Bizni kuzating

Трамп Эронга қарши «иқтисодий уруш» бошланганини эълон қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши кенг кўламли иқтисодий босим кампанияси бошланганини маълум қилди. Унинг айтишича, Теҳрон Вашингтон билан келишувга эришиш имкониятларидан фойдаланмаган.
 
«Шунинг учун бугун мен тарихда бирор давлатга қарши қўлланилмаган энг қаттиқ иқтисодий операция бошланаётганини эълон қиламан. Бу мисли кўрилмаган даражадаги иқтисодий уруш ва изоляция бўлади. Уларнинг ҳарбий-денгиз флоти йўқ қилинган, ҳарбий-ҳаво кучлари йўқ қилинган, ҳарбий заводлари вайронага айланган, валютаси қадрсизланган ва мамлакат оғир аҳволга тушиб қолган», деб ёзади у «Truth Social»да.

Трамп АҚШ Эронни халқаро иқтисодий тизимдан янада қаттиқроқ изоляция қилишни режалаштирмоқда. Трамп, шунингдек, Эронга ҳар қандай шаклда ёрдам берадиган давлатлар ҳам жиддий иқтисодий оқибатларга дуч келишини таъкидлади. Вашингтон нафақат Эроннинг ўзига, балки у билан савдо қилаётган ёки молиявий алоқаларни сақлаб қолаётган давлат ва компанияларга қарши ҳам чоралар кўриши мумкинлигини билдирган.

Хабарларга кўра, янги босим чоралари Эрон нефть савдоси, молиявий операциялари, пул ўтказмалари ва воситачи компаниялар фаолиятини нишонга олади. Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, бу иккинчи даражали санкциялар орқали Эроннинг асосий савдо ҳамкорларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликлари Эрон билан савдо ва молиявий операцияларни тўхтатганини маълум қилди. Бу қарор Эроннинг минтақадаги иқтисодий алоқаларига қўшимча зарба сифатида баҳоланмоқда.

Экспертлар эса янги иқтисодий босим Эронни музокараларга қайтаришга ёрдам бериши мумкинлигини айтмоқда, аммо Теҳрон ҳозирча ташқи босим остида ён бериш нияти йўқлигини билдирмоқда.