Қурбон ҳайити ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари узлуксиз ишлайди

Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан юртдошларимиз кетма-кет 5 кун дам олади. Шу муносабат билан аҳоли ўртасида “байрам кунлари тиббиёт муассасалари қай тартибда ишлайди?” деган саволлар туғилмоқда.

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса байрам ва дам олиш кунларида тиббий хизматларни узлуксиз ташкил этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан махсус штаб тузилди.
Маълум қилинишича, 27-31 май кунлари туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари навбатчилик асосида фаолият юритади.

Шунингдек, ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида ҳам тиббиёт ходимлари аҳолига қонунчиликда белгиланган тартибда тиббий хизмат кўрсатади.

Байрам кунларида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, шунингдек, 200 га яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ҳам 24 соатлик режимда ишлайди. Уларда навбатчи шифокор ва ҳамширалар доимий хизмат олиб боради.
Бундан ташқари, Республика тез тиббий ёрдам марказининг 14 та ҳудудий филиали, 167 та станцияси, 63 та подстанцияси ва 1 436 та таянч пунктида 2860 дан зиёд тез тиббий ёрдам бригадаси одатий тартибда фаолият юритади.

Мамлакатимиздаги барча туғруқ ва болалар даволаш муассасалари ҳам байрам кунларида узлуксиз ишлашда давом этади.
27 май куни Қурбон ҳайити намози ўқиладиган масжидларда ҳам тез тиббий ёрдам бригадаларининг навбатчилиги ташкил этилади.