Нурободдаги Хайрон шайх қабристонидан сирли қудуқ топилди
Уни мутахассислар ўрганадими?
Хабар берганимиздек, пастдарғомлик ўқитувчи Акмал Хамраев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Бир гумбаз остидамиз” акцияси доирасида тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва қадамжолар атрофларига турли дарахт уруғларини экмоқда.
У Нуробод туманидаги бир қатор зиёратгоҳлар атрофида арча, ўрик, наъматак, бодом уруғларини ерга қадаш жараёнида тумандаги Хайрон шайх қабристони ўртасидаги тепаликда қудуққа ўхшаган чуқурликка дуч келди.
– Эҳтиёткорлик билан қарасам, чуқурлик ичида ён томонларга кетган йўлаклар кўринди, – дейди Акмал Хамраев. – Ушбу масканда бир пайтлар кориз ёки душмандан яширин чиқиш (лаҳм) йўли бўлгандир. “Хайрон” арабчада “хайр” эзгулик, яхшилик маъносини англатади. Манбаларга кўра, Ҳусайний Саййидзода Абдуллоҳ Маданий Андижоний 1391 йилда Мадинадан Андижонга кўчиб келган. “Хайрон Валий” лақаби билан танилган мазкур шахс Фарғона водийсида тарқалган аксарият саййидларнинг аждоди саналади. Бу ер ўша машҳур шахс номи билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Қабристон ичидаги эски масжиддан қолган устунларда эса Ҳайдар ёзуви бор. Буни мутахассислар ўрганиб, аниқ хулоса берса яхши бўларди.