Трамп ва Си  нималар ҳақида гаплашди?

Си Цзиньпиннинг бу сафарги АҚШга ташрифи, таҳлилчиларга кўра, кутилганидек натижа бермади.
Си охирги марта Америкага 2023 йилда ташриф буюрган, ўшанда унинг Калифорния бўйлаб турнеси бўлиб ўтган эди. Байден билан ўтказган музокараларни муваффақиятли деб бўлмасди, томонлар учрашув якунлари бўйича ҳатто расмий кечки овқатни ҳам бекор қилишган эди.
Трамп ўтган баҳорда ЭИРдаги уруш фонида ХХРга боради. Ўшанда у АҚШдан кўпроқ маҳсулот сотиб олишни ялиниб сўрагани айтилади.

Жавоб ташрифининг асосий мавзуи сунъий интеллект, чиплар ва компьютер хотираси бўлди. Кун тартибида, шунингдек, савдо урушлари ва ЭИРдаги вазият бор эди.
Оқ уй ХХР делегациясини ҳар томонлама хурсанд қилишга ҳаракат қилди. Трамп ярим асрлик анъанани бузиб, Цзиньпинни дунё етакчилари учиб келадиган Эндрюс авиабазасида шахсан кутиб олди. Буюк Британия бош вазири Макмиллан 1962 йилда шундай кутиб олинган эди.
Май ойида Пекин аэропортида Трампни ХХР раҳбариятидан ҳеч ким қаршиламаган эди. Етакчилар император саройидагина учрашганди.

Оқ уй оралиқ сайловлар олдидан Чин билан манфаатли савдо битимни таъминлаш ёки лоақал амалдаги омонат тариф сулҳини сезиларли муддатга узайтиришни умид қилган эди. Иккаласига ҳам эришиб бўлмади.

Ўтган йили ХХР божларга жуда қаттиқ жавоб кайтарди ва Америка бозорига камёб ер металлари етказиб беришни кескин чеклаб қўйди. АҚШ саноатини ҳалокат ёқасига келтириб қўйганди. Яқиндагина камёб ер металларининг маълум бир экспорти қайта тикланади.

Пекин ноябрь сайловлар якунлари бўйича Штатларда юз бериши мумкин бўлган сиёсий воқеликнинг эҳтимолий ўзгаришига очиқчасига тайёргарлик кўрмоқда. Агар Трампнинг рақиблари ғалаба қозонса, келгуси йили Оқ уйнинг позицияси заифлашади, бундан эса ХХР фойдаланади.

Учрашувда геосиёсий масалалар — ЭИР ва Тайвань алоҳида ўрин эгаллади. Икки мавзуда ҳам якдилликка эришилмади.
Форс кўрфазидаги урушга ботиб қолган АҚШ позицияларининг ҳозирги заифлашуви ХХР истеблишментини тўлиқ қониқтириши мумкин. Пекин айнан ҳозир ўз салоҳиятини оширмоқда.
Трампнинг ЭИР кампаниясида энг кўп ютқазганлардан бири Тайвань бўлди. Орол аллақачон имзоланган контрактлар бўйича АҚШдан 30 млрд долларлик қурол-яроғни ололмади. Бунга ҳарбий аслаҳанинг тугаб бораётгани ва ҳарбий-саноат мажмуаси имкониятларининг ҳаддан ташқари зўриқиши сабаб бўлмоқда. Трамп Пекин билан музокаралар туфайли Тайбэйга тўғридан-тўғри траншлар ажратишни музлатиб қўйишга мажбур.

3 ноябрдаги Конгресс сайловлари арафасида ғалабани таъминлаш умидида бирданига сиёсатнинг барча муҳим халқаро йўналишларда ишни давом эттирмоқда. Яқин Шарқ йўналишида чиқиб бўлмайдиган берк кўча ҳолати мавжуд. ХХР билан музокаралар эса жуда оғир кечмоқда.
Шу сабабли яқин бир ой турли халқаро фаолиятга бой бўлиши аниқ...

Аброр ХОН,
сиёсий шарҳловчи