АҚШ ва Эрон музокаралари ҳақида турлича баёнотлар берилмоқда
Дональд Трамп АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар бугун, 3 август куни бошланишини маълум қилди. Унинг айтишича, бу келишув кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши ва кескинликни камайтириши мумкин.
Трамп аввал Эронга кучли зарба беришни режалаштирганини, аммо Эрон, Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирлиги бундай ҳаракатни тўхтатишни сўраганини айтди. Унинг фикрича, томонлар келишувга яқинлашган.
АҚШ раҳбари асосий масалалар сифатида Ҳурмўз бўғозида кемалар қатнови ва Эроннинг ядровий дастури бўйича келишувни қайд этди. У дипломатик йўл билан ечим топишга ҳаракат қилаётганини билдирди.
Маълумотларга кўра, Қатар ва Покистон АҚШ ҳамда Эрон ўртасидаги музокараларда воситачи бўлиши мумкин. Музокаралар тўғридан-тўғри эмас, балки воситачилар орқали ўтказилиши кутилмоқда.
Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ билан ҳозирча ҳеч қандай музокара олиб борилмаётганини таъкидлади. Вазирлик фақат Уммон билан Ҳурмўз бўғозида хавфсиз кемалар қатнови масаласини муҳокама қилаётганини билдирган.