Bizni kuzating

АҚШ ва Исроил Эронга янги зарбалар бериш режаларини тайёрлади

АҚШ ва Исроил ҳарбийлари Конгресс сайловларидан кейин Эронга қарши янги зарбалар бериш бўйича режаларни ишлаб чиққан. Бу ҳақда The New York Times нашри АҚШ расмийлари ва режалар билан таниш манбаларга таяниб хабар берди.

Эҳтимолий нишонлар қаторига Эроннинг ядровий объектлари, энергетика инфратузилмаси, ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) арсеналлари киритилган.
Нефтни қайта ишлаш заводларига (НПЗ) зарба берилмаслиги мумкин. Бу ёқилғи нархининг кескин ошиши хавфини камайтиришга қаратилган.

Икки давлат ҳарбийлари қўшма машғулотларни кучайтирган. Жумладан, Ироқ ҳудуди устида зарба бериш манёврларини машқ қилиш учун парвозлар амалга оширилмоқда.
АҚШда Конгрессга оралиқ сайловлар 2026 йил 3 ноябрда бўлиб ўтади. Матбуот хабарларига кўра, АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан Эронга эҳтимолий янги зарбалар бериш масаласини муҳокама қилган.
Ҳозирча Эронга қарши янги ҳарбий операция бошлаш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган.