Сўфиён ва Узунсойда қувончли воқеа — янги бинолар қад ростлади
Ургут туманида аҳолига янада қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида икки маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бинолар фойдаланишга топширилди.
Хусусан, Сўфиён ҳамда Узунсой маҳалла фуқаролар йиғинининг замонавий бинолари тантанали равишда очилди.
Таъкидланишича, мазкур маҳалла биноси вилоят ҳокимлигининг қўшимча маҳаллий бюджети ҳисобидан ажратилган 400 миллион сўм маблағ эвазига қурилган. Янги бино фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, аҳолига қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш, шунингдек, маҳалла еттилиги фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, тумандаги Узунсой маҳалласи учун ҳам замонавий ва барча қулайликларга эга янги бино барпо этилди. Унда маҳалла еттилиги ҳамда фуқаролар учун зарур шароитлар яратилган бўлиб, аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятлари янада кенгайди.
Мазкур бино вилоят ва туман маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 215 миллион сўмга қурилди.
Ҳар иккала тадбирда туман ҳокими Д.Сайидқулов ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи И.Жабборов иштирок этиб, маҳаллалар аҳлини янги маскан билан табриклади, бу каби иншоотлар аҳоли фаровонлиги ва маҳаллалар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирлар давомида қурилиш ва ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этган фаолларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.