Мутахассисларни ҳам лол қолдираётган замонавий касалликлар

Замонавий тиббиёт юксак даражаларга етиб, шифокорлар мўъжизавий амалларни бажариб келаётган бўлишига қарамай, бугунги кунда ҳам кўплаб сирли ва кўпинча даволаб бўлмайдиган касалликлар бор. Бу касалликлар ҳатто энг машҳур ва тажрибали тиббиёт мутахассисларини ҳам довдиратиб қўяяпти.
Моргеллон синдроми

Сирли касаллик бемор терисида доимий қичишиш ва ачишиш ҳисларини келтириб чиқаради, касаллик ривожланиши билан терида яралар пайдо бўлади ва улардан келиб чиқиши номаълум бўлган толалар чиқиб келади. Бир қарашда бу одатий тери касаллигидек туюлиши мумкин, аммо кўплаб тадқиқотларга қарамай, унинг асл табиати ҳали ҳам аниқланмаган. Баъзи шифокорлар буни руҳий бузилиш оқибати деб айтса, бошқалари ҳолатнинг аниқ жисмоний асослари борлиги ҳақида гапиришади.
Берардинелли липодистрофияси
Ушбу ҳолатда танадаги ёғ тўқимаси бўлиши кутилган жойларда, масалан, тери ости қатламида эмас, бутунлай бошқа - жигар ва бошқа ички аъзоларда тўпланади. Натижада, касалликка чалинган инсонлар мушаклари жуда аниқ ва бўртиб турадиган спортчиларга ўхшаб қолади. Жусса чиройли кўрингудек бўлса-да, вазият умуман ҳавас қилгудек эмас: касаллик ақлий ривожланишдаги енгил нуқсонлар ҳамда ички аъзолардаги жиддий патологиялар билан кечади. Бундай ҳолат дунё бўйлаб тахминан ҳар 10 миллион боладан 1 нафарида аниқланади.
Бенжамин Баттон синдроми

Бу шундай ҳолатки, унда ёши етган инсон тескари ривожланиш жараёнини бошдан кечиради, яъни унинг ақлий қобилиятлари босқичма-босқич пасайиб бориб, охир-оқибат бемор гўдак ҳолатига қайтади.
«Пиво заводи» синдроми
Бу овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятининг бузилиши билан кечадиган тиббий ҳолатдир. Бундай касаллиги бор одамнинг ошқозонига тушган озиқ-овқат миқдори унинг кучли маст бўлиши учун етарли даражада спиртга айланади. Натижада, ҳеч қандай спиртли ичимлик истеъмол қилмайдиган “пияниста” кейинчалик алкоголизм оқибатида ҳалок бўлиши мумкин.
Прозопагнозия

Сиртдан ҳеч қандай жисмоний белгилари мавжуд бўлмаса-да, бу касаллик азият чекувчилар учун жиддий ноқулайликлар туғдиради. Бундай инсонлар нафақат бошқа одамларнинг, ҳатто ўзларининг ҳам юзларини эслаб қолишга қодир эмас. Муаммонинг кўриш қобилияти билан боғлиқлиги йўқ, беморлар юз тузилишини жуда яхши кўра олади, бироқ уни хотираларида сақлаб қола ололмайдилар.
Фибродисплазия
Бу шундай ҳолатки, унда барча мушак ва пайлар аста-секин суяк тўқимасига айланиб боради. Оқибатда инсон тирик ҳайкалга айланади. Бу жараён юрак мушаклари, кўз мушаклари, диафрагма ёки тилга таъсир қилмайди. Бемор яшашда, нафас олишда ва кўришда давом этса-да, у бутунлай ҳаракатланиш имкониятини йўқотади. Ҳозирги кунга қадар бундай ҳолатларнинг атиги юзтаси маълум.
Ихтиоз

Қалинлашиб ва қаттиқлашиб борадиган терида чуқур ёриқлар пайдо бўлиб, улар ромб шаклидаги нақшларни ҳосил қилади. Шунингдек, бурун, оғиз ва кўзлар шакли ҳам ўзгаради. Шу сабабли, ушбу ҳолат "Арлекин синдроми" деб аталади. Бундай ҳолатлар амалиётда жуда кам учраши боис, замонавий тиббиётда ўта батафсил даволаш протоколлари ишлаб чиқилмаган. Лекин учраб турадиган беморлар муваффақиятли даволаниб келмоқда.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.