Исроилнинг Ғазога ҳужумлари тўхтамаяпти
2025 йил 10 октябрда сулҳ кучга кирганидан бери Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари 1207 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотида 2023 йил октябрь ойидан бери давом этаётган Исроил ҳужумлари натижасида қурбонлар сони бўйича сўнгги маълумотлар келтирилган.
Хабарга кўра, сўнгги 24 соат ичида Исроил ҳужумларида тўрт фаластинлик ҳалок бўлган, жумладан, бир киши аввалги жароҳатларидан вафот этган. Яна ўн тўрт киши яраланган.
2025 йил 10 октябрда сулҳ кучга кирганидан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 1207 киши ҳалок бўлди, 3914 киши жароҳат олди ва вайроналар остидан 803 кишининг жасади топилди.
2023 йил октябрь ойидан бери Исроилнинг Ғазо секторига қилган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 73 333 кишига, ярадорлар сони эса 174 023 кишига етди.
Минглаб жасадлар ҳали ҳам вайроналар остида кўмилгани ҳақида хабарлар мавжуд, аммо жиҳозларнинг етишмаслиги ва Исроилнинг давом этаётган ҳужумлари тез ёрдам ва фуқаролик мудофааси гуруҳларининг уларга етиб боришига тўсқинлик қилмоқда.
Сешанба куни БМТ Бош котиби Антонио Гутеррес Исроил кучларининг босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Фаластин жамоаларига, жумладан, иккита масжидга қилинган ҳужумларни қоралади.
Исроил армияси 2023 йил октябрь ойида Ғазо секторига ҳужум қила бошлаганидан бери босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда фаластинликларга қарши ҳибсга олишлар, рейдлар ва ҳужумлар кўпайди.
Жумладан "Маъмурий ҳибсга олиш" деганда Исроилнинг босиб олинган ҳудудлардан фаластинликларни ҳеч қандай айбловсиз ҳибсга олиши тушунилади. Бунда фаластинликлар нимада айбланаётганини билмасдан ва ўзларини ҳимоя қилиш имкониятисиз олти ойгача ҳибсда ушлаб турилиши мумкин. Бу муддатдан сўнг иш ҳарбий судга ўтказилади, аммо айбловлар билан ҳали таниш бўлмаган фаластинликнинг ҳибсда сақлаш муддати бир неча бор - беш йилгача узайтирилиши мумкин.
Апрель ойида Исроил қамоқхоналарида 9600 дан ортиқ фаластинлик, улардан 3532 нафари маъмурий ҳибсда сақланаётган эди.