Bizni kuzating

"Тилим давлат тили бўлганда ҳимоя қилгани келарман!"

Ҳикоя

Талаба вақтимиз тилшунослик асослари фанидан кекса олим, филология фанлари доктори, профессор Муродқул Тоштемиров бизга дарс берган. Домла узоқ умри давомида кўп қийинчиликларни бошидан кечирган, икки марта инфарктдан омон қолган; кишига ўйчан боқадиган, бир оёғини заиф ташлайдиган, паст бўйли киши эди.

...133 нафар талаба ўтирган каттакон маърузалар залига сукут чўккан. Фақат домланинг бўғиқ овози жимликни бузади. У киши ўз одатига кўра, қатор оралаб юриб, лекция ўқийди:

“Ўрхун-Энасой ёдгорликлари она тилимиз нақадар чуқур илдизга эга эканининг тарихий исботидир. Бу тошбитиклар дунёга Ислом нури келмасидан ҳам аввалроқ – бир ярим минг йил илгари туркий тилимиз давлат тили бўлган замонлардан сўзлайди. Магарки, ўзбек тили ўқитувчиси бўларкансиз, бундан фахрланишингиз, келажакда ўқувчиларингиз кўнглига ҳам шу туйғуни сингдиришингиз керак...”

Муродқул Тоштемиров негадир ҳар сафар мавзуни шу Ўрхун-Энасой битиклари билан боғлаб ўтарди. Тилимиз 1989 йилдагина эмас, узоқ ўтмишда ҳам давлат тили бўлганига урғу берарди. Бунинг сабабини кейинчалик, 3-курсни битирадиган йилимиз тушунганман.

Ёзги имтиҳонлар бораётган ҳаловатсиз кунлар эди. Йўлакдан ўтиб кетаётиб, домлага дуч келиб қолдим.

– Компьютерни тушунасизми? – деди тўсатдан. Мақсадини англамаган бўлсам-да, тасдиқладим.

– Менга ёрдам қилинг, ҳужжатларимни электрон сўрашибди. Кексаларга бу қурғурни ўрганиш осон бўлса экан...

...Шу баҳона у киши билан икки соат давомида яқиндан ҳамсуҳбат бўлиш насиб этди. Гап орасида Ўрхун-Энасой ёзма ёдгорликлари ҳақида илмий тадқиқот олиб боргани, айрим сабабларга кўра, диссертация ҳимоясидан йиқитишгани, анча йил ўтиб ҳимоя қилганини билиб олдим.

Ўғилой Маннонова деган муаллима опамиз курс раҳбаримиз эди. У киши Муродқул аканинг кўп йиллик ҳамкасби бўлганидан хабардор эдим. Бир куни шу опамиздан домлани диссертация ҳимоясидан нега ўтказишмагани ҳақида сўрадим.

– Эҳ-ҳе, қиёмат қўпган, – дея сўз бошлади Ўғилой опа. – Илмий кенгашда ўтирган Мухин деган кимса “Диссертация яхши, аммо юздан ортиқ ўринда Ўрхун-Энасой, Ўрхун-Энасой деб қайта-қайта таъкидланибди. Шу жумлани илмий манбаларда қайд этилганидек Руник-Енисей тарзида тўғрилаб чиқиш мақсадга мувофиқ”, деди.

– Агар бу ёдгорлик рус тилига алоқадор бўлганида шундай қилардим, аммо бу туркий тилларга оид манба. Нега уни ғайри тилда ифодалашимиз керак?

Хона жимжит бўлиб қолди. Мухиннинг боши муттасил ўнга-чапга чайқала бошлади.

– Менга қара, “чуждый элемент”, ҳозирча рус тили “госязык”, билдингми? “Кандидат”лик керак бўлса, шундай ёзасан”, деди вишиллаб.

– Узр, унда ўзбек тили “госязык” бўлганда ҳимоя қилгани келарман.

Диссертантнинг бундай кескин муносабат қилишини ҳеч ким, ҳатто илмий раҳбари бўлган машҳур тилшунос олим Худойберган Жўраев ҳам кутмаган экан. Анчагача “оғзи ошга етганда ахмоқлик қилган” шогирдидан ҳафа бўлиб юрди...”

Домланинг кўнглига бу гапни Яратганнинг ўзи солган эканми, орадан йиллар ўтиб, 1989 йил 21 октябрда она тилимиз давлат тили мақомига эга бўлади. Бир йил ўтиб, Муродқул Тоштемиров филология фанлари номзоди илмий даражасини муваффақият билан ҳимоя қилади.

Бундан аввалроқ, зиёлиларимиз давлат тили мақоми учун Тошкентда митинг ўтказган таҳликали кунларда Жиззахда тинчгина дарс бериб юрган Муродқул акани ғаройиб баҳона билан авахтага тиқиб қўйишгани алоҳида мавзу. Айтишларича, ўша йил 12-19 октябрь кунлари республика бўйлаб, 200 га яқин тилшунос олим “ичиб олиб, тўпалон қилган”.

Ўзбек тилининг чинакам жонкуяри, профессор Муродқул Тоштемиров 83 ёшигача Ўрхун-Энасой ёдгорликларидан фахрланиб, ёшларга ҳам бу туйғуни юқтириб яшади. Сўнг... юзлаб шогирдлари иззат-икром билан у кишини сўнгги йўлга кузатди. Марҳум қабрга қўйилгач, одатдаги савол янгради:

– Биродарлар, Муродқул муаллим қандай инсон эди?

– Жасур инсон эди, – аста шивирладим.

Орифжон ОДИЛОВ.