Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Исроилда сайловлардан кейин сиёсий инқироз: Нетаньяху бош вазирликдан кетадими?

27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида 99 фоиздан ортиқ овозлар ҳисоблангач, Биньямин Нетаньяху блоки 53 та, унинг рақиби Гади Айзенкот бошчилигидаги мухолифат блоки 48 та мандат олиши прогноз қилинди.

Араб партиялари эса 19 та ўринни қўлга киритиш эҳтимоли бор. Ҳукумат тузиш учун эса 120 ўринли парламентда камида 61 та овоз зарур.
Араб партиялари янги ҳукуматни шакллантиришда ҳал қилувчи кучга айланиши мумкин. Бироқ аксарият яҳудий партиялари улар билан ҳамкорлик қилмаслигини билдирган. Шу сабабли сиёсий музокаралар қийин кечиши ва ҳатто янги сайловлар ўтказилиши мумкин.

Шу билан бирга, Исроилнинг «14-канали» президенти Ицхак Герцог Биньямин Нетаньяхуга яна икки йил бош вазир бўлиб ишлаш, кейин сиёсатдан кетиш эвазига коррупция ишлари бўйича тўлиқ афв этилишни таклиф қилгани ҳақида хабар берди. Бироқ президент маъмурияти бу маълумотни қатъиян рад этиб, уни ёлғон деб атади. Нетаньяху эса ҳозирча сиёсатдан кетиш нияти борлигини эълон қилмаган.
30 октябрь ҳолатига кўра, сайлов натижалари ҳукумат тузиш учун етарли кўпчиликни таъминламади. Президент Ицхак Герцог сиёсий партиялар билан маслаҳатлашувлар ўтказиб, ҳукумат тузиш ваколатини қайси сиёсий етакчига беришни ҳал қилиши кутилмоқда. Исроилда янги ҳукуматни шакллантириш бўйича ноаниқлик сақланиб турибди.