Аравачадаги мурда
Спиртли ичимликни муттасил ёки кўп миқдорда истеъмол қилиш нафақат инсон организмига, балки онгига ҳам салбий таъсир қилади. Ароқ ичиб ҳеч ким барака топмаганини, унинг ортидан келган нохушликлар ҳақида такрор-такрор айтилган, қораланган. Аммо айримлар учун тўй-ҳашам ёки бошқа тадбирлар спиртли ичимликларсиз ўтмайди.
Самарқанд шаҳрида яшовчи Ширина Омонова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи Ўткир Наримоновнинг маст ҳолатдаги тортишуви яхшилик билан тугамади.
Ўткир ва Ширина ёш эмас, ҳаётнинг кўп паст-баландини кўрган, аччиқ-чучугуни татиган. Аммо тайинли иши йўқ, кунлик меҳнат қилиб, топганини еб-ичиб юраверади. Улар шаръий никоҳ асосида Ширинанинг уйида, унинг онаси, акаси ва вояга етмаган жияни билан бирга яшайди.
Ёз фасли, август ойининг охирлари эди. Тушлик пайти уларнинг уйига Ширинанинг поччаси Эркин Ортиқов меҳмон бўлиб келди. Эркин мева-чева билан бирга бир шиша ароқ ҳам олиб келган экан. Ширина тезда ҳовлидаги дарахт соясига жой қилди. Овқат тайёрлади. Учови ўтириб овқатланишди, шишани бўшатишди. Ичкилик таъсирида анча маст бўлиб қолишди. Ширина ошхона томонда сабзавот тўғраётганди. Ўткир дастурхон бошига келган товуқни ҳайдаб, унга қарата пичоқ отди. Бу ҳолатдан Ширинанинг жаҳли чиқиб, эрига бақирди. Шу пайт сархуш Эркин ҳам Ширинани ҳақоратлади. Жаҳли чиққан Ширина ғазаб билан келиб, қўлидаги пичоқни поччасининг бўйнига санчиди. Аёл поччасининг кўзлари кўрмаслиги, қолаверса, маст эканлигини, унга қаршилик қилишга ожизлигини билган ҳолда унга қасддан пичоқ санчди. Эркин ўтирган жойида йиқилди, кўп қон йўқотиб, ҳалок бўлди.
Эр-хотин бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермади. Эртаси куни эрталаб Эркиннинг жонсиз танасини болалар аравачасига ортиб, қабристон томон кетаётганда маҳалла раисига дуч келиб қолишди. Раис улардан аравачада нима борлигини сўраганда улар “бакалажка” дейишди. Аммо уларнинг ўзини тутиши раисни шубҳалантирди ва у аравачани кўрмоқчи бўлди. Шунда Ўткир билан Ширина аравачани йўл четида қолдириб, қочиб қолишди. Улар Сартепа масканига бориб, кўп қаватли уйнинг ертўласига яширинди. Эр-хотин бу ерда кўп қолмади. Эртаси куниёқ ИИБ ходимлари томонидан ушланди.
Жиноятга жазо муқаррар, суд Ширинага 13 йил, Ўткирга эса 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Бекзод ПАРПИЕВ,
Бош прокуратура бошқарма прокурори.