Давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона, очиқ ва натижага асосланган тизимини жорий этиш таклиф қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев давлат фуқаролик хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизими ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Янги тизим билан 54 минг нафар давлат хизматчисини қамраб олиш кўзда тутилган. Давлат органлари миллий, республика, ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар даражаларига, ходимлар эса бажарадиган вазифаларига қараб маъмурий бошқарув, асосий ва қўллаб-қувватлаш гуруҳларига ажратилади.
Халқаро тажриба асосида 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткасини жорий этиш таклиф қилинди. Ўндан ортиқ устама ва мукофотлар ўрнига учта асосий рағбатлантириш тўлови жорий этилади.
Жумладан, малака даражаси, ходимнинг функционал вазифаларни бажариши, ижро ва меҳнат интизоми, ташаббускорлиги асосида баҳоланадиган самарадорлик кўрсаткичлари – KPI учун устама тўланади.
Шунингдек, муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарган, инновацион ёндашувларни жорий этган ҳамда юқори натижа кўрсатган ходимларга ҳисобот даври якунлари бўйича бонус тўловлари бериш назарда тутилмоқда.
Ҳудудий бошқармалар ходимларининг иш ҳақи тегишли ҳокимликлардаги ўхшаш лавозимлар маошидан юқори бўлмайди. Туман ва шаҳарларда иш ҳақи ҳамда штат бирликларини белгилашда аҳоли сони ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинади.
Энг муҳими, ҳар бир давлат хизматчиси иш ҳақи қандай шаклланиши, қайси натижа учун устама ёки бонус олишини олдиндан билади. Бу ходимларнинг самарадорлиги, ташаббускорлиги ва масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида адолат ва шаффофликни таъминлаш, иш ҳақини ходимнинг малакаси, масъулияти ҳамда эришган натижалари билан боғлаш муҳимлигини таъкидлади.