқаришда қўшма дастур муҳим омил бўлиб  хизмат қилади, - деди Адиз Бобоев.

Италиянинг Тушиа университети раҳбарияти талабалар таълим жараёнида икки давлатдаги олий таълим муассасаларида навбатма-навбат таҳсил олишлари, ўқув дастурини муваффақиятли тугатгач, Ўзбекистон ва Италия олий таълим муассасалари томонидан тан олинадиган икки томонлама дипломга эга бўлишлари кўзда тутилгани хусусида тўхталиб ўтди.  Бу эса битирувчиларга нафақат мамлакатимизда, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам кенг имкониятлар эшигини очади.

Шунингдек, учрашувда томонлар таълим дастурининг самарадорлигини ошириш, янги йўналишлар очиш ва ўқув жараёнини замонавий рақамли платформалар асосида ташкил этишга доир ташаббусларни ишлаб чиқишга  келишиб олдилар.