АҚШ илк бор космосга қурол жойлаштирганини тан олди
АҚШ орбитада космик маконни назорат қилишга мўлжалланган қуролларга эга эканини маълум қилди.
Бу ҳақда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари вазири Трой Мейнк Вашингтон яқинида ўтказилган Ҳаво ва Космик кучлар ассоциацияси конференциясида айтди.
Унинг сўзларига кўра, орбитадаги тизимлар АҚШ Қуролли кучларини эҳтимолий душман ҳаракатларидан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган.
“Ҳозирда АҚШ орбитада космик маконни назорат қилишга мўлжалланган ва Қуролли кучларимизни душманларнинг тажовузкор ҳаракатларидан ҳимоя қила оладиган қуролларга эга”, – деди Мейнк.
Вазир ушбу тизимларнинг тури ва имкониятлари ҳақида батафсил маълумот беришдан бош тортди. Унинг таъкидлашича, АҚШ учун нафақат ҳавода, балки космосда ҳам устунликни сақлаш муҳим. Чунки бошқа давлатлар Америка космик салоҳиятига таҳдид солиши мумкин бўлган воситаларни ишлаб чиқмоқда.
АҚШ шунингдек, “Олтин гумбаз” ракетадан мудофаа дастури доирасида космосга жойлаштириладиган ракета тутиб қолувчи қурилмаларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Тизимнинг дастлабки имкониятларини 2028 йилга қадар шакллантириш режалаштирилган.
Россия аввалроқ космосда қуролларни ишлаб чиқиш ва жойлаштириш янги қуролланиш пойгасига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Москва, хусусан, АҚШнинг “Олтин гумбаз” лойиҳасини танқид қилган.
Космосда ҳарбий тизимларнинг кўпайиши АҚШ, Россия ва Хитой ўртасидаги стратегик рақобатни янада кучайтириши мумкин.