АҚШда ўзбекистонлик мигрант ҳайдовчи билан боғлиқ ҳодиса катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда

Огайо штатида 42 ёшли Бекзод Асроров бошқарувидаги юк машинаси Honda Accord русумли енгил автомобиль билан тўқнашган. Оқибатда 21 ёшли футболчи Тобиас Форсайт ҳалок бўлган. Хабарларга кўра, ҳайдовчи воқеадан сўнг далилларни йўқ қилишга уринган.
 
Ҳодиса жойига етиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Б.Асроров инглиз тилини билмаслигини аниқлаган. Шу сабабли у билан мулоқот қилишда Google Tarjimon хизматидан фойдаланилган.
АҚШ транспорт вазири Шон Даффи ушбу фожиага муносабат билдириб, инглиз тилини билмайдиган мигрантларга юк машинаси ҳайдовчиси сифатида ишлашни тақиқлаш таклифини илгари сурди.
«Асроровга ўхшаган, йўл белгиларидаги ёзувларни ўқий олмайдиган ёки полиция ходимлари билан мулоқот қила олмайдиган ҳайдовчиларнинг Америка автомагистралларида 36 тоннали юк машинасини бошқаришига йўл қўя олмаймиз», деди Шон Даффи.