Bizni kuzating

Фарзандингиз учун вақт ажратяпсизми?

"Ҳаммаси боламнинг келажаги учун!" деймиз. Ишлаймиз, пул топамиз, кийим олиб берамиз, ўқишга, тўгаракка, репетиторга юборамиз. Шу ташвишлар орасида ўзимизга бир саволни ҳам беришимиз керак: фарзандимизнинг бугунги ҳаётида қанчалик иштирок этяпмиз? Унинг орзусини, қўрқувини, қизиқишини биламизми? Охирги марта қачон телефонимизни четга қўйиб, гапини бўлмасдан тингладик?

Дунё тажрибасида ота-оналарнинг фарзанд таълимига ажратадиган вақти турлича. Varkey Foundation ташкилотининг 2018 йилда эълон қилинган, 29 мамлакатдаги 27 500 нафар ота-онани қамраб олган сўровномасида келтирилишича, Ҳиндистонда — 12 соат, Вьетнамда — 10,2 соат, Туркияда — 8,7 соат, АҚШда — 6,2 соат, Буюк Британияда — 3,6 соат, Финландияда — 3,1 соат ва Японияда 2,6 соат вақт ажратилар экан.

Бу — ўша даврдаги сўров натижалари; фарзанд билан ўтказиладиган жами вақт эмас, балки унинг ўқишига ёрдам бериш учун ажратиладиган вақтдир.

Рақамлардан «Қанча кўп дарс қилдирилса, натижа шунча яхши бўлади», деган хулоса чиқариш тўғри эмас. Уй вазифасининг ҳажми, мактабдаги таълим ва боланинг мустақил ишлаш имконияти ҳам аҳамиятли. Финландия ёки Япониядаги нисбатан кам вақтни ота-оналарнинг бефарқлиги деб талқин қилиб бўлмайди. Ушбу сўров таҳлилида ҳам уй вазифасига кўп ёрдам беришнинг ўзи юқорироқ тест натижасини кафолатламаслиги таъкидланган.

Болага ажратилган вақтнинг мазмуни муҳим: бирга китоб ўқиш, саволларига жавоб излаш, фикрини тинглаш, мустақил ечим топишига имконият бериш. Тайёр жавобни айтиб қўйишдан кўра, «Сен буни қандай тушундинг?» деб сўраш ҳам таълимга эътибордир.

Таълимга эътибор — тараққиёт калити. Чунки билимли, мустақил фикрлайдиган ва масъулиятли бола келажакда малакали мутахассис, ташаббускор инсон бўлиб етишиши учун асос яратилади. Мамлакатнинг эртанги ўқитувчиси, шифокори, муҳандиси ва олими бугун бизнинг оиламизда, синфхонамизда улғаймоқда. Уларнинг саволига муносабатимиз ҳам келажакка қўшган ҳиссамиздир.

Ўзбекистондаги ҳолат бизга нимани кўрсатади?

Оилавий яқинлик, бува-бувиларнинг кўмаги ва фарзандни ўқитишга интилиш — биз таянишимиз мумкин бўлган қадриятлар. Бироқ оилавий меҳрни мунтазам, онгли иштирок билан мустаҳкамлаш зарур.

2021–2022 йиллардаги MICS тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда 2–4 ёшли болаларнинг сўнгги уч кунда отаси билан камида тўрт турдаги ривожлантирувчи фаолиятда қатнашганлари 5,2 фоизни, онаси билан қатнашганлари эса 44,4 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич барча оталарнинг тарбиядаги иштирокини ёки кунлик мулоқот дақиқаларини ифодаламайди. Аммо кичик ёшдаги болалар билан машғул бўлишда ота ва она иштироки ўртасидаги сезиларли фарқни кўрсатади.

Муҳокама қилишимиз керак бўлган муаммолар бор.

Биринчиси — тарбия масъулиятини асосан онага юклаш. «Мен пул топяпман, онаси шуғуллансин», деган ёндашув ота билан фарзанд ўртасидаги кундалик мулоқотни чеклайди. Ота ҳам боланинг дўстлари, қизиқишлари ва қийинчиликларини билиши муҳим.

Иккинчиси — таълимга эътиборни баҳо ва сертификат билан ўлчаш. Суҳбат фақат «Неча олдинг?» деган саволдан иборат бўлса, боланинг нимани тушунгани, нимадан қийналаётгани ва нимага қизиқиши эътибордан четда қолиши мумкин. Ютуқни қадрлаш билан бирга ҳаракатни, изланишни ва хатодан ўрганишни ҳам рағбатлантириш керак.

Учинчиси — телефон оилавий мулоқотни бўлиши. Болага «Телефонни қўй!» дейишдан олдин, у биз билан гаплашаётганда ўзимиз экрандан бош кўтаряпмизми, деб ўйлашимиз лозим.

Тўртинчиси — вақт ва имкониятлар тенг эмаслиги. Узоқ иш куни, меҳнат миграцияси, рўзғор юки ва чарчоқни ҳисобга олмасдан туриб, барча ота-онани бир хил баҳолаб бўлмайди. Оилага амалий кўмак ҳам керак.

Ечимни бугундан бошлаш мумкин. Бунинг учун:

- Кун тартибида фарзанд учун муайян вақт белгиланг. Масалан, дастлаб ҳар куни 20–30 дақиқа телефонсиз суҳбат, ўйин ёки китоб ўқишдан бошланг. Бу қатъий меъёр эмас; вақт боланинг ёши ва эҳтиёжига мос бўлсин.

- Ҳар бир фарзандни алоҳида тингланг. «Бугун сени нима қувонтирди?», «Қайси иш сенга қийин бўлди?», «Мендан қандай ёрдам кутяпсан?» — оддий саволлар яқин суҳбатга йўл очади.

- Ота ва она масъулиятни бўлишиб олсин. Китоб ўқиш, сайр, дарсга кўмак ва мактаб билан мулоқотда ҳар иккисининг мунтазам иштироки бўлсин. Узоқда ишлаётган ота-она эса келишилган вақтда қўнғироқ қилиб, боланинг кундалик ҳаёти билан қизиқсин.

- Боланинг ўрнига вазифа бажарманг. Йўл-йўриқ кўрсатинг, савол беринг, мустақил уринишига вақт қолдиринг. Ўқиш билан бирга дам олиш ва эркин ўйинга ҳам шароит яратинг.

- Мактаб ва маҳалла ота-онага амалий ёрдам берсин. Учрашувларда болани тинглаш, ўсмир билан келишиш, китобхонлик ва рақамли одатлар бўйича қисқа машғулотлар ўтказилсин. Оталар ҳам бевосита таклиф этилсин.

- Оилага қулай ижтимоий шароит яратиш. Иш берувчилар имкон бор жойда мослашувчан иш вақтини қўлласин. Маҳаллаларда хавфсиз ўйин майдонлари, кутубхоналар ва ҳамёнбоп тўгараклар кўпайсин.

Фарзандга ажратилган вақт — уни билиш, тушуниш ва қўллаб-қувватлаш имконияти. Таълимга эътибор эса оила билан мактабнинг ҳар кунги ҳамкорлигида намоён бўлади.

Бугун фарзандингиздан: «Мен сен билан кўпроқ нима қилишимни хоҳлайсан?» деб сўранг. Жавобини тингланг ва шу истак учун вақт белгиланг.

Алишер Эрназаров,

доцент.